АОКАда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Абдусамад Абдукаримов иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда қайд этилишича, бугунги кунга қадар ишонч телефони ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали мажбурий меҳнат ва меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 283 та мурожаат келиб тушган. Шундан, 26 таси мажбурий меҳнатга жалб қилинганлик, 27 таси муносиб меҳнат шароитлари яратилмагани, 219 таси терим пуллари ўз вақтида берилмаётгани ва 1 кг қўлда териладиган пахтанинг нархи тўғрисидаги мурожаатлардир.
Мавсум давомида 350 нафардан ортиқ меҳнат инспектори мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда меҳнат шароитлари яратилиши юзасидан 22 мингта ташкилот, фермер хўжалиги ва далаларда мониторинглар ўтказди.
Ўрганишлар давомида 37 та мурожаат қаноатлантирилди, 200 га яқин мурожаат бўйича теримчилар ва иш берувчиларга тушунтириш берилди, 35 та мурожаатдаги важлар ўз тасдиғини топмади.
Давлат меҳнат инспекцияси ходимлари томонидан ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, 13 та фермер хўжалиги раҳбарига ёзма кўрсатма, 5 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА
- Қўшилди: 25.10.2024
- Кўришлар: 920
- Чоп этиш