Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида мамлакатимиздаги Конституциявий ислоҳотларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда вазирлик ходимлари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўқитувчи-профессорлари, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси Aкмал Саидов Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифалар, халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби мақсадлар мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш заруратини юзага келтирганини қайд этди.
Ўтган давр мобайнида жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий- ижтимоий ва маданий ҳаётида туб ўзгаришлар бўлди. Бу эса Бош қомусимизда “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилларини мустаҳкамлаш, турли ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари бош мезон бўлишини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлигини, ерга эгалик қилиш ҳуқуқини, фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини конституциявий даражага кўтариш, давлат ҳокимияти асосларини такомиллаштириш долзарблигини кўрсатмоқда.
Конституциявий комиссия томонидан аҳоли фикр ва таклифларини қабул қилиш ишлари тизимли йўлга қўйилди. Натижада, юртимизда олиб борилаётган Конституциявий ислоҳотларда нафақат олимлар, ҳуқуқшунослар, мутахассислар, балки фуқароларнинг ўзи ҳам бевосита иштирок этмоқда.
Билдирилган таклифларнинг таҳлили халқимизнинг мамлакатда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришларга бефарқ эмаслигини, фуқаролар ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишга интилаётганлигини кўрсатмоқда.
Таъкидлаш жоизки, халқимиз томонидан берилган таклифлар, шунингдек давлатимиз раҳбарининг Комиссия аъзолари билан учрашувида “инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак” деган тамойил асосида берилган таклифлардан келиб чиқиб “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси тайёрланди.
Конституциявий қонун лойиҳаси Конституциямизнинг 60 дан ортиқ моддаларига 200 дан ортиқ тузатишларни назарда тутмокда. Конституцияга ўзгартишлар “инсон-жамият-давлат” принципига асосланган.
Таъкидлаш лозимки, Конституциявий тузатишлар, авваламбор, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб бўлган фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга, ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланади.
Ўзбекистон ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий демократик давлат эканлиги, “Инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади” эканлиги белгиланмоқда. Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар аввало “Инсон қадри учун”деган тамойилни рўёбга чиқаришга қаратилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда Конституциявий ислоҳотлар жараёни қизғин паллага кирди. 25 июндан бошланган умумхалқ муҳокамаси натижаси умумлаштирилиб, қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилади.
Унинг натижаларига кўра, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилади.
Бугунги кунда минглаб фуқароларимиз, нуроний ва ёшларимиз, турли миллат вакиллари, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, умуман жонажон Ўзбекистонимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз ўз таклифларини юборишда давом этмоқдалар. Чунки, ҳар бир инсон ушбу ҳужжатни меники, Менинг Конституциям дейиши, унда ўзини, оиласини, маҳалласини, жамият ва давлатни йиллар давомида безовта қилиб келган муаммоларини ечимини унда кўриши муҳим.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти
- Қўшилди: 28.06.2022
- Кўришлар: 4055
- Чоп этиш