Жорий йилнинг 7 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори вазифасини бажарувчи Консуэло Видал Брюс билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари билан ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, гендер тенгликни таъминлаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, экологик муаммолар, жумладан Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш масалаларига эътибор қаратилди.
Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалаларини ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ва давлат раҳбари томонидан халқаро майдонда илгари сурилган ташаббуслар БМТ томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланиши таъкидланди. Бу, ўз навбатида, ушбу нуфузли тузилма билан муносабатлар изчиллик касб этаётганини англатади.
Консуэло Видал Брюс хоним Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юксак баҳолаб, республикамизнинг БМТ билан ҳамкорлиги янги босқичда ривожланаётганини таъкидлади.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашув якунида тизимли мулоқотни давом эттириш, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, умуман ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни давом эттиришга келишиб олинди.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ
- Қўшилди: 08.05.2024
- Кўришлар: 1845
- Чоп этиш