9 февраль – Алишер Навоий таваллуд топган кун
Алишер Навоий ҳаётлик чоғидаёқ мусулмон шарқида катта довруғ таратган, унинг шеърлари ўзининг таъбири билан айтганда Хитойдан Хуросонгача, Шерозу Табризгача етиб борганди.
Буюк шоир асарларини маҳорат билан кўчириб, ўша даврдаги ўқувчиларга ва асрлар оша бугунги кунимизга етиб келишига катта ҳисса қўшган хаттотлардан бири, асли Хоразмдан бўлган машҳур хаттот ва шоир Абдурраҳим Хоразмий – Анисийдир.
Анисий ҳақида бизгача жуда кам маълумотлар етиб келган. Туркия Диёнат вақфи томонидан чоп этилган “Ислом энциклопедияси”да ёзилишича, Анисий Шерозда, хоразмлик хаттот Абдурраҳмон Хоразмий оиласида туғилган, даставвал Шерозда, Оққўюнли ҳукмдори Узун Ҳасаннинг ўғли Султон Халил саройида, кейинчалик Табризда, ҳукмдор Султон Яъқуб саройида яшаб ижод қилган. Абдурраҳим Хоразмийнинг туғилган ва вафот этган йиллари маълум эмас. Яъқубий, Султоний, Анисий, Рустамий сингари тахаллуслардан фойдаланган. Шеърлари жамланган девонни ўз қўли билан 899/1494 йилда кўчириб, Оққўюнли сулоласи вакилларидан бўлган Амир Муҳаммадга туҳфа қилган. Анисий томонидан кўчирилган бир қатор қўлёзмалар – “Мунтахаботи ғазалиёт” (Аё София, Сулаймония кутубхонаси, №3946), “Мунтахаботи ашъори форсий” (Истанбул университети кутубхонаси), Низомийнинг “Хамса”си (Тўпқопи саройи кутубхонаси №762) бизгача етиб келган.
Котибнинг отаси Абдурраҳмон Хоразмий томонидан кўчирилган қўлёзмалар 1436-1462 йиллар оралиғига тўғри келади. Чамаси Абдурраҳмон Хоразмий XV асрнинг бошида Хоразмда туғилган, ёшлик йилларида Шерозга кўчиб келган ва шу ерда яшаб қолган. Унинг икки ўғли Абдулкарим ва Абдурраҳим ҳам ота касбини давом эттириб, котиблик билан шуғулланишган, настаълиқ хатида маҳорат билан ёзишда довруғ қозонишган. Абдулкарим ҳам акаси ва отаси сингари котиблик қилиш билан бирга “Подшоҳ” тахаллуси билан шеърлар битгани маълум.
Таниқли олим Афтондил Эркинов томонидан топилиб, “Оққўюнли мухлислар девони” номли шартли ном билан фанга олиб кирилган ноёб қўлёзма ҳам бевосита Анисий томонидан кўчирилган бўлиб, унда Алишер Навоийнинг илк ғазаллари ва бош шеърлари девон кўринишига келтирилган.
Настаълиқ хатида битилган ушбу қўлёзма 67 варақдан иборат. Қўлёзманинг қандай Мисрга бориб қолгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Девон хотимасидаги маълумотларга эътибор қаратсак, у 876 йили ражаб ойининг 12-куни, (1471 йили 24 декабрда) кўчирилган. Бу пайтда Навоий ҳали 30 ёшли йигит эди.
Сафавийлар сулоласининг вакили Сом Мирзо (1517-1576) ўзининг «Туҳфаи Сомий» тазкирасида Абдурраҳим Хоразмийни Мавлоно Анисий номли шоир сифатида таништириб, унинг 30 йилдан кўпроқ Оққўюнлилар саройида хизмат қилганини қайд этган. Абдурраҳим Хоразмий – Анисий Навоий девонидан ташқари Абдураҳмон Жомий шеърларини ҳам кўчиргани тахмин қилинади.
Хўш, Навоий билан бир пайтда яшаган хаттот Анисий улуғ шоирнинг ўзи билан учрашган бўлиши мумкинми? Юқоридаги манбаларни ўрганиб тахмин қиладиган бўлсак, Анисий Навоий билан кўришмаган. Чунки, Навоий ўзи ўқиган, эшитган, билган, таниган шоирлар, муаллифлар, котиблар ҳақида, ҳатто уларнинг шахсияти ва ижоди у қадар мақтовга арзимаса-да, имкон қадар маълумот бериб ўтишга ҳаракат қилган. Навоий “Мажолисун-нафоис” тазкирасининг иккинчи мажлисида Мавлоно Анисий номли шоир ҳақида тўхталиб ўтади. Аммо у ҳақдаги маълумотлар биз тилга олган хоразмлик котибнинг таржимаи ҳолига унча тўғри келмайди. Биринчидан, Алишер Навоий Мавлоно Анисийни марҳум шоирлар қаторида тилга олади. Аммо, юқоридаги манбалардан биламизки, Абдурраҳим Хоразмий 1494 йилгача Оққўюнлилар саройида хизмат қилган. “Мажолисун-нафоис” эса, 1491 йилда ёзилган эди. Қолаверса, Навоий Мавлоно Анисийнинг қабрини Ҳиротда деб билади. Бироқ, Абдурраҳим Хоразмий умрининг охирида Ҳиротда яшагани ҳақида маълумотларга дуч келмадик.
“Мажолисун-нафоис”нинг Ҳакимшоҳ Муҳаммад Қазвиний томонидан 1522 йилда форсчага қилинган эркин таржимасида, Навоийга қўшимча равишда Оққўюнлилар саройида фаолият кўрсатган бир қатор шоирлар ва котиб ҳақида маълумот бераркан, Мавлоно Анисий – Абдурраҳим Хоразмий ҳақида ҳам маълумот бериб ўтади.
Хуллас, ўзи яшаган замон ва маконда, шоир ҳамда котиб сифатида довруғ таратган ҳамюртимиз Абдурраҳим Хоразмий буюк шоир Мир Алишер Навоий ижодидан яхши хабардор бўлган, унинг шеърларини ўғуз лаҳжасида кўчирган. Анисий шахси ўзбек халқининг ва адабиётининг бир вакили, Навоий билан бир пайтда яшаган ватандошимиз сифатида эъзоз ва эҳтиромга лойиқ.
Рустам ЖАББОРОВ,
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
ЎзА
- Қўшилди: 08.02.2024
- Кўришлар: 2460
- Чоп этиш