Шу йил кузда бўладиган депутатлик сайловлари натижаларига кўра, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг маҳаллий кенгаш раиси мақоми бекор қилинади. Кенгашлар раислари маҳаллий депутатлар орасидан сайланади ва улар асосий ишидан ажралмаган ҳолда, жамоатчилик асосида фаолият юритади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳокимларнинг маҳаллий кенгаш раиси мақомини бекор қилишга доир қонун лойиҳасини кўриб чиқа бошлади.
Бу ўзгариш ўтган йили янгиланган конституцияда кўрсатиб ўтилган эди. Унга кўра, 2024 йилги депутатлик сайловлари якунлари бўйича вилоятларда ва Тошкент шаҳрида ҳокимларнинг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида раислик қилишига барҳам берилади. Туман ва шаҳарлар миқёсида эса бу тартибга 2026 йил 1 январдан бошлаб ўтилади.
Бу борадаги қонун лойиҳасини бир гуруҳ депутатлар ишлаб чиққан. Унга кўра, кенгашларга депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилади, у жамоатчилик асосида фаолият юритади ва муддатидан олдин лавозимдан озод қилиниши мумкин.
Ҳоким номзоди кенгашда кўриб чиқилаётганда, у ҳудудни ривожлантириш дастурини тақдим этиши керак бўлади.
Ҳокимларнинг кенгаш депутатлари орасидан тайинланиши ва тасдиқланиши ҳақидаги талаб бекор қилиниб, уларнинг депутат этиб сайланиши мумкинлиги акс этмоқда.
Маҳаллий кенгашларга ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, қоида тариқасида, 5 тагача (амалда 8 та) доимий комиссия тузиш ҳуқуқи белгиланмоқда.
Бундан ташқари, маҳаллий кенгаш ва ҳоким қабул қиладиган ҳужжатлар ягона электрон тизимда (e-qaror.gov.uz) рўйхатдан ўтказилиши ва тизимга жойлаштирилиши шарт бўлади.
Бу тизимдан рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатлар ҳақиқий эмас, деб ҳисобланадиган бўлади.
Депутатларга кўра, бу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жойларда ҳокимиятлар бўлиниши принципини “тўлақонли рўёбга чиқариш имкони”ни беради.
Эслатиб ўтамиз, Конституцияда сайловлар октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. Бу сана 2024 йилда 28 октябрга тўғри келади.
Kun.uz
- Қўшилди: 09.07.2024
- Кўришлар: 1366
- Чоп этиш