Тинчлик – олий неъмат

   Инсонларга тинчлик-осойишталикдан кўра тансиқроқ, азизроқ неъмат йўқ. Юрт нотинч бўлса тўй-томоша, хурсандчилик, ўйин-кулги татимайди.

Урушлар туфайли инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, одамгарчилик унутилади, бошланган хайрли ишлар, улуғ мақсадлар қолиб кетади. Барчанинг ҳаётидан ҳузур-ҳаловат, турмушидан ором-фароғат кўтарилади.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини бўлар-бўлмас сабаблар билан уруш чиқаришдан, бир-бирларига қурол ўқталишдан қайтарган. Тинчликнинг қандай улуғ неъмат эканини тасаввур қилиш учун ҳар куни хотиржамлик билан иш ва бошқа юмушларга бориб келаётганимиз, фарзандларимизнинг хеч қандай хавф-хатарсиз ўқиш ва боғчага қатнаётганини мисол келтириш кифоя.

Неъматнинг қадри йўқолганда билинади, дейдилар. Ҳозирги кунда дунёга боқсак, у ерда уруш, бу ерда тўполон, зилзила, тошқин оқибатида қанча-қанча шаҳарлар харобага айланаётганининг гувоҳи бўламиз. Айрим жойларда кунига бўлмаса, ҳафтасига қўпорувчилик ҳаракатлари содир бўлиб турибди.

Нотинч ўлкаларда тараққиёт ҳам, иқтисодий ўсиш ҳам бўлмайди. Беқарор юртдан файзу барака кўтарилади.

БМТ Бош Ассамблеясининг 2001 йил 7 сентябрдаги тегишли резолюциясига кўра,  21 сентябрь – Халқаро тинчлик куни деб эълон қилинган. Ушбу сана ҳар йили жаҳон миқёсида кенг нишонлаб келинмоқда.

Шу куни дунёдаги барча халқлар ва давлатларга ўт очиш ва зўравонликни тўхтатиш, кун давомида қуролли ҳаракатларга йўл қўймаслик, инсонларга тинчлик ва барқарорликнинг аҳамиятини турли маърифий тадбирлар воситасида тушунтириш тавсия этилади.

Ҳақиқатан ҳам, дунёда энг қимматли, азиз ва бебаҳо неъмат, бу – тинчликдир. Уруш ва тинчлик, ноаҳиллик ва оқибат ўртасида еру осмонча фарқ бор.

Халқаро ҳуқуқда “тинчлик маданияти” деган атама кўп ишлатилади. Бунинг маъно-мазмуни, хусусан:

  • мамлакатда урушга йўл қўймасликҚ
  • давлатлараро низо ва можароларни сиёсий воситалар билан ҳал этиш;
  • ички сиёсатда турли келишмовчиликларни тинчлик йўли билан бартараф қилиш;
  • инсон ҳуқуқи ва қонун устуворлигини таъминлаш, деганидир.

Инсоният тарихидан маълумки, ҳар бир давлат миллатига, фуқароларига, яратган маданий бойликларига, миллий урф-одатлари, анъаналарига буюк ҳурмат билан қараган ва уни авайлаб асраган. XXI асрга келиб, дунё манзараси ўзгарди.

Глобаллашув, демократия байроғи остида кичик давлатларга гегемон давлатлар томонидан турли найранглар, хавф-хатарлар кучайди. Дунё нотинч бўлиб қолди.

Бугунги замонда маънавий бойликларни сақлаб қолиш учун, аввало, қонли можороларга барҳам бериш, тинчлик ва тотувликни қарор топтириш, маданий мерос, осори-атиқалар, урф-одатларни асраб-авайлаш, дунё ҳалқларининг илм-фан ютуқларидан бирдек баҳраманд бўлишига эришмоқ керак.

Бундай шарт–шароитга қандай қилиб эришилади? Бунинг учун:

биринчидан, озодлик, адолат ва демократия тамойилларига асосланган дўстона ва иттифоқ маданиятига эришиш;

иккинчидан, зўровонликни қайтарувчи ва турли низолар пайдо бўлганида, уни бартараф этишга чорлайдиган, муаммоларни мулоқот ва музокаралар йўли билан ҳал этувчи маданиятни таъминлаш;

учинчидан, ўз жамиятининг ички ривожида унинг барча ҳуқуқини, ҳар кишининг тўла миқёсда бор имкониятларини амалга оширишда тўлиқ иштирокини таъминловчи маданиятга эришиш каби илғор ғояларни қўллаб-қувватлаш керак.

Ўзбекистонда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Кўп миллатли бағрикенг халқимиз хотиржам турмуш кечирмоқда. Биз учун тинчлик-осойишталикнинг қадри алоҳида қадрланади.

Донишмандларимиз юрти тинчнинг ўзи тинч, деб бежиз айтмаган. Тинчлик-осойишталик ҳукм сурган жойда, юксалиш ва тараққиёт бўлади, юрт гуллаб-яшнайди, фуқароларнинг турмуши фаровонлашади. Шундай экан, тинчлик-осойишталикка ўз-ўзидан эришиб бўлмаслигини ҳаммамиз тўғри англашимиз керак.

Бу ютуқлар ўз-ўзидан яратилмагани, унга халқимизга хос сабр-бардош, қатъий ишонч, ҳамжиҳат-ҳамфикрликда яшаш, тинчлик-осойишталикни асраш, бағрикенглик, ўзаро меҳр-оқибат кўрсатиш орқали эришилганини ўсиб келаётган ёш авлодга тушунтириш ва онгига сингдириш зарур. Токи, бугунги мураккаб шароитда тинчликни асраш учун огоҳлик, сезгирлик, ҳушёрлик ҳар қачонгидан кўра муҳимлигини фарзандларимиз – бугунимиз ва келажагимиз эгалари тўлиқ тушуниб етсинлар.

Тинчлик ва бахт ҳаммавақт бирга юради. Биз ҳам она Ўзбекистонимизда бахт ва фаровонликка эришмоқни истасак, бугунги дориломон ҳаёт, яшаш лаззати, ризқ-насиба неъмати, орзу-ҳавасларга эришмоқ имконидан унумли фойдаланиб, том маънода тинчлик неъматининг қадрига етайлик.     

 

 Дилафруз Умарова,  

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази ходими

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech