БЕРУНИЙ ВА ҲИНДИСТОН

Ватандош, бобокалон буюк олим Абу Райҳон Берунийнинг (973-1048) Ҳиндистон, унинг аҳолиси, маданияти, тили, олимлари билан бўлган муносабатлари фан тарихида алоҳида бир бобни ташкил этади. Аввало, бу қадимий мамлакатга бағишлаб у «Ҳиндистон» деган махсус асар ёзган.

Китобнинг тўлиқ номи: «Китоби фи таҳқиқи молил ҳинд мин мақола мақбула фил ақл ау марзула» (Ҳиндларга махсус нарсаларни тушунтириш китоби). Бу асарни олим 1020 йилда ёза бошлаб, 1030 йилда ниҳоясига етказган. Шуниси диққатга сазоворки, Беруний қўлга киритган кўпгина мислсиз илмий ютуқлар ва кашфиётлар ҳам унинг Ҳиндистон даври ҳаёти ёки мазкур асарга вобастадир.

Бу мамлакатда у аллақанча жўғрофий тадқиқотлар ҳам олиб бориб, Лоҳур қалъасининг кенглиги 34 даража 10 дақиқа эканини ўзи аниқлаганини фахрланиб гапиради. Булардан ташқари, Ғазни, Кобул, Гандиамир, Дунпур, Ламғон, Пиршавур, Вайҳанд, Жайлам, Нандна, Мўлтон, Сиёлқут, Мандаккапур сингари жойларнинг жўғрофий кенгликларини биринчи бўлиб аниқлаган ҳам Беруний бўлади. У Лоҳурдан Кашмир қалъасигача 56 мил эканини, унинг ярми тепалик ва ярми текис даладан иборатлигини исбот этади. Беруний Нандна қўрғонидан туриб Ер шари айланасини ўлчаб чиққан.

Олимнинг эътироф этишига қараганда, Ҳиндистон тўғрисида китоб ёзиш унга жуда қийин бўлган. Чунки у қандайдир, бизнинг тасаввуримиздаги «экспедициялар» йўли билан эмас, балки якка ўзи текшириш олиб борган. Бироқ на вақтини, на ўзининг маблағини аямасдан, ўлик тиллар жумласига кирадиган санскритда (қадимги ҳинд тили) ёзилган китобларни қидириб топади. Ҳинд тилини ўргатадиган кишиларни излайди. Бу ишларнинг барини муаззам Ҳиндистон ва унинг халқига бўлган сўнмас муҳаббати туфайли амалга оширганини Берунийнинг ўзи лутфан қайд этиб ўтган.

Таниқли жўғрифийун олим, профессор Ҳамидулла Ҳасанов Берунийнинг халқпарварлигидан, комил илмий эътиқодидан ўрнак олса арзийди, деган фикрни изҳор этаркан, далил сифатида бу мутафаннин (қомусий) олимнинг араб, ҳинд, юнон ва хоразм фанларини, маданияти ва тилини бирдай улуғлаганлиги, турли халқ, турли дин кишиларини қариндош, оға-инидай кўрганлигини алоҳида қайд этади. Улуғ Берунийнинг минг йиллик қанотида бизнинг давримизгача парвоз қилиб келган мана бу таббарук нафаси айни ҳикмат эмасми: «Сайёҳ олимлар» китобининг муаллифи Ҳамидулла Ҳасановдан: «Ҳар бир халқ бирон фан ёки амалиётнинг тараққий этганлиги билан машҳурдир», «бошқа халқларни севишни ўрганмоқ истасанг, уларнинг тилини ўрган, ҳаёт тарзини, одатларини, тафаккурларини эҳтиром эт» (Тошкент, 1981, 104-105-бетлар).

Абу Райҳон Берунийнинг Ҳиндистонга муносабатида диққатга молик жиҳатлар сифатида унинг ҳинд тилини махсус ўрганганлиги, ҳиндларнинг илмий ва диний китоблари билан муфассал танишганлиги, ҳинд фуқаросининг тафаккур тарзи, урф-одатлари, эътиқоди, тарихи билан шуғулланганлиги ва, ниҳоят, ҳинд олимларидан таълим олганлигини эслатиш мумкин. Айни вақтда у ҳиндлар орасида кўп янгиликлар тарқатди. Аввало, улар орасида араб, юнон, форс, яҳудий маданияти ва фани ютуқларини ёйди. «У аввало ҳиндуларнинг гўё талабаси, кейинчалик муаллими бўлган. Ҳиндуларнинг уни «бепоён илм уммони» деб атаганлари бежиз эмас».

Абу Райҳон Беруний санскрит тилини шу қадар мукаммал эгаллаган эдики, унинг асосида икки томонлама таржима амалларини бажарган: бир томондан, санскритдан арабчага китоблар таржима қилган бўлса, иккинчи томондан, Эвклид ва Птоломей асарларини араб тилидан санскритга кўчирган. Бундан кўринадики, Абу Райҳоннинг мазкур таржималарида ҳинд, араб, юнон тиллари ва улар асосида яратилган илмий-маданий мерос, турли миллий муҳитлар ҳамда чинакам юксак умуминсоний мақсадлар бир-бири билан чирмашиб, пайвандланиб кетган. «Бундан мақсад — билимларни тарқатмоқ истагим эди», — дейди Беруний. Яна: «Ҳиндларнинг икки китобини («Санъя» ва «Патанжала») араб тилига таржима қилган эдим», «Мен Евклид ва Батлимуснинг «Алмажистий» китобини ҳиндлар учун таржима қилиб, уларга астролябия санъатини ёзиб бераман, ҳиндлар орасида илм тарқатишга ва уларда йўқ илмни бор қилишга қизиқаман» («Ҳиндистон»).

Астролябия (юнон.) – астрономияда узунлик ва кенгликларни аниқлаш учун XVII асргача қўлланилган бурчак ўлчаш асбоби. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати», II жилд, 60-бет.

Бундай ниятнинг покиза ва олийжаноблиги хусусида айни мамлакатнинг доно ва фозил фарзандларига мурожаат этмоқ жоиздирким, Жавоҳарлал Нерудай бир улуғ зот «Ҳиндистоннинг кашфи» номли китобида мазкур «Ҳиндистон» асари ҳақида азбаройи мамнуният билан қайд этган эди: «Беруний юнон фалсафасини ўрганди; ҳинд фалсафасини мутолаа қилмоқ учун санскрит тилини ўргана бошлади. Беруний ҳинд ва юнон фалсафасини бир-бирига солиштирди, улардаги мавжуд умумийликни кўриб ҳайратда қолди. Берунийнинг китоби ҳақиқий материалларни қамраб олиш билан бирга, урушлар, босқинчиликлар, оммавий қирғинлар бўлишига қарамай, фан аҳллари ўз ишларини давом эттирганликларини кўрсатиб беради. Орани нафрат ва худбинлик кайфиятлари бузиб турган пайтларда ҳам Беруний, бегона одам бўла туриб, бу ўлка кишилари аҳволини тўғри тушунтиришга ҳаракат қилди».

Ғайбуллоҳ ас-Салом,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор

 

И з о ҳ: Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 августда қабул қилинган “Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори доирасида эълон қилинмоқда.

Мақола муаллифи – Ўзбекистонда собиқ совет тузуми давридаёқ яратилган ўзбек таржимашунослиги мактаби асосчиси, филология фанлари доктори, профессор Ғайбулла Саломов (тахаллуси: Ғайбуллоҳ ас-Салом) таваллудига жорий йил 11 декабрида 90 йил тўлади. Мақола атоқли олимнинг 1997 йили чоп этилган “Эзгуликка чоғлан, одамзод” номли китобидан олинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech