Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ)да “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи: хавфсизлик соҳасида ҳамкорликнинг янги кун тартиби” мавзусида экспертлар конференцияси бўлиб ўтди. МОХИ ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилган форумда икки томон вазирлик, идоралари, дипломатик ваколатхоналари, етакчи таҳлилий ва тадқиқот марказлари 100 дан зиёд вакили иштирок этди.
Европа Иттифоқидан Марказий Осиё бўйича махсус вакил Терҳи Хакала, Терроризмга қарши кураш бўйича мувофиқлаштирувчи Бартян Вегтер, ЕИ Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан, Европа Кенгашининг Терроризмга қарши кураш бўйича ишчи гуруҳи раиси, Бельгия Ташқи ишлар вазирлиги Терроризмга қарши кураш бошқармаси директори, элчи Николас Нихон, шунингдек ЕИ томонидан молиялаштириладиган дастур масъуллари, лойиҳа менежерлари ҳамда ҳамкорлик форматида фаолият олиб бораётган турли бўлинмалар экспертлари қатнашди.
Марказий Осиё давлатларидан илмий-тадқиқот тузилмалари мутахассислари, ёндош вазирлик, идоралар вакиллари ҳозир бўлишди.
Конференцияда сўзга чиққан мутахассислар шерикликнинг жорий ҳолати ва истиқболи, алоқаларни янада ривожлантириш, олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш йўллари ва бошқа муҳим масалалар юзасидан атрофлича фикр билдирдилар.
Терҳи Хакала, ЕИ Марказий Осиё бўйича махсус вакили:
– 2023 йил Чўлпон-Отада бўлиб ўтган давлат раҳбарлари учрашувида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари ушбу конференцияни ўтказишни таклиф қилганда мен ўша ерда эдим. Шундан буён минтақавий ҳамкорликда кўплаб ютуқларга эришдик. Мазкур анжуман орқали жипслигимиз янада мустаҳкамланаётганидан мамнунман. Ишончим комилки, бугунги мулоқот олдимизда турган, тез ўзгарувчан хусусиятга эга хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларга яхши ечим топишга ёрдам беради.
Жавлон Ваҳобов, МОХИ директори:
– Муҳим йўналишлардан бири сифатида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг мазмунли мундарижасини шакллантирганмиз. Шу нуқтаи назардан минтақа мамлакатлари ва Европа Иттифоқи ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасида эксперт алмашинуви ҳамда амалий ҳамкорликни кучайтириш, шунга мос равишда анъанавий ёндашувларни қайта кўриб чиқиш зарурати ортмоқда.
Музаффарбек Мадраҳимов, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари:
– Бугунги кун воқелиги Европа ва Марказий Осиё учун хавфсизлик таҳдиди умумийлигини, трансмиллий хатарларга қарши курашдаги яқин манфаатимизни чуқурроқ англаш зарурлигини тасдиқлайди.
Бартян Вегтер, ЕИ Терроризмга қарши кураш бўйича мувофиқлаштирувчиси:
– Террорга қарши самарали кураш олиб бориш учун чегаралар оша, минтақавий ва халқаро миқёсда ҳамкорлик қилишимиз керак. Бу конференция Европа ва Марказий Осиё қай тарзда биргаликда ҳаракат қилиши, қаерда ўзаро қўллаб-қувватлаши, бир-биридан нимани ўрганиши мумкинлигини муҳокама қилиш учун ажойиб имконият.
Шарлотта Адриан, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси:
– Ўзаро боғлиқлик кучайиб бораётган дунёда ҳеч бир мамлакат ёки минтақа хавфсизликка оид ноанъанавий таҳдидларни мустақил енга олмайди. Бугунги муҳокама давомида экспертлар, хавфсизлик амалиётчилари фикрларини тингладик. Жорий ҳамкорлик ҳолатини, мавжуд лойиҳаларни таҳлил, сарҳисоб қилдик.
Тадбирда хавфсизлик томонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири экани, айни пайтгача ЕИ томонидан молиялаштириладиган хавфсизлик билан боғлиқ лойиҳалар доирасида икки юздан ортиқ минтақавий тадбир ўтказилгани, минглаб юқори малакали мутахассис тайёрланаётгани, чегара хизмати ва божхона манзиллари модернизация қилинаётгани айтиб ўтилди.
BOMCA, CADAP, LEICA дастурлари кўмагида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳалар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари бўйича таклифлар билдирилди.
Террор мафкураси ва ташвиқотининг интернет орқали тарқалишига қарши курашни кучайтириш зарурлиги таъкидланиб, БМТ Хавфсизлик Кенгаши терроризмга қарши кураш бўйича резолюцияларини изчил амалга оширишга чақирилди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари барқарор ривожланишига таъсир этувчи мавжуд муаммоларни кучайтириш, янги муаммолар пайдо бўлиши шароитида ҳамкорликка янгича ёндашувлар ишлаб чиқиш ниҳоятда муҳим эканини таъкидладилар.
Ғ.Хонназаров, ЎзА
- Қўшилди: 28.05.2024
- Кўришлар: 1365
- Чоп этиш