Инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

2022 йил 12 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

 

Йиғилишни Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламент комиссияси раиси А.Саидов кириш сўзи билан очаркан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, бу йўналишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглик асосида барча инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш мақсадида 2021 йил 7 июнь куни Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилган эди.

 

Дастлаб йиғилишда ушбу конвенциянинг қоидалари ижросини таъминлаш борасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тайёрланган “2022-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида Ногиронлар ҳуқуқлри тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси” (“Йўл харитаси”) лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

 

Миллий ҳаракатлар режасини тузишда барча давлат органлари, хусусан, мамлакатдаги фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаол иштирок этди. Ушбу масала парламент комиссиясида кўрилгач, Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ҳамда Сенати Кенгашининг қўшма йиғилишларига киритиш лозимлиги таъкидланди.

 

Йиғилишда кун тартибидаги иккинчи масала – Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг ижроси ҳам кўриб чиқилди.

 

Таъкидланганидек, “Йўл харитасига” оид 78 банддан 64 та банд бўйича ишлар бажарилган. 12 та банд бўйича ишлар давом этаётган бўлса, 6 та банднинг муддати узайтирилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиясида белгиланган 33 қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг 19 таси қабул қилинган ҳолда, 14 тасини ишлаб чиқиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

 

Парламент комиссияси йиғилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиясида белгиланган ва бажарилмай қолган бандларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу масалада сусткашликка йўл қўймаслик ва ушбу ҳужжат ижросини таъминлашда камчиликларга йўл қўйган тегишли давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботини бевосита Парламент комиссияси йиғилишида кўриб чиқиш зарурлиги айтилди.

 

Йиғилишда Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги Халқаро конвенция қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Ўнинчи-ўн иккинчи даврий марузаларини кўриб чиқиш якунлари юзасидан БМТ ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг якуний мулоҳазалари ва тавсияларини бажариш юзасидан 2020-2022 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасининг ижроси бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ахбороти эшитилди.

 

Қайд этилишича, 2022 йил биринчи ярим йиллиги якуни бўйича Миллий ҳаракатлар режасининг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда Миллий марказ томонидан “Камситишга йўл қуймаслик ва тенглик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Қолаверса, этник гуруҳларнинг ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омиллар бўйича таҳлилий маълумотнома тайёрланган ҳолда уларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш кафолатларини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

 

Комиссия йиғилишида Президентимизнинг 2021 йил 26 июндаги тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг (Омбудсмани) 2022 йил биринчи ярим йиллик давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан таҳлилий ахбороти эшитилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) Феруза Эшматованинг маълум қилишича, Омбудсман ҳузурида миллий превентив механизм доирасида фаолият кўрсатувчи жамоатчилик гуруҳлари томонидан 2022 йилнинг биринчи ярим йиллик давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 156 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилган.

 

Мазкур ташрифлар давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш шароитлари, хусусан, яшаш ва овқатланиш, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шаҳслар учун олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, коронавирус пандемияси даврида санитария-гигиена талабларига риоя этилаётгани, таълим-тарбия бериш ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилган.

 

Йиғилишда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусованинг ҳам жорий йилнинг биринчи ярим йилликдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.

 

Таъкидланганидек, мамлакатимизда болаларга ғамхўрлик қилиш, уларни доимо қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун ҳар томонлама имконият яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ўқиши, малакали тиббий ёрдам қабул қилиши учун давлатимиз томонидан кенг имкониятлар яратилиб берилмоқда.

 

Ҳисобот даврида Болалар омбудсмани номига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисида жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларидан, болалар ҳамда улар қонуний вакиллари томонидан жами 325 та мурожаат келиб тушган ва улар Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан тўлиқ назоратга олинган. 48 та мурожаатлар идора ва ташкилотлар томонидан қаноатлантирилган бўлса, 189 та мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган.

 

Шунингдек, Болалар омбудсмани томонидан бола ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш юзасидан давлат ташкилотларига 38 та сўровлар юборилган. Энг муҳими, ҳисобот даврида Бош прокуратура томонидан 71 нафар тарбияланувчиларга ота-оналаридан 389,3 млн. сўм алиментлари ундириб берилди.

 

Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан Парламент комиссиясининг тегишли баённомаси тузилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech