“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг жорий йил кузги мавсуми учун жойларда кўчат экиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Хусусан, кўчатлар парваришида агротехник қоидаларга қатъий риоя этиш, суғориш ишларини тизимли амалга ошириш бўйича мутахассислар иштирокида илмий-амалий семинарлар ўтказилмоқда. Жойларда кўчат экиш ишларини ташкил етиш учун ҳудудларнинг иқлим ва тупроқ шароити, суғориш тизимларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятда кўчат етказиб бериш ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш чоралари ҳам кўрилган.
Жумладан, Нурафшон шаҳрида ҳам “Маҳалла ёшларининг маънавият боғи”ни ташкил этишга киришилди. Ёшлар ишлари агентлиги, Маҳаллалар уюшмаси, Маънавият ва маърифат марказининг ҳуқуқий бошқармалари ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган акция доирасида ҳудудида ажратилган 8,5 гектар ер майдони нуронийлар, маънавият тарғиботчилари, маҳалладаги ёшлар етакчилари ва фаол ўғил-қизлар иштирокида обод этилди.
Акция давомида 7 минг тупдан зиёд ҳудуднинг тупроқ иқлим шароитига мос ниҳоллар экилди. Жараёнларда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев фаол иштирок этди.
А.Мусаев, ЎзА
- Қўшилди: 26.11.2024
- Кўришлар: 623
- Чоп этиш