“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг жорий йилдаги иккинчи сони нашр этилди.
Журналнинг дастлабки саҳифаларидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаеванинг “Мажбурий меҳнатга қарши курашишнинг долзарб тенденциялари: натижалар ва истиқболли режалар” номли мақоласи ўрин олган. Мазкур мақолада “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғояси асосида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар кенг ёритилган. Жумладан, республикамизда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистонда бандликка кўмаклашиш миллий стратегияси ишлаб чиқилаётгани ва мазкур стратегияни амалга оширишнинг мақсадли йўналишлари баён этилган.
Мақолада таъкидланганидек, 2021 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат бўйича 2021 – 2025 йилларга мўлжалланган Мамлакат дастури қабул қилинди. Дастурда асосий эътибор халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда муносиб меҳнат тамойилларини илгари суришга, норасмий бандликни қисқартириш, ижтимоий ҳимоя масалаларига қаратилган.
Шунингдек, мақолада одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилиши кўзда тутилган истиқболли режалар ҳам батафсил шарҳланган.
“Аёлларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари” рукнида тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамованинг “Мустаҳкам оила ва фаол хотин-қизлар жамият фаровонлигини белгилайди” номли мақоласи ҳам диққатга сазовордир. Мақолада юртимиз аёлларининг қадрини улуғлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган мақсадли ва тизимли чора-тадбирлар ҳамда мазкур соҳада эришилаётган ютуқлар баён қилинган. Шунингдек, жамиятимизда оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсатининг аҳамияти ёритилган.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановнинг “Меҳнат муносабатларида гендер тенглиги: хотин-қизларга яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар” номли мақоласида эса хотин-қизларни уларнинг қизиқиши ва иқтидоридан келиб чиқиб муносиб иш фаолияти билан банд этиш, аёлларни касб-ҳунарларга имтиёзли асосда ўқитиш, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш каби долзарб масалалар ёритилган. Мақола сўнгида, “Аёл меҳнатидан рози бўлса, турмуши фаровонлашади, оила ҳам мустаҳкамланади. Бахтли ва ҳамжиҳат оилалар эса мамлакатимиз барқарор тараққиётини таъминловчи энг муҳим омил ҳисобланади”, дея хулоса чиқарилган.
Эътиборга молик мақолалардан яна бири – Қозон давлат университетининг халқаро ва Европа ҳуқуқи кафедраси мудири, юридик фанлар доктори, профессор Адель Абдуллиннинг рус тилида чоп этилган “Соотношение и взаимодействие международного частного права и международного публичного права: генезис, нормы, системность” номли мақоласидир. Унда халқаро хусусий ҳуқуқ ва халқаро ижтимоий ҳуқуқ тушунчаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти батафсил таҳлил қилинган.
Қадрли журналхонларимизни ИИВ Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи полковник Рустам Турсунов билан ташкил этилган суҳбат ҳам беэътибор қолдирмаслигига аминмиз. Унда сўнгги беш йилда жазони ижро этиш тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлаш мақсадида бажарилган амалий ишлар, маҳкумлар ўз ҳуқуқларидан фойдаланишлари учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўз борган.
Журналимизнинг ушбу сонида жаҳон адабиётининг улкан намояндаси, буюк адиб Лев Толстой ижоди ихлосмандлари учун ҳам муносиб совға ҳозирланди. Академик Акмал Саидовнинг «“Уруш ва тинчлик” фалсафаси: сараланган ҳикмат дурлари» номли мақоласида “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеяси ҳақида муфассал шарҳ ҳамда асарнинг ўзбек тилидаги таржимасидан саралаб олинган ҳикматли фикрлар тақдим этилган.
Шунингдек, журнал саҳифаларидан ўрин олган А.Пўлатов, У.Пирмуҳамедова, Ж.Исламов, А.Юлдашев, Ҳ.Юнусов, Х.Файзиев, С.Саидова, А.Шодиев, Ш.Алиев, Ш.Рахимов, М.Нажимовнинг ўзбек тилидаги, Д.Муратова, Б.Умирзаков, А.Муродов, Ф.Джураев, С.Гафурова, С.Шадманова, Т.Қочқоровнинг инглиз тилидаги, Г.Абдурахманова, Ф.Хамдамова, Л.Саидова, Ш.Тиллабоев, Ш.Салиева, А.Эгамбердиев, Н.Ибрагимова, Х.Ражабов, К.Худжамованинг рус тилидаги мақолалари ҳам долзарб мавзуларга бағишлангани билан аҳамиятли.
Эслатиб ўтамиз, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали халқаро идентификация рақамига (doi®) эга. Шунингдек, журнал Олий аттестация комиссиясининг сиёсий фанлар, ҳуқуқшунослик, фалсафа, тарих, исломшунослик ва социология фанлари бўйича диссертация асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритилган. Журналнинг янги сонини www.dhrjournal.uz веб-сайти орқали онлайн тўлов йўли билан харид қилишингиз мумкин.
Мароқли мутолаа завқи ҳамроҳингиз бўлсин!
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали таҳририяти
- Қўшилди: 13.06.2022
- Кўришлар: 3586
- Чоп этиш