Муносабат
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида маҳалла институти давлат бошқарувида алоҳида ўрин эгаллаб, жамият тараққиётида ҳал қилувчи поғоналардан бирига айланди.
Бугун маҳалла нафақат анъанавий тарздаги жамоавий бошқарув органи, балки ҳудудий ривожланишнинг ҳаракатлантирувчи кучи, фуқароларнинг давлат билан мулоқот майдони ва Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий юзини белгилаб берадиган платформа сифатида фаолият юритмоқда.
Кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳалла тизимини такомиллаштириш масалалари яна бир бор атрофлича муҳокама этилди. Унда таъкидланганидек, сўнгги даврда маҳаллада “еттилик” тизими жорий қилинди. Бу орқали кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам каби 100 дан зиёд хизматлар маҳалла даражасигача туширилди. Натижада 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқди, мамлакат бўйлаб ишсизлик даражаси икки баробарга қисқарди.
Маҳалла раисларининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилди. Улар бошчилигида “еттилик” вертикал тизими шакллантирилиб, етарли ҳуқуқ ва ресурслар билан таъминланди. Шунингдек, ҳар бир маҳаллада мавжуд имкониятларни лойиҳалаштириб, янги иш ўринлари яратиш мақсадида махсус банкир ва солиқчилар бириктирилди, инфратузилмани яхшилаш учун катта миқдорда маблағлар ажратилмоқда.
Ўтган ҳафтада имзоланган қарорга мувофиқ, “Янги Ўзбекистон” қиёфаси кириб борадиган 33 та туман ва 330 та оғир аҳволдаги маҳалланинг ривожи учун катта ресурслар йўналтирилади. Ҳар бир туманга 100 миллиард сўм, ҳар бир оғир маҳаллага эса 5 миллиард сўм ажратилади. Шу билан бирга, ушбу ҳудудлардаги “драйвер” лойиҳалар учун қўшимча 2 триллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Қолаверса, ҳар бир ҳоким ўз ҳудудида иккитадан оғир маҳалланинг ривожланиши учун шахсан масъул қилиб белгиланди. Вилоят ва туман раҳбарларига маҳалладаги инфратузилма ишларига янгича ёндашиш, “еттилик” билан ҳамкорликда ишлаш топширилди.
Йиғилишда эълон қилинган муҳим янгиликлардан бири – Қонунчилик палатаси депутатларига ўз округидаги маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун ҳар бирига 3 миллиард сўмдан маблағ бериладиган бўлди. Бу ташаббус нафақат парламент фаолиятида янги босқични бошлайди, балки халқ ва депутат ўртасидаги муносабатларни мутлақо янги даражага кўтаради.
Эндиликда депутатлар фақат қонун чиқариш билан чекланиб қолмайди, балки ҳудуддаги амалий муаммоларни ҳал этишда ҳам бевосита иштирок этади. Уларда маҳалладаги муаммоларни жойида ўрганиб, инфратузилма, ижтимоий хизматлар, йўл, таълим ёки санитария масалаларини ҳал қилишда етарлича иқтисодий имконият бўлади. Бундай тарздаги ёндашув орқали депутатлар фаолияти амалий натижалар асосида баҳоланади, уларнинг жавобгарлиги ва ҳисобдорлиги кучаяди.
Шунингдек, яратилган шароитлар ва ресурслар ҳисобига 7 мингта маҳалла муайян иқтисодий йўналишларга ихтисослашди. Улар орасида мева-сабзавот етиштириш, гулчилик, асаларичилик, тикувчилик, мебелсозлик, савдо ва сервис каби 15 йўналиш мавжуд. Бу орқали 1,5 миллион оила қўшимча даромад манбаига эга бўлди.
Келгуси йилдан 2 682 та мева-сабзавотга ихтисослашган маҳаллага саноат олиб кириш, хусусан, сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш инфратузилмасини барпо этиш учун имтиёзли ресурслар ажратилади.
Маҳаллалардаги реал имкониятлар ҳисобга олинган ҳолда, микробизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир 6,5 триллион сўмлик ресурс ажратилади. Бу маблағлар маҳалла банкирлари ва ҳоким ёрдамчилари орқали микролойиҳаларга йўналтирилади.
Умуман олганда, маҳалла институти энди нафақат жамоа бошқаруви маркази, балки иқтисодий, ижтимоий, инфратузилма, таълим ва маданият соҳаларида янги нафас бўлиб хизмат қилмоқда. Президент ташаббуси билан ҳар бир маҳаллага йўналтирилаётган молиявий, ташкилий ва ресурс имкониятлар маҳалланинг реал ўзгариши, фуқаролар турмуш даражасининг яхшиланишига бевосита хизмат қилмоқда.
Қонунчилик палатаси депутатларига маблағ ажратилиши, “Ташаббусли бюджет” дастурлари, “еттилик”нинг жойлардаги вазифалари ва ҳисобдорлик тизими буларнинг барчаси маҳаллани Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг амалдаги марказига айлантиришга қаратилган қатъий сиёсий ирода ва стратегия натижасидир.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Меҳнат, соғлиқни сақлаш
ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА
- Қўшилди: 15.10.2025
- Кўришлар: 84
- Чоп этиш