Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси томонидан намоён этилган таҳсинга сазовор етакчилик ва мақтовга лойиқ мавқе минатдорлик ҳиссини уйғотди. Ислом таълимоти ва халқаро инсон ҳуқуқлари нормаларига мувофиқ ёшлар ҳуқуқларини яхшироқ тушунишни рағбатлантириш учун Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо барча давлатлар ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш зарур.
Бу эътироф ва таъкидлар Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо мамлакатларида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент Декларациясида баён этилган. Тошкент Декларацияси шу йил 7-8 октябрь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги 6-семинари якуний ҳужжати сифатида қабул қилинди.
Халқаро анжуман иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватладилар.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўзининг йирик халқаро анжуманига нима сабабдан айни шу мавзу, яъни ёшлар ҳуқуқлари масаласини танлади, деган савол туғилиши табиий. Чиндан ҳам, бу бежиз эмас.
Бугунги кунда ёшлар аксарият мамлакатларда, айниқса, ИҲТга аъзо давлатларда аҳолининг катта қисмини ташкил этади. Бизнинг ушбу аҳоли қатламига нисбатан бефарқ ёндашувимиз жамиятларимиздаги барқарорлик ва тинчлик-осойишталикни таҳдид остига қўйиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, ИҲТ Комиссияси ёшларнинг ҳуқуқлари ва салоҳиятлари тинчликсевар ва демократик жамиятлар барпо этишда муҳим аҳамият касб этишини ҳисобга олган ҳолда мазкур семинарни ўтказди. Семинар давомида инсон ҳуқуқлари соҳасида ёшлар билан боғлиқ қандай муаммолар мавжудлигини аниқлаш ва уларни ҳал этишнинг энг мақбул йўллари белгиланди.
Семинарда ёшлар ҳуқуқларини давлат сиёсати даражасига чиқаришнинг йўллари ва усулларига доир таклифлар ҳам ишлаб чиқилгани ғоят аҳамиятлидир. Бу борада амалга ошириладиган муҳим чора-тадбирлар ёш авлодга ҳаётнинг барча соҳаларини ривожлантиришда, шу жумладан барқарор тараққиётни таъминлашга кўмаклашишда ҳисса қўшиш учун имкониятлар яратишига ишончимиз комил.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи инсон ҳуқуқлари соҳасини инсониятга нисбатан ваҳшийлик оқибатларига қарши курашдан дунёнинг келажагини белгилайдиган соҳага ўзгартириши мумкин бўлган ташаббуснинг бошланғич нуқтаси бўлиб хизмат қилишни алоҳида таъкидлаш лозим.
Давлатимиз раҳбарининг БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилиш таклифи билан жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилгани замирида қандай эзгу ғоя мужассам? Фикримизча, кўплаб ёшлар террорчилик ташкилотларига жалб қилинаётгани ва ёлланаётганини ҳисобга олган ҳолда киритилган ушбу муҳим таклифдан кўзланган асосий мақсад дунё мамлакатларининг ёшларга оид сиёсатини белгилаб берадиган ва йўналтирадиган замонавий халқаро ҳуқуқий ҳужжатга эга бўлишдан иборатдир.
Бинобарин, Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, дунё миқёсида мувофиқлаштирилган стратегиялардан фойдаланган ҳолда жаҳон ёшлари муаммоларини ҳал қилиш 30 ёшгача бўлган ёшлар томонидан содир этилган бошқа жиноятлар қатори экстремизмга қарши курашиш ҳамда аввало уларнинг муаммолари сабабларига барҳам беришга қаратилган.
Ислом дини ёшлар ҳаётида, уларнинг жамият тараққиётида тутган ўрнини белгилашда улкан аҳамиятга эга. Шу маънода, ёши улуғ инсонлар навқирон авлодларга юксак ўрнак кўрсатиши, ўзимиз яшаётган ислом жамиятининг таянч устунлари бўлмиш қадриятлар тизимини қўллаб-қувватлаш ва авлодларга етказиш борасида ўсиб келаётган фарзандларимизга муносиб намуна бўлиши лозим.
Шунингдек, фаол инсонлар ва сиёсатчилар сифатида ҳам ёшларимизнинг хулқ-атвори шаклланишига эътибор қаратишимиз талаб этилади. Хусусан, фарзандларимизнинг ижобий куч-қувватини камситишларсиз жамият барпо этишга йўналтиришимиз зарур.
Ёшлар ҳуқуқлари – бу навқирон авлод ўзининг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини тўла рўёбга чиқариши, деганидир. Бу ҳуқуқ ва эркинликлардан ҳар бир инсон фойдаланиши зарур бўлгани ҳолда, айримларга ёши нуқтаи назаридан бу борада чекловлар қўйилади. Бундай ҳолатлар эса ўсиб келаётган авлодларга салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Бу каби вазиятлар баъзан очиқ, яъни ёш бўйича чекловлар мисолида намоён бўлади.
Баъзан эса бундай вазиятни сезиш осон эмас, яъни ёшларга нисбатан салбий муносабат яширинча қарашлар, ёв тушунча ва эътиқодлар замирида ётган бўлади. Оқибатда эса ёшлар ўз ҳуқуқларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолаверадилар.
Навқирон авлоднинг ёши нуқтаи назаридан турли ғов-тўсиқларга дучор бўлаётганини ҳисобга олсак, ёшларни, айниқса, қиз болаларни уларга қарши қаратилган камситишлардан ҳимоя қилиш учун астойдил курашиш зарурлиги яққол аёнлашади.
Ҳозирги кунда ИҲТга аъзо кўпгина мамлакатларда ёшлар ҳуқуқлари борасидаги аҳвол қониқарлилик даражасидан анча қуйида эканидан кўз юмиб бўлмайди. Навқирон қатламнинг катта қисми фаол эмас, фаол иш излаётган ёшлар эса жиддий муаммоларга дуч келмоқда.
Мусулмон олами ёшларининг ижтимоий ҳаракатчанлиги чеклангани ҳамда ижтимоий, маданий, иқтисодий ва сиёсий фаолиятда иштирок этишларига турли чекловлар қўйилгани оқибатида улар қаттиқ руҳий зарбани ҳис этиб яшамоқда. Аксар ҳолларда навжувон аёллар ва бўй қизларнинг захиралар, товарлар ва хизматлардан фойдаланиши борасидаги тенгсизликлар туфайли кўпинча улар йигитларга нисбатан ҳам кўпроқ зиён кўрмоқда.
Ғоят фаол кибермакон мавжуд бўлган ҳозирги замонавий шароитда имкониятлар борасидаги бундай етишмовчиликлар бир қатор мамлакатларда ижтимоий беқарорлик ва сиёсий тартибсизликларни келтириб чиқармоқда.
Навқирон йигит-қизларимизга келажагимизни ҳаракатлантирувчи асосий шижоаткор куч сифатида қарашимиз лозим. Уларнинг сифатли таълим олиши, ўзлаштирган илми ва касб-ҳунари билан иқтисодиётга муносиб интеграциялашиши, юқори самарадорликка эга ва рақобатбардош мутахассислар бўлиб етишиши масалалари алоҳида диққат марказимизда туриши ниҳоятда зарур.
Ёшларни ҳеч қандай камситишларга дучор этмаган ҳолда, жамиятнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётида тўлиқ иштирок этишлари учун уларга кўмак, овоз ва имконият берилиши даркор.
Бугун биз Барқарор тараққиёт мақсадлари ҳақида кўп эшитаяпмиз. Барқарор тараққиёт мақсадлари, айниқса, 16-Мақсад ёшларни ижтимоий жиҳатдан бирлаштиришга қаратилган. Хусусан, унда умумий одил судловнинг ҳаммага бирдек очиқлиги, тинчликсевар ва камситишларга йўл қўйилмайдиган жамиятларни ривожлантириш мақсадида тегишли ҳисобдор ташкилотларнинг изчил иш олиб бориши зарурлиги қайд этилган.
Энди ана шу узоқ муддатли мақсадларга эришиш учун давлатлар ўзларининг тегишли қонун, стратегия ва дастурларини қабул қилишлари тақозо этилади. Шунингдек, самарали мониторинг ва баҳолаш механизмларини татбиқ қилиш зарур.
Бунинг натижасида тўпланган маълумотларни давлатларнинг маърузалари шаклида давлатлараро институтларга тақдим этилиши ўринлидир. Бу, ўз навбатида, ўзаро мазмун-моҳиятли мулоқотлар олиб бориш учун асос бўлади.
Шу билан бирга, афсуски, дунё миқёсида ҳалига қадар ёшларнинг аниқ ҳуқуқларини белгилашга доир биронта алоҳида ҳужжат ёки восита мавжуд эмас. Шу тариқа Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳуқуқий конвенция бугун навқирон авлод дуч келаётган аниқ-равшан муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин.
Айни чоғда, ёшлар ҳуқуқларига доир махсус ҳужжат бўлмаган ҳолатда, ёш авлоднинг ҳуқуқларини амалга ошириш учун инсон ҳуқуқлари соҳасида мавжуд воситалардан фойдаланиш тақозо этилади. Бу жараёнга ёшлар ташкилотлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни жалб этган ҳолда, мазкур воситалар кўмагида тайёрланган глобал даврий шарҳларни очиқ-ошкора тақдим этиш мумкин.
ИҲТга аъзо давлатлар “Ёшлар учун инсон ҳуқуқлари бўйича махсус услубиётлар”ни яратиш масаласини ҳам муҳокама қилса бўлади. Шунингдек, инсон ҳуқуқларига асосланган ҳолда, давлатлар учун ёшларга доир сиёсатнинг раҳбарий принципларини ишлаб чиқиш мумкин.
Юртимиз пойтахтида икки кун давомида очиқ ва амалий мунозаралар руҳида бўлиб ўтган халқаро анжуманда бу долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Форум иштирокчилари тинч-тотув ва демократик жамият барпо этиш ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш учун ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритдилар.
Миллий ва халқаро экспертлар мазкур асосий мавзунинг турли жиҳатлари ёритилган нутқ ва маърузаларини тақдим этишди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, ИҲТ Бош котибининг вакили Маҳа Акил ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг вакили Ричард Коменданинг нутқлари шулар жумласидандир.
Ислом мамлакатлари учун статистика, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар ҳамда кадрлар тайёрлаш бўйича марказ вакили, профессор Сем Тентин ИҲТда иштирок этувчи давлатлар ёшларининг аҳволи тўғрисида маъруза қилди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг ёшлар ҳуқуқлари бўйича гуруҳи раҳбари Жорж Каронис, Европа Кенгашининг ёшлар бўйича маслахат кенгашининг раиси Анжа Олин-Папе, Ислом ҳамкорлиги ёшлар форуми директори Расул Омаров, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси ўринбосари Дилноза Каттахонованинг анжуман мавзуси доирасидаги нутқлари ҳам иштирокчилар диққатини тортди.
Мунозараларда ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолари – Гвинея вакили Алҳуссейн Тҳиам, профессор Айдин Сафиҳанли, Нигерия вакили – элчи Муҳаммед Лаввал Сулейман, Уганда вакили – Камади Бийонабий, Тунис вакили – Моҳамед Тоҳар Ҳамдий фаол қатнашди. Шунингдек, ИҲТга аъзо ва кузатувчи давлатлар, Инсон ҳуқуқлари бўйича бўйича миллий институтлар вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.
Шу ўринда айрим рақамларга тўхталаман. ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг Йиллик 6-семинарида 46 нафар хорижий иштирокчи қатнашди. Иштирокчиларнинг жами сони қарийб 150 нафарга етди.
Йиллик семинарнинг ялпи мажлисида 5 нафар халқаро ва миллий мутахассиснинг маърузалари тингланди. Мунозараларда ИҲТ Комиссиясининг 15 нафар аъзоси, ИҲТга аъзо давлатлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича институтларнинг 10 нафардан зиёд вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.
Бу кенг кўламли мунозара ва мушоҳадалар, ўз навбатида, ёшларнинг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларининг кенгайтиришга қаратилган амалий қарорлар учун замин бўлиб хизмат қилди. Натижада халқаро анжуман иштирокчилари якунловчи ҳужжат – Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо мамлакатларида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент Декларациясини қабул қилдилар.
Анжуман иши жараёнида, Тошкент Декларацияси муқаддимасида таъкидланганидек, Ислом динида ёши улуғлар навқирон авлод учун намуна бўлиб хизмат қилиши ва ислом жамиятлари ўзининг асосий қадриятлари тизимини ўзида жо қилган шахсиятларни шакллантиришга интилиши тасдиқланди.
Декларацияда инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси томонидан намоён этилган таҳсинга сазовор етакчилик ва мақтовга лойиқ мавқе минатдорлик ҳиссини уйғотгани эътироф этилди. Ислом таълимоти ва халқаро инсон ҳуқуқлари нормаларига мувофиқ ёшлар ҳуқуқларини яхшироқ тушунишни рағбатлантириш учун ИҲТга аъзо барча давлатлар ва ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Тошкент Декларациясида халқаро даражада ва ИҲТга аъзо мамлакатлар томонидан ёшлар ҳуқуқларини тўла таъминлаш йўлида келгусида амалга ошириладиган муҳим ташаббуслар баён этилган.
Бундан ташқари, пойтахтимизда ўтказилган халқаро анжуман доирасида бир қатор расмий тадбирлар ҳам ташкил этилди. Хусусан, мазкур нуфузли семинарга ташриф буюрган ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг Бирлашган Араб Амирликлари, Габон, Озарбайжон, Покистон, Уганда ва Қувайт давлатларидан сайланган янги аъзоларининг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти ўртасида ҳамкорликни кучайтириш тўғрисидаги Меморандум тасдиқланди. Ушбу ҳужжат Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти раиси Сулейман Арслан билан имзоланди.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг йирик халқаро анжумани Ўзбекистон ушбу нуфузли Комиссияга раислик қилаётган йилда бўлиб ўтгани алоҳида аҳамиятга эга. Семинар иши оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди ва унинг натижалари халқаро жамоатчилик томонидан юқори баҳоланмоқда.
ИҲТ Комиссиясининг йиллик 6-семинари якунида Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо мамлакатларида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент Декларацияси қабул қилингани эътиборга лойиқдир. Бу ҳужжатда тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилишга қаратилган амалий вазифалар ўз аксини топган.
Хулоса қилиб айтганда, буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари борасидаги халқаро муносабатларини янада фаоллаштириш ва янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича мустақил сиёсатини қатъий давом эттирмоқда ва бу сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда”.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
- Қўшилди: 13.10.2019
- Кўришлар: 5744
- Чоп этиш