ХХ асрнинг сўнгида бутун дунёда инсон манфаати, унинг ҳуқуқ, манфаатлари, демократик қарашлар асосий мезон сифатида яққол кўзга ташлана бошлади. Ўзбекистонда 1990 йил 20 июнда «Мустақиллик декларацияси» қабул қилиниб, ушбу сананинг ўзидаёқ 64 кишидан иборат Конституциявий комиссия ўз фаолиятини бошлайди.
Маълумки, Конституциявий комиссия аъзолари томонидан нафақат бутун дунё конституцияларини балки, ўзбек давлатчилигининг тарихий тажрибаси ҳамда юқорида таъкидланган тарихий ҳуқуқий манбаларга таянган ҳолда мустақил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ишлаб чиқилди. Бир неча маротаба умумхалқ муҳокамасига қўйилиб, моддама-модда овоз бериш йўли билан 1992 йил 8 декабрда бахтимиз қомуси, барча ҳуқуқларимиз асоси бўлмиш мустақил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатнинг асосий қонуни бўлиб, истиқбол ва интилишимизга куч бахшида этувчи ҳужжатдир. У ижтимоий ва давлат ҳаётининг ҳуқуқий асоси. Конституция озод ва суверен давлатнинг ҳуқуқий асосини яратиш билан бирга жамиятимизнинг ҳуқуқий тараққиётида янги даврни бошлаб берди.
Ҳозиргача Конституциямизга бир неча маротаба киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар унинг янада халқчил, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини кафолати сифатида, демократик принципларга мос равишда барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда бугунги кунда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар ўзининг қизғин палласига кириб, 2022 йил 25 июндан эътиборан Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди ва аҳолининг таклиф ва мулоҳазалари инобатга олиниб, Конституциявий комиссияга тақдим қилинмоқда.
Жумладан, 2022 йил 30 июнь куни академик Акмал Саидов билан Қашқадарё вилояти ҳокимлигида вилоят мутасаддилари, фаоллар, депутатлар билан бўлган учрашувда Ўзбекистоннинг ўзига хос конституциявий тарихи борлиги, унинг мазмун-моҳияти, фарқли жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Тошкент шаҳрида ва ҳар бир вилоятда музейларимиз бор. Ана шу музейларда Ўзбекистоннинг конституциявий тарихига оид бурчаклар ташкил қилиш, экспозициялар билан бойитиш лозимлиги айтилди.
Дарҳақиқат, музейларни Ўзбекистоннинг конституциявий тарихи, ватанимиз тарихининг оғриқли ва таҳликали даврлари, ўша даврда мавжуд бўлган конституциялар ёки Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши арафасида ташкил этилган Конституциявий комиссия аъзолари ҳақида, мазкур давр акс этган фотолавҳалар, халқимиз томонидан келиб тушган таклифлар, ҳужжатлар, ўтган давр мобайнида конституциямизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, ҳозирги жараёнлар акс этган материаллар билан бойитиш лозим.
Саҳодат Муртазова,
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
- Қўшилди: 06.07.2022
- Кўришлар: 4426
- Чоп этиш