Маҳа Оқил: Қашшоқлик – аёлларга нисбатан зўравонликнинг асосий омили

“Халқаро минбар” лойиҳасида Ижтимоий ривожланиш ва халқаро муносабатлар бўйича саудиялик мутахассис, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти “Senior Women Talent Pipeline” лойиҳаси аъзоси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ижтимоий ва оилавий масалалар бўйича директори лавозимида ишлаган Маҳа Оқил хонимнинг аёлларга нисбатан зўравонлик мавзусига оид мақоласи тақдим этилмоқда.

Жуда кўп мамлакатларда иқтисодий тараққиёт секинлашаётгани, ишсизлик даражаси ва инфляция ўсиши ортидан аёллар ишдан бўшатилиш ва маош қисқаришидан жиддий азият чекмоқда. Қолаверса, бир хил вазифани бажариш асносида, негадир, аёллар эркакларга нисбатан кам ҳақ олади. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотига кўра, бутун дунё бўйлаб аёллар эркакларга тўланадиган ҳар бир доллардан ўртача атиги 51 цент ишлайди. Иқтисодиётнинг аёллар устунлик қиладиган тармоқлари паст баҳоланиб, кам ҳақ ажратилади, баъзан умуман пул тўланмайди.

Ўтган ой Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган G20 саммити очилишида Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва очлик ва қашшоқликка қарши глобал альянс ишга тушганини эълон қилди. Мазкур ташаббус ҳозиргача 87 давлат, 66 халқаро ташкилот томонидан қўллаб-қувватланди. Айни жараёнда 2030 йилга қадар нақд пул ўтказмаси ёки ижтимоий ҳимоя дастурлари орқали ярим миллиард одамни озиқлантириш мақсад қилинган. Хусусан, 150 миллион мактаб ўқувчисини овқат билан таъминлаш, олти ёшгача болалар ва 200 миллион аёлни қамраб олиш, қўшимча 100 миллион киши, айниқса аёллар учун ижтимоий-иқтисодий инклюзивлик яратиш кўзда тутилган. Кичик хўжалик ва оилавий деҳқончиликни йўлга қўйиш, сувдан оқилона фойдаланиш каби муҳим дастурлар асосида мамлакатлар миллиардлаб доллар миқдорида қўшимча молиялаштирилади. Бу лойиҳа 2030 йилгача мўлжалланган қашшоқлик ва очликка барҳам бериш бўйича Барқарор ривожланиш мақсади доирасида амалга оширилмоқда.

Эркакларга қараганда, аёллар ер, табиий ресурс ва молиявий активга камроқ эга. Иқлим ўзгариши таъсиридан эса, аксинча, кўпроқ азият чекади.

2022 йил эълон қилинган БМТ ҳисоботида ерга эгалик қилиш ва тупроқдан фойдаланишда аёллар эркаклар билан бир хил қонуний ҳуқуққа эга бўлган мамлакатларда ҳам фермер хўжаликларининг фақат 15,6 фоизи аёллар қўлида экани таъкидланган. Бутун дунё бўйлаб қишлоқ хўжалигидаги ишчи кучининг қарийб 43 фоизини аёллар ташкил этади. Афсуски, МЕНА (Яқин Шарқ ва Шимолий Африка) минтақасида хотин-қизларнинг атиги 4 фоизи ер эгаси ҳуқуқига эга.

Ҳуқуқий тизимлар ва ерни бошқаришдан ташқари, меросга доир қонун ва амалиёт аёлларнинг ерга эгалик қилишига тўсқинлик қилади. Турмуш ўртоғини меросдан маҳрум қилиш ҳолатлари ҳамон 96 мамлакатда мавжуд. Аёлнинг эри мулкига эгалик қилиши ҳуқуқи 102 мамлакатда одат, диний ёки анъанавий қонун ва амалиётга биноан рад этилган. 103 давлатда мулкка эгалик ёки меросни тортиб олиш жиноий жавобгарликка тортилмайди.

БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенциясида аёллар хабардорлигини ошириш, муайян дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, зарур қарорлар қабул қилиш, мавжуд салоҳиятни ошириш, таълим тизимини такомиллаштириш каби муҳим вазифалар белгиланган.

Маълумки, активларни диверсификация қилиш учун ресурслардан фойдаланиш имконияти пастлиги сабабли аёллар иқлим таъсирига кўпроқ мойил ҳисобланади. Тўғридан-тўғри ва билвосита гендер камситиш ёки истисно қилиш ҳолатлари тез-тез учраши аёлларга қарор қабул қилиш, кредит, маълумот, хизмат ва технологиядан фойдаланишда тўсиқлар ҳосил қилади.

Айни пайт кенг тарқалган зўравонлик ва можаролар ҳалокат ва қашшоқлик келтириб чиқариши аён. Бу омил ҳам хотин-қизларга кўпроқ таъсир кўрсатади. Аниқроқ айтганда, даҳшатли жараён – уруш, кўчиш ва қочиш оқибатида юзага келадиган қашшоқлик гендер асосидаги зўравонлик хавфини кучайтиради, аёлларни янада қашшоқ ва заиф қилади.

25 ноябрдан бошлаб аёлларга нисбатан зўравонлик кучайиб бораётганига эътибор қаратиш, айбдорларни жазога тортиш ва жавобгарликка чорлаш мақсадида 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари кунига қадар Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик фаоллик жорий этилди.

Қашшоқлик аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик хавфини оширади. Тадқиқотларга кўра, камбағал қизларнинг болалигида турмушга чиқиш эҳтимоли 2,5 баробар юқори экан. Яъни, улар мактабни эрта тарк этишади. Кабағал, ночор яшайдиган хотин-қизларда одам савдосига мойиллик кучли бўлади. Даромад, ресурс етишмаслиги ёки ҳуқуқий ҳимоядан маҳрумлмик боис зўравон оила муносабатига дуч келиш ҳолати жуда кўп учрайди.

Демак, аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашда, энг аввало, қашшоқликка барҳам бериш зарур.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech