Сенатнинг эллик биринчи ялпи мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, Омбудсман 2023 йилда янги конституциявий қоидалар асосида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш, соҳага оид миллий қонунчиликни ҳамда миллий превентив механизмни такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда бир қатор ишларни амалга оширган.
Хусусан, такрорий мурожаатларнинг олдини олиш чоралари кўрилиши туфайли ижобий натижаларга, жумладан, фуқароларнинг Омбудсманга қилган мурожаатлари асосида уларнинг манфаатларига қарийб 2 млрд сўмлик маблағларнинг ундирилишига эришилган.
Муҳокамалар жараёнида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш бўйича таъсир чоралари кўрилганлиги, оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишлари сони ошганлиги қайд этилиб, айниқса ОАВ ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилинган қийноқ ҳолатлари билан боғлиқ хабарларнинг ўрганилиши ва уларга тезкор муносабат билдирилиши ижобий баҳоланди.
Шу билан бирга, сенаторлар томонидан Омбудсман фаолияти юзасидан айрим таклифлар билдирилди.
Хусусан, Қонунда белгиланган таъсир чораларидан янада самарали фойдаланиш, мурожаатларни энг кўп келиб тушган ҳудудлар кесимида ўрганиш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда яратилган шарт-шароитларни ва у ерда сақланаётган шахсларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида мониторинг ташрифлари самарадорлигини ошириш, минтақавий вакилларнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ
- Қўшилди: 01.04.2024
- Кўришлар: 2149
- Чоп этиш