Ўзбекистон ташқи сиёсатини белгиловчи асосий йўналишлардан бири – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) билан ҳамкорлигимиз сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганига барчамиз гувоҳмиз. Айниқса, дунёда кечаётган глобаллашув жараёнлари башарият тараққиётига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, турли таҳдид ва хавф-хатарларни ҳам намоён этаётган бир шароитда жаҳондаги ушбу энг нуфузли халқаро тузилма билан тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида самарали ҳамкорлик қилиш халқимизнинг туб миллий манфаатларига тўла мос келади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг аввалги сессияларида сўзлаган нутқларида ташкилотнинг бундан кейин ҳам халқаро муносабатларда ҳал қилувчи ўрин тутишини таъкидлаб, давлатимизнинг бу борадаги ташқи сиёсий позициясини глобал ва минтақавий аҳамиятга эга аниқ ташаббуслар мисолида ифодалаб берган эди.
Мамлакатимиз раҳбарининг юбилей анжуман – 80-сессияда илгари сурган ташаббуслари ҳам бутун дунё, жумладан, минтақамиз учун ғоят муҳим аҳамиятга эгалиги билан ажралиб туради.
Аввало, Ўзбекистон етакчиси замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида БМТ Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтиришга чақирди. Гап шундаки, БМТ Хавфсизлик Кенгаши Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги даврда, дунёнинг сиёсий манзараси ҳозиргидан тубдан фарқ қиладиган вақтда шаклланган. Бугунги кунда дунё терроризм, кибержиноятчилик, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва энергия хавфсизлиги каби янги ва мураккаб хавф-хатарларга дуч келмоқда.
Хавфсизлик Кенгашининг ҳозирги таркиби ва иш услублари бу хавф-хатарларга етарлича самарали жавоб бера олмайди. Ўзбекистон БМТни трансформация қилиш орқали унинг замонавий хавф-хатарларга қарши курашиш қобилиятини оширишни мақсад қилади. Кенгайтирилган кенгаш таркибига ривожланаётган давлатлардан вакиллар киритилиши, бу мамлакатларнинг ҳам овози эшитилиши ва манфаатлари ҳисобга олинишини таъминлайди. Ўзбекистон ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш орқали глобал адолат ва тенгликни таъминлашга интилади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг ҳолда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар жараёнига батафсил тўхталди. Мамлакатимизда демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий, инсон қадрини юксалтиришга хизмат қиладиган Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсати олиб борилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқарди. Таълим ва илм-фан соҳасининг ўзгараётгани, инновацион тармоқлар ва технологик саноат корхоналари барпо этилаётгани, “яшил” энергетика ва транспорт инфратузилмаси модернизация қилинаётгани, кичик бизнес ҳар томонлама ривожланиши натижасида миллионлаб иш ўринлари яратилаётгани бу ютуқларга сабаб бўлмоқда. Педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш таклифи дунёнинг турли мамлакатларидан келадиган педагоглар ва таълим соҳаси мутахассисларига ўз тажрибаларини ўртоқлашиш, янги билимлар олиш ва энг яхши амалиётларни ўзлаштириш, таълимдаги инновацион ёндашувлар, замонавий технологиялар ва ўқитиш методларини муҳокама қилиш, Ўзбекистон педагогларига ўз фаолиятида янгиликларни қўллашга ёрдам беради.
Мамлакатимиз етакчиси БМТ бош қароргоҳида болалар саратони ва бошқа оғир касалликларга қарши курашга бағишланган юқори даражадаги тадбир ўтказиш ташаббусини билдирди. Бу орқали турли мамлакатлар, халқаро ташкилотлар, соғлиқни сақлаш муассасалари ва юқори малакали мутахассисларни бирлаштириш, глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш, оғир касалликларга қарши кураш учун қўшимча маблағ жалб қилиш мумкин бўлади. Ташаббус Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларга содиқлиги ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларини кўрсатади.
Минтақамиз миқёсида Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириб, мунтазам ўтказиб бориш таклифи илгари сурилди. Форум хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш, уларнинг муаммоларига ечим топиш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, илғор ва инновацион тажрибаларни ўрганиб бориш, минтақада гендер сиёсатини такомиллаштириш учун қулай шароит яратади. Ушбу платформа орқали хотин-қизлар ўз фикрларини билдиришлари, сиёсий ўзгаришлар учун курашишлари ва жамиятнинг ривожланишига таъсир кўрсатишлари мумкин. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий йўналишларидан бири – Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни таъминлашдан иборат. Бугунги кунда ушбу мақсадга эришилди, минтақада сиёсий ва иқтисодий алоқалар тубдан ўзгарди. Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди.
Сўнгги йилларда минтақамизда ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми беш баробаргача кўпайди. Қўшма инвестиция жамғармалари, чегара ҳудудларида савдо ва саноат зоналари ташкил этилди, йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари минтақавий интеграцияни такомиллаштириш йўлида самарали механизмга айланди. Шу нуқтаи назардан, Бош Ассамблеянинг Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир резолюциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди.
Ўзбекистон Президенти Афғонистондаги вазиятга тўхталар экан, афғон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақириб, бу давлатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ўта муҳимлигини алоҳида таъкидлади. БМТ резолюцияси халқаро ҳамжамиятни Афғонистонни қўллаб-қувватлаш ва ушбу мамлакатда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақиради. Ўзбекистон Президентининг таклифи Афғонистонни минтақавий иқтисодий ҳамкорликка жалб қилиш, иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган муҳим қадамдир.
Президентимиз халқаро хавфсизликни таъминлаш, шу жумладан, Яқин Шарқ ва Европадаги кескинлик ва қарама-қаршиликларни дипломатик йўллар билан ечишга чақирди. Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини бажариш бўйича олиб бораётган ишларни юқори баҳолаб, бу борадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда тузилган Реабилитация ва қайта интеграция масалалари бўйича Минтақавий Кенгашини Халқаро компетенциялар марказига айлантириш таклифи минтақавий хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади. Марказ муаммоли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни тинч ҳаётга мослаштириш бўйича тажриба алмашиш ва ўз навбатида, радикализм ва экстремизмнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Яна бир муҳим ташаббус – БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш учун зарур шароит яратишга тайёрлик билдирилгани. Бу Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият билан терроризмга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга содиқлигини намоён этади. Мазкур офиснинг очилиши минтақада терроризмга қарши кураш бўйича маълумот алмашинувини жадаллаштириш, таҳлилий ишларни кучайтириш ва тегишли чора-тадбирларни самарали амалга оширишга хизмат қилади. “Барқарор ривожланиш мақсадлари учун ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш” механизмини жорий этиш ташаббуси глобал иқтисодиётнинг барқарор ўсишида транспорт алоқаларининг муҳим аҳамиятини англашга асосланган. Халқаро транзит йўллари нафақат товарлар ва хизматлар ҳаракатини таъминлайди, балки мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб қилиш ва янги иш ўринларини яратишга ҳам хизмат қилади. Ушбу глобал механизмнинг жорий этилиши транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, логистика марказларини қуриш, мавжуд йўлларни таъмирлаш ва янгиларини барпо этиш, шунингдек, темир йўл ва ҳаво транспортини ривожлантириш, транзит жараёнларини соддалаштириш, божхона тартиб қоидаларини оптималлаштириш, чегаралардаги текширувларни тезлаштириш ва электрон ҳужжат айланишини жорий этиш, халқаро транзит йўлларида хавфсизликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш, терроризм ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш ишига кўмаклашади. Ўзбекистон Президенти иқлим ўзгариши ва барқарор ривожланишга оид глобал муаммоларга ечим излашга чақирди. Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларига тўхталиб, ушбу экологик фожиа жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат марказида бўлиши лозимлигини таъкидлади. Ўзбекистон Оролбўйи экотизимини қайта тиклашга қаратилган ишларни изчил давом эттирмоқда ва сўнгги йилларда денгизнинг қуриган тубида – 2 миллион гектар майдонда шўрга чидамли чўл ўсимликлари экилди. 2030 йилгача ушбу ҳудуднинг 80 фоиз қисмида яшил қопламалар ҳосил қилиш режалаштирилган. Сув ресурсларининг тақчиллиги муаммоси ҳам эътибордан четда қолмади. Ўзбекистонда Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш ташаббуси билдирилди. Мазкур анжуман якунлари бўйича Сув инқирозини барқарор тараққиёт учун жиддий таҳдид сифатида белгилаш ва бу борада глобал даражада инновация технологияларини жорий этиш учун алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилиш мўлжалланмоқда. Экологик ўзгаришларнинг яна бир салбий кўриниши – иқлим миграциясининг кучайиб бораётганидир. Президентимиз ушбу йўналишда аниқ халқаро механизмлар ва ҳуқуқий база ҳанузгача яратилмаганини қайд этди. Шу муносабат билан бу жиддий масалада кенг халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича Глобал пакт қабул қилишга чақирди.
Президентимиз ёш авлоднинг келажакдаги ролига муҳим урғу бериб, ёшларга тинчлик, гуманизм, дўстлик каби эзгу қадриятларни сингдириш орқали дунё фаровонлигига эришиш мумкинлигини таъкидлади. Ўзбекистоннинг бу борадаги ташаббуслари, хусусан, “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш таклифи ҳамда Ислом цивилизацияси марказининг очилиши каби муҳим лойиҳалар Ўзбекистоннинг ёшлар сиёсатига, тинчликпарварликка ва ислом маърифатини тарғиб қилишга қаратилган стратегик йўналишларини акс эттиради.
Ўзбекистон раҳбарининг БМТ доирасида илгари сурган таклиф ва ташаббуслари халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, барқарор тараққиётга эришиш мақсадларига улкан амалий ҳисса бўлиб қўшилаётгани дунёнинг нуфузли экспертлари томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.
Абдурафиқ Ҳошимов,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия
университети ҳузуридаги
Дипломатия академияси
кафедра мудири
ЎзА
- Қўшилди: 29.09.2025
- Кўришлар: 307
- Чоп этиш