Норасмий манбаларга кўра, Туркияда 50 минг атрофида ўзбек миллатига мансуб ватандошларимиз истиқомат қилади.
Уларнинг аксарияти ўтган аср 20-30-йилларида Ўзбекистондан чиқиб, Афғонистон, Покистон, Саудия Арабистони орқали 50-йиллар бошидан Туркияда ўрнашиб қолганлар.
Ота-бобоси марғилонлик, ўзи Кобулда туғилган Чағатой Кочар шу тоифа ўзбеклардан. Касби журналист, маҳаллий матбуотда, халқаро “Озодлик” радиосининг ўзбек бўлимида 21 йил меҳнат қилган. Ҳозир Аданада яшайди.
- Ота юртимда содир бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатиб бораман. Ўзбекистон Конституциясига ўзгариш ва тузатиш киритилаётганидан ҳам хабарим бор, - дея, кекса журналист Чағатой Кочар суҳбатимизни мамлакатимизда бошланган қомусий ислоҳотларни Туркия Конституцияси билан қиёслаб давом эттирди.
Туркиянинг амалдаги Конституцияси 1980 йил 12 сентябрдаги ҳарбий тўнтаришдан кейин икки йил ўтиб қабул қилинган. 40 йил давомида Асосий қомусга 21 марта ўзгариш киритилган. Ўша даврдаги ҳарбий маъмурият топшириғи билан конституциявий кенгаш томонидан ишлаб чиқилган дастлабки матн, туркларнинг ўз тили билан айтганда, ҳарбий Конституция эди.
Қолаверса, Туркия 1959 йил Европа Иттифоқига кириш учун ариза топширган, тўрт йил ўтиб ҳукумат ЕИ билан ҳамкорлик шартномасини имзолаган. Бу ҳужжатда Анқара Европа уйига кириш учун бажариши шарт бўлган вазифалар белгилаб қўйилган. Ўша ҳужжат ҳалиям кучини йўқотмаган, чунки барча шартлар бажарилмагунича Туркия томони тегишли бандларга амал қилиши лозим.
1999 йил 10-11 декабрь кунлари Хельсинкида ўтган ЕИга аъзо давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари саммити Туркия учун тарихий аҳамиятга эга қарор қабул қилади: Туркияга ЕИ аъзолигига номзод мақоми берилади.
Орадан олти йил ўтиб, яъни 2005 йил октябрь ойида ЕИ билан расмий музокара бошланади. Тортишув ҳалиям қизғин давом этяпти. Орадан шунча йил ўтганига қарамай, Туркия ЕИга кириш ниятидан қайтмаган.
Туркия Конституциясига 1995 ва 2001 йилларда анча муҳим тузатиш ва ўзгаришлар киритилган. Энг аввало, қомуснинг инсон ҳуқуқи ва эркинлиги ҳақидаги бандлари Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Европа конвенциясига мослаштирилган.
2014 йилгача Туркияда президент парламент сессияси ёки йиғилишида сайланар эди. Ёпиқ овоз бериш йўли билан давлат раҳбари танлаб олинарди. Конституцияга киритилган ўзгариш туфайли президет халқ томонидан, яъни росмана сайлов натижасида сайланадиган бўлди.
Конституциявий ислоҳот қандай вазиятда амалга оширилади, деган саволимизга туркиялик журналист қуйидагича жавоб қайтарди:
- Асосий ҳужжатни ўзгартириш ёки тузатиш аксарият ҳолларда давлат ва жамиятни модернизация қилиш ёхуд сиёсий, иқтисодий ёки ижтимоий инқирозга йўл қўймаслик, салбий ҳаракатлар оқибатини бартараф этиш доирасида амалга оширилади.
Туркия мисолида айтиб ўтганимдек, Конституцияга ўзгариш киритиб турилишини ижобий баҳолайман. Буни бошқа давлатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Яъни, айтмоқчиманки, Ўзбекистоннинг қомусий ислоҳот ўтказиш нияти ғайридемократик амаллар сирасига кирмайди.
Менинг кузатувларимдан чиқадиган хулоса шу: мамлакат Конституциясига ўзгариш ва тузатиш киритиш бўйича амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар муҳим ва аҳамиятли. Ҳар бир иш ўз вақтида бажарилгани афзал.
ЎзА шарҳловчиси
Аброр Ғуломов суҳбатлашди.
- Қўшилди: 30.06.2022
- Кўришлар: 3618
- Чоп этиш