Давлат рамзлари – Ватаннинг ёрқин тимсоллари

Мамлакатимиз тарихининг қайси бир даврини олиб қарамайлик, давлат рамзлари Ватан тимсоли сифатида ҳамиша азиз ва муқаддас саналган. 2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун арафасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни имплементация қилиш бўлими бошлиғи Ўткир ОЧИЛОВ билан айни шу мавзуда суҳбатлашдик.

 

– Аввало, тамға, яъни герб тарихи ҳақида тўхталсангиз?

 

– Ўзбекистон ҳудудида пайдо бўлган илк давлат ва ҳуқуқ рамзларидан бири тамғалар бўлган. Тамғалар дастлаб қадимги уруғларни бир-биридан фарқловчи белгилар вазифасини бажарган бўлса, кейинчалик давлатга тааллуқлиликни ифодалаб, байроқ, муҳр, пуллар, ёрлиқлар ва бошқаларда акс эттирилган.

Амир Темур давлатида тамға – бир-бирига боғланган уч халқадан иборат тасвирдан иборат бўлган. Бу тасвир тангалар, муҳрларга туширилган. Тамғада уч халқа тасвиридан ташқари “рости-русти” ибораси ҳам ёзилган. Ушбу ибора Оқсарой дарвозасининг пештоқида ҳам бўлган.

Унинг мазмуни айрим тадқиқотчилар томонидан “агар адолатли бўлсанг, ҳар бир ишда омад ёр бўлади” деган маънода таърифланган бўлса, бошқалари томонидан “куч – адолатдадир” сифатида тавсифланади. Ҳар икки талқин ҳам бу ибора давлатни адолатли бошқариш тўғрисида давлат шиори бўлганлигини кўрсатади.

 

– Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши жараёни қандай муддат ва босқичларни қамраган?

 

– 1991 йил 15 февралда «Ўзбекистон давлат байроғи ва давлат герби эмблемаларини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги парламент қарори қабул қилинган.

Давлат байроғи, герби ва мадҳиясини ишлаб чиқиш бўйича конституциявий комиссиянинг эксперт гуруҳи тузилган. Унинг таркибида Фанлар академияси президенти М. Салоҳиддинов, халқ ёзувчиси П. Қодиров, академиклар А. Асқаров ва Б. Аҳмедов бўлган.

Давлат байроғи ва герби чизмалари бўйича таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида махсус парламент комиссияси тузилган. Парламент комиссияси таркибига таниқли рассом ва санъатшунослар, маданият ва санъат арбоблари, жумладан, Б. Жалолов, Р.Аҳмедов, Ж.Умарбеков, Н. Аҳмедова, шунингдек, ҳуқуқшунос ва сиёсатшунос олимлар кирган.

Давлат герби лойиҳасига танлов ўтказилган. 1991 йил июнь ойида эълон қилинган герб лойиҳасига дастлабки танловда мутахассислар билан бирга кенг жамоатчилик ҳам иштирок этган.

Давлат герби лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилинган. Муҳокамаларда турли ижтимоий қатлам вакиллари иштирок этган, барча вилоятлардан кўп сонли мактуб, лойиҳа, таклиф ва истаклар келган.

Давлат герби лойиҳаларини яратишда Б. Жалолов, Т. Комилов, С. Қурбонов, И. Сатторов, А. Сатников, Б. Нишонов каби санъаткор ва ижодкорлар салмоқли ҳисса қўшган.

 

  • Бу жараёнларда парламентнинг роли қандай бўлган?

 

– 1991 йил 18 ноябда бўлиб ўтган парламентнинг саккизинчи сессиясида Конституциявий комиссия эксперт гуруҳига Давлат герби лойиҳасини ишлаб чиқиш ишларини давом эттириш топширилади. Эксперт гуруҳи герб лойиҳаси бўйича тақдим этилган таклифларни ўрганиб чиқади ва лойиҳанинг учта муқобил варианти матбуотда эълон қилинади.

Матбуотда эълон қилинган биринчи ва иккинчи вариантларда бош тасвир сифатида Ҳумо қуши тасвири танланади. Ҳумо қушининг давлат қуши, бахт ва қут-барака келтирувчи қуш, олийжаноблик ва фидойилик, меҳр-оқибат ва садоқат каби қадриятларни ифодалайдиган миллий рамз эканлиги унинг Давлат гербида бош тасвир сифатида танланишига асосий сабаб бўлган.

Шунингдек, лойиҳада Ҳумо қуши қаноти баланд кўтарилган ҳолатда  тасвирланиб, Ўзбекистоннинг тоғлари, адирлари, водийлари, боғларини қучоқлаб тургандек кўриниш берган. Бу Ҳумо қушининг асосий образ сифатида қабул қилинишида муҳим аҳамият касб этган.

Давлат герби лойиҳасининг учинчи вариантида бош тасвир сифатида олтин қуёш келтираётган йўлбарс танланган. Лойиҳа асосчилари ушбу тасвирни мустақил мамлакатнинг гуллаб-яшнаши рамзи мазмунида тавсифлаганлар.

Бу лойиҳанинг марказий қисмида тинчликни ифодалайдиган мовий рангда мусулмон маданиятига мансублик рамзи ярим ой ҳамда юқори қисмида қизил рангда зарҳал билан ёзилган “Ўзбекистон Республикаси” ёзуви ҳамда мукаммаллик рамзи – саккиз қиррали мусамман, пастида Ўзбекистон миллий бойликлари тасвирланган эди.

 

  • Танловда Давлат герби лойиҳаларининг қайси варианти ғолиб чиққан?

 

– Танлов тўққиз ой давом этганидан кейин Конституциявий комиссиянинг эксперт комиссияси ишлаб чиқилган герб лойиҳаларининг асосий икки муқобил вариантини халқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилган.

Ўзбекистон парламентининг 1992 йил январь ойидаги тўққизинчи сессиясида танловга қўйилган биринчи вариант – Ҳумо тасвирланган лойиҳа парламент депутатларининг кўпчилиги овози билан асос сифатида олинган. Лекин асос сифатида қабул қилинган лойиҳани такомиллшатириш ишлари давом эттирилади.

Бунда кенг жамоатчиликнинг билдирган фикрлари муҳим аҳамиятга эга бўлган. Масалан, лойиҳа бўйича келиб тушган мактубларда лойиҳанинг айрим нуқсонлари кўрсатилган.

Шундай нуқсонлардан бири сифатида Ҳумо қушининг боши эгик ҳолда тасвирлангани кўрсатилган бўлиб, гербни такомиллаштириш давомида боши дадил кўтарилган ва кўзлари гавҳардай порлаб турган Ҳумо тасвири шаклланган.

Қолаверса, Ҳумонинг атрофи ҳувиллаган уйдай бўш қолдирилгани билан боғлиқ нуқсон ҳам тузатилган. Яъни, Давлат гербига мамлакатнинг ҳаёт йўли нурли бўлишини ифодалайдиган, ниҳоятда гўзал табиатини кўрсатиб турадиган қуёш тасвири ва ризқ-рўзимиз – ғалла, асосий бойлигимиз – пахта тимсоллари ҳам киритилган.

Таклифлар инобатга олинган ҳолда, нуқсонлари тузатилган ва дастлабки танловга қўйилган учинчи лойиҳада тасвирланган собитлик ҳамда барқарорлик рамзи – саккиз қиррали мусамман ҳам лойиҳа элементи сифатида қабул қилинади. Лекин мусамман ичида қандай тасвир бўлиши масаласида мунозара келиб чиқади.

Бу ҳолат Ҳумо қуши тасвирланган янги икки лойиҳа муқобил вариантларининг 1992 йил 2 апрелда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишига сабаб бўлади. Биринчи вариант иккинчисидан мусамман ичига ой ва юлдуз тасвири туширилганлиги билан фарқ қилган.

Мазкур лойиҳалар 1992 йил 2 июлда парламент ўнинчи сессияси ўз ишини бошлагунга қадар уч ой давомида умумхалқ муҳокамасида бўлган. Айни жараёнда Конституциявий комиссияга Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан жами 543 та мактуб, 6 та телеграмма келиб тушган.

Ана шу мурожаатлар ўрганилганда, ой ва юлдуз тасвири туширилган лойиҳанинг биринчи вариантини 168 минг 938 нафар киши, иккинчи вариантини 9 минг 642 нафар киши қўллаб-қувватлагани аниқланади. Шу тариқа мурожаат қилганларнинг 90 фоизидан ортиғи лойиҳанинг биринчи вариантини маъқуллагани маълум бўлади.

Шундан кейин лойиҳа парламентда овозга қўйилиб, депутатларнинг кўпчилиги овози билан биринчи вариант Давлат герби сифатида қабул қилинади. 1992 йил 2 июль куни Давлат герби тавсифини тасдиқлаган ва ундан фойдаланиш муносабатларини тартибга солган «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинади.

 

– Давлат гербидаги тасвирлар маъносининг талқинида Ўзбекистон халқи ва давлат ҳокимиятининг қандай мақсадлари ифодасини кўриш мумкин?

 

– Герб қалқонидаги тасвирлар – олий иродага эга тинчликсевар ва софдил (Ҳумо қушининг кумуш ранги) халқ абадий озод, фаровон ва бахту саодатда яшаш учун қайта тикланди (Ҳумо қуши), бу мусаффо (дарёларнинг кумуш ранги) ва озод (водийлар ва тоғларнинг яшил ранги) диёр (водий, тоғлар, дарёлар) ривожланишнинг (кўтарилаётган қуёш) юксак ҳаётий кучларига (заррин нур сочаётган олтин қуёш) эга, деганидир.

 Герб чамбаридаги тасвирлар – бу халқ ўзининг (бу ерга ғўза шохлари ва буғдой бошоқлари боғланган Давлат байроғи рангларидаги шиор лентаси талқини қўшилади) озодлиги (ғўзанинг яшил шохлари), софдиллиги (оқ пахта), бойликлари (олтин чаноқлар, буғдой бошоқлари) билан буюк (чамбар) эканини англатади. 

Қалқон тепасидаги тасвирлар – халқимизнинг тақдирида улуғ (саккизқирра юлдузнинг олтин ҳошияси) шараф (саккизқирра юлдузнинг кўк фони) келтирадиган кенг қамровли, кўпжиҳатли (саккиз қиррали юлдуз) буюк ўзгаришлар (юлдуз) ва тинчлик (ярим ой ва юлдузнинг оқ ранги) даври бошланди (ярим ой), деган маъноларни ифодалайди.

Шиор лентасидаги тасвир ва ёзувлар – бу бой («Ўзбекистон» ёзувининг олтин ранги) халқ ва давлатнинг номи Ўзбекистон деб аталишидан далолатдир.

 

Ойдин Иброҳимова суҳбатлашди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech