Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия раиси Танзила Нарбаева Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан Бутунжаҳон ижтимоий адолат кунига бағишлаб видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган “Европа ва Марказий Осиёда ҳар бир авлод учун ижтимоий адолатни таъминлаш” мазусидаги халқаро вебинарда иштирок этди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозим, 2009 йилдан буён дунё миқёсида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ҳар йили 20 февраль – Бутунжаҳон ижтимоий адолат куни (World Day of Social Justice) сифатида нишонлаб келинади. Ушбу халқаро сана БМТ Бош Ассамблеясининг 2007 йил 26 ноябрдаги резолюцияси билан таъсис этилган. Бутунжаҳон ижтимоий адолат кунининг мақсади – жаҳон ҳамжамияти эътиборини ижтимоий адолатни ривожлантириш зарурлигига қаратишдан иборатдир.
Мазкур сана муносабати билан Ижтимоий адолат учун Глобал Коалиция тузилганидан сўнг Халқаро Меҳнат Ташкилоти бутун дунё бўйлаб бир қатор тадбирлар ўтказмоқда. Ушбу тадбирлар кўп томонлама ва минтақавий институтларни, шунингдек, ХМТнинг уч томонлама иштирокчиларини дунёда қандай қилиб ижтимоий адолатга эришишни муҳокама қилиш учун бирлаштиради.
Вебинарда Ижтимоий адолатни ҳар томонлама таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишлар ҳамда ёшлар учун муносиб меҳнат, таълим олиш, ишга жойлаштириш борасида яратилган имкониятлар, тажрибалар, шунингдек, соҳада халқаро ҳамжамият хусусан, ХМТга аъзо давлатлар олдида турган вазифалар хусусида сўз юритилди, ўзаро фикр алмашилди.
Анжуман иштирокчилари, хусусан Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда БМТнинг ЮНИСЕФ болалар жамғармаси вакиллари томонидан Ўзбекистонда сўнгги йилларда муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш, инсон ҳуқуқларини, хусусан, бола ҳуқуқлари ва кафолатларини таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш, ушбу соҳаларга оид миллий қонунчиликни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак баҳоланди.
Тадбир сўнгида Халқаро меҳнат ташкилоти шафелигида бу каби мулоқот майдонларини янада кенгайтириш, ижтимоий адолат тамойилларини илгари суриш борасида илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашиш ишларини кучайтиришга келишиб олинди.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ
- Қўшилди: 12.02.2024
- Кўришлар: 1917
- Чоп этиш