Айни кунларда Самарқанд шаҳрида БМТнинг ёввойи ҳайвон турларининг кўчиб юришини сақлаш бўйича Конвенция (CMS COP14) иштирокчилари Конференциясининг 14-йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Жаҳон банкининг атроф-муҳит, табиий ресурслар ва яшил иқтисодиёт бўйича глобал директори Валерия Ҳикки Ўзбекистон ҳукуматининг бу борада олиб бораётган ишларини ижобий баҳолади.
Самарқанддаги йиғилишда иқлим ўзгариши, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, ёввойи ҳайвонларни асраб қолиш бўйича дунёнинг нуфузли ташкилотлари вакиллари қатнашмоқда. Улар Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда атроф-муҳит софлигини сақлаш бўйича олиб бораётган ишларига ижобий баҳо беришмоқда.
Жумладан, йиғилиш қатнашчиси – Жаҳон банкининг атроф-муҳит, табиий ресурслар ва яшил иқтисодиёт бўйича глобал директори Валерия Ҳикки Ўзбекистонда олиб борилаётган ишларни ижобий баҳолайди.
“Сўнгги йилларда Самарқандда, умуман Ўзбекистонда экология масалалари муҳокама этиладиган кенг кўламли тадбирлар ўтказилмоқда. Жаҳон банкининг асосий вазифаларидан бири қашшоқликни камайтириш билан боғлиқ. Экология муаммолари бунга таъсир қилмасдан қолмайди. Ушбу конференцияда бизнинг мақсадимиз фақат ёввойи ҳайвон турлари йўқолиб кетишининг олдини олиш эмас, балки табиатни асраш, Ўзбекистон ва Марказий Осиё тажрибасини ўрганиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш. Биз давлатингиз раҳбарининг ушбу йўналишдаги таклифларини ва қарорларини қўллаб-қувватлаймиз. Эътиборлиси шундаки, Ўзбекистон қўшни мамлакатлар билан яхши муносабатлар ўрнатган ва музокаралар орқали улар билан биргаликда иқлим ўзгаришига қарши курашмоқда. Айнан шунинг учун мамлакат ёввойи ҳайвон турларининг йўқолиб кетишининг олдини олишда натижаларга эришмоқда”, дейди у.
Маълумот учун БМТнинг ёввойи ҳайвон турларининг кўчиб юришини сақлаш бўйича Конвенцияси (CMS COP14) иштирокчилари Конференциясининг йиғилишлари ҳар уч йилда бир ўтказилади.
Самарқанддаги халқаро тадбир 17 феврал кунигача давом этади ва унда ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини яшаш муҳитини сақлаш ва тиклаш масалалари, шунингдек, ҳаддан ташқари эксплуатация, яшаш жойларининг йўқолиши ва парчаланиши, ифлосланиш ва иқлим ўзгариши каби турларга таҳдидлар муҳокама қилинади.
Kun.uz
- Қўшилди: 16.02.2024
- Кўришлар: 2214
- Чоп этиш