Сифатли таълим – тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт кафолати

24 январь – Халқаро таълим куни

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблeясининг 2018 йил 3 дeкабрдаги рeзолюциясига мувофиқ, 24 январь – Халқаро таълим куни дeб эълон қилинган. Бу муҳим қарор халқаро ҳамжамият томонидан таълимнинг тинчлик ва тараққиёт йўлидаги аҳамияти нечоғлик юксак эътироф этилаётганининг яққол тасдиғидир.

Ушбу халқаро сана жорий йилда бешинчи бор нишонланмоқда. Айни тадбирдан кўзланган мақсад нафақат инсониятнинг илм-маърифатга ташналигини эътироф этиш, балки дунё давлатлари ҳукуматлари ва жамиятлари эътиборини таълим соҳасида мавжуд муаммоларга, жумладан, саводсизликни бартараф этиш, турли минтақаларда яхлит таълим дастурлари ишлаб чиқиш ва амалга ошириш каби масалаларга қаратишдан иборатдир.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг ушбу сана муносабати билан йўллаган видеомурожаатида таъкидланганидек, таълим олиш ҳуқуқи инсоннинг асосий ҳуқуқлари сирасига киради. Аммо сайёрамизнинг барча аҳолиси сифатли таълим олишини таъминлаш учун анча-мунча маблағ сарфлаш талаб этилади.

А.Гутерришнинг фикрича, таълим – жамият, иқтисодиёт ва ҳар бир инсон салоҳиятининг асоси ҳисобланади. Лекин талаб даражасида инвестиция жалб этилмас экан, ана шу салоҳиятдан ҳеч қандай фойда бўлмайди. «Аксарият ҳукуматларнинг сиёсатида ва халқаро ҳамкорлик доирасидаги ҳужжатларда таълимга ниҳоятда кам эътибор қаратилгани мени доим қаттиқ хавотирга солади, – деди БМТ Бош котиби. – Бу йилги  Халқаро таълим кунининг мавзуси ҳам инвестициялар йўналтириш асносида таълимга устувор аҳамият қаратиш зарурлигини қатъий эслатиб турибди». Инвестициялар, А.Гутерриш ишонч билан уқтирганидек, Барқарор тараққиёт соҳасидаги 4-мақсадга эришишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Шу нуқтаи назардан, бутун дунёда пандемия инқирози оқибатлари туфайли таълим соҳасида кўплаб муаммоли вазиятлар кузатилаётган мураккаб бир даврда Ўзбекистонда ёш авлоднинг таълим-тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилгани алоҳида диққатни тортади. Мамлакатимизда болалар ва ёшларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш жараёнлари “Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан бошланади” ғояси асосида тубдан такомиллаштирилаётгани бу фикрнинг амалий ифодасидир.

Сўнгги олти йилда юртимизда қўшимча 500 минг ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг жами сони 5 миллион 300 мингга етди. Ҳозирги вақтда яна 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратиш бўйича ишлар жадал давом эттирилмоқда.

Ўзбекистонда янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад этиб белгиланган. Шу улуғвор мақсад йўлида қабул қилинган Тараққиёт стратегияси доирасида 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилгани жуда муҳим.

Давлатимиз ва жамиятимиз, биринчи навбатда, эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида бу борада олдимизда турган энг асосий вазифалар белгилаб берилди.

Биринчидан, мактабгача таълим муассасаларида мактаб ёшигача бўлган болаларнинг умумий саводини чиқариш, болаларда Ватанни севиш, у билан ғурурланиш ҳиссини уйғотиш, дунёқарашини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги олти йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизга етиши натижасида бугунги кунда 2 миллионга яқин бола боғчага бормоқда.

Шу билан бирга, келгуси беш йилда қамровни 80 фоизга етказиш учун 600 минг янги боғча ўрни керак. Бу – жуда катта марра эканини қайд этар экан, Юртбошимиз боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилиш ҳамда боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратиш зарурлигига эътиборни қаратди.

Иккинчидан, мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, муаллимларнинг шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифалардандир. Айни йўналишда:

  • ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш;
  • бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитишни йўлга қўйиш;
  • болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқишига эришиш;
  • фарзандларимизни касб-ҳунарларга, санъат ва маданиятга қизиқтириш;
  • ўқувчиларда эркин ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарур.

Мамлакатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, Мана, мактабларимизга қандай муҳит кириб келиши керак!

Янада муҳими, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланмоқда. Бу ишларни тизимли йўлга қўйиш, янги дарсликларни ишлаб чиқиш, илғор таълим стандартлари ва методикаларини жорий этиш учун алоҳида илмий институт ва лабораториялар ташкил этилади.

Жорий йилда 70 та янги мактаб қурилади, 460 та мактаб кенгайтирилади. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келгуси беш йилда уларнинг сони 1 мингтага етказилади.

Ўтган йили Қорақалпоғистон ва Хоразмда 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш йўлга қўйилиши ҳисобига бу борада етарли тажриба орттирилди. Янги ўқув йилидан ушбу амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилади.

Учинчидан, ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилади. Бунда мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётганини ҳисобга олган ҳолда,  700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарур, деди Президентимиз.

Шу мақсадда 2023 йилдан бошлаб ҳар бир вилоятда 1 тадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилишини кўзда тутадиган янги дастур амалга оширилади. Келгуси беш йилда барча коллеж ва техникумлар ушбу тизим билан қамраб олиниши шарт.

Айни чоғда, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш қамрови кенгайтирилади. Кимё саноати, электр техникаси, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилинади. Бу, ўз навбатида,  мутлақо янгича тизим – янги замон инженерларини тайёрлаш тизимини яратишга асос бўлади.

Тўртинчидан, олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилади. Сўнгги йилларда мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари сони 2,5 баробар кўпайди ва 198 тага етди. Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошди.

Асосийси, рақамлар изидан қувиш эмас, балки таълим сифатини оширишдир. Бу борада 41 та олийгоҳга академик ва молиявий мустақиллик берилди, уларда трансформация офислари очилди. Давлатимиз раҳбари уқтирганларидек, Олийгоҳ ректорлари, профессор ва ўқитувчилар бу жараёнларда фаол бўлишлари, янги, илғор методикаларни жорий қилишлари керак.

Жорий йилда олийгоҳ талабалари учун имтиёзли таълим кредитларига ресурслар 2 баробар кўпайтирилади. Бу дегани – айни мақсад учун 1,7 триллион сўм ажратилишини англатади.

Бешинчидан, Янги Ўзбекистон — инсоннинг ривожланиши ва истеъдоди қадрланадиган мамлакат. Бугунги кунда илм­фан, таълим, инновация, технология ва кадрлар замонавий демократик жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омили эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Мамлакатимиз тараққиётини замон талабларига мос равишда илм­фансиз тасаввур этиш қийин.

Бинобарин, 2022 йилда илм-фан ва инновацияларга 1,5 триллион сўм, яъни 2017 йилга нисбатан қарийб 6 баробар кўп маблағ йўналтирилди. Олимларнинг иш ҳақи ҳам 4,5 баробар оширилди.

Буларнинг барчаси ҳисобидан нано ва биотехнологиялар, рақамли геология каби 18 та янги илмий йўналиш ташкил этилди. Жорий йилда илм-фан ва инновацияларга 1,8 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Тараққиёт стратегияси доирасида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларида амалга оширилаётган салмоқли ва кўламдор ишлар бугунги кунда жаҳоннинг етакчи давлатлари қатори мамлакатимизда ҳам таълимни ривожлантириш, таълим сифатини ошириш масалаларига биринчи галдаги вазифа сифатида қаралаётганидан далолат беради.

Президентимиз таъкидлаганларидек, “тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech