Ўзбекистонда «Ижрочилар, фонограмма тайёрловчилар ва эшиттириш ташкилотлари ҳуқуқларини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги халқаро конвенция (Рим, 1961 йил 26 октябрь) ратификация қилинмоқда.
Мазкур конвенция иштирокчи давлатларда хорижий турдош ҳуқуқ эгаларининг ижрочилар, фонограмма яратувчилар ва эшиттириш тайёрловчи ҳамда узатувчи ташкилотларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, иштирокчи давлатларнинг ижрочилари, фонограмма тайёрловчилари ва эфирга узатувчи ташкилотларига нисбатан миллий режимни таъминлашга бўлган ҳуқуқлари Берн конвенцияси бўйича муаллифлик ҳуқуқи доирасида муҳофаза этилишига ҳамда ушбу медиа маҳсулотлардан ноқонуний асосда фойдаланишнинг олдини олиш имконини беради.
Ҳозирги кунда республикамиз ҳудудида хорижий турдош ҳуқуқ эгаларининг ижро, фонограмма, эшиттиришларга бўлган ҳуқуқлари Берн конвенцияси бўйича муаллифлик ҳуқуқи доирасида муҳофаза этилади. Лекин ўрганишлар жараёнида хорижий ҳуқуқ эгаларининг ижросидан, фонограммасидан, эшиттиришлар тайёрловчи ташкилотларнинг эшиттиришларидан шартномасиз (ноқонуний) фойдаланиш ҳолатлари ҳам аниқланган.
Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги халқаро шартномаларга қўшилиш ва улардаги нормалар ижроси таъминланиши мамлакатимизнинг жаҳондаги имижи ҳамда инвестицион жозибадорлигини ошириш билан бир қаторда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб киришида Интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо аспектлари тўғрисидаги битим қоидаларини имплементация қилиш имконини беради.
«Ижрочилар, фонограмма тайёрловчилар ва эшиттириш ташкилотлари ҳуқуқларини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги халқаро конвенцияни (Рим, 1961 йил 26 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси парламент қуйи палатаси мажлисида кўриб чиқилиб, қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
М.Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 27.03.2024
- Кўришлар: 2109
- Чоп этиш