Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 30 июнда қабул қилинган “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, бир томондан, Ҳаракатлар стратегиясидаги устувор вазифаларни тўлиқ бажариш, иккинчи томондан, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш соҳасида, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини олға суришда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш учун хизмат қилади.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида ҳам кечаги услуб, қотиб қолган қарашлардан воз кечиш фурсати аллақачон етган. Бугун одамлардан, Интернетдан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Жойларда гоҳ тиббиёт ходимлари, гоҳ ўқитувчилар, гоҳида эса тарбиячилар турли хўжалик ишларига мажбурий равишда жалб этилгани ҳақидаги хабарлар қулоғимизга чалиниб турибди.
Бундай маълумотларнинг бири тасдиғини топмаётган бўлса, тасдиғини топган ҳолатларда тегишли масъул шахслар қонун олдида жавобгарликка тортилмоқда. Қачонки, жойларда ҳар бир катта-кичик раҳбар бу масалада ҳам янгича фикрлаб, бугунги ислоҳотлар талабига мос иш олиб борса, шунда одам савдоси ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш бўйича ишларимиз самарадорлиги юқори бўлади.
Дарвоқе, 30 июль куни Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш кунига бағишлаб бир қанча муҳим маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Ушбу учрашув ва мулоқотлар доирасида миллий, хорижий ва халқаро экспертлар айни мавзуда ўзаро фикр алмашдилар.
Хусусан, “Одам савдоси жабрдийдаларини келиб чиқиш мамлакатига қайтариш жараёнида инсон ҳуқуқларига амал қилиш бўйича Дастуруламал принциплар”
тўпламининг ўзбек тилидаги нашри тақдимоти шундай тадбирлардан биридир. Мазкур қўлланма Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) томонидан тайёрланган.
Китобнинг ўзбек тилига таржимаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан амалга оширилган. Нашр тақдимоти ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамда ЕХҲТ/ДИИҲБ билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тақдимот маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси вакиллари, шунингдек, ЕХҲТ/ДИИҲБ экспертлари иштирок этди ва сўзга чиқди.
Муҳокамалар жараёнида одам савдоси жабрдийдаларини келиб чиқиш мамлакатига қайтариш жараёнида олинган сабоқлар, эришилган натижалар ва ЕХҲТ минтақаси мамлакатларининг олдида турган вазифалар хусусида фикр алмашилди. Ўзбекистоннинг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги тажрибаси ҳақида сўз юритилди.
Анжуман қатнашчиларига одам савдоси жабрдийдаларини қайта йўналтириш миллий механизмини ривожлантириш бўйича ЕХҲТ/ДИИҲБ тавсиялари тақдим этилди. Тақдимотда “Одам савдоси жабрдийдаларини келиб чиқиш мамлакатига қайтариш жараёнида инсон ҳуқуқларига амал қилиш бўйича Дастуруламал принциплар” тўпламининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти эътироф этилди.
Маълумки, 2010 йил 30 июлда БМТнинг Бош Ассамблеяси 64/293-резолюцияси билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича БМТнинг Глобал ҳаракат дастури қабул қилинган. Мазкур Ҳаракат дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш, жабрдийдаларнинг ҳимояси, жиноятчиларни таъқиб этиш ва барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган. 2013 йилда эса 30 июль – БМТ томонидан Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинди.
ЕХҲТ/ДИИҲБ 2008 йилда бир қанча мамлакатларда одам савдоси жабрдийдалари ва ноқонуний иммигрантларни келиб чиқиш мамлакатларига қайтариш юзасидан тадқиқотлар ўтказиш ташаббусини бошлаб берди. Бунда одам савдоси жабрдийдаларини қайтариш жараёнларининг турли жиҳатлари ва ЕХҲТ инсон ҳуқуқлари соҳасидаги стандартлари ва мажбуриятларига бу жараёнларнинг қанчалик мувофиқлигини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.
Натижада аксарият мамлакатларда бу борада фойдаланиш имконияти бўлган дастуруламал кўрсатмаларнинг мавжуд эмаслиги аниқланди. Жумладан, ҳукумат органлари ва фуқаролик жамияти субъектлари учун одам савдоси жабрдийдаларини қайтариш жараёнида қўллаш мумкин бўлган стандартларга талаб кучли экани ойдинлашди.
ЕХҲТ/ДИИҲБ томонидан мазкур тўплам айни шу муаммони ижобий ҳал этиш мақсадида тайёрланган. Қўлланма ЕХҲТ минтақасида жабрдийдаларни қайтариш соҳасидаги сиёсат, тартиб ва амалиётни қўллашга кўмаклашиш учун одам савдоси жабрдийдаларини қайтариш жараёнида иштирок этаётган манфаатдор томонларга мўлжалланган.
Қўлланманинг биринчи қисмида тақдим этилган етти дастуруламал принцип ЕХҲТ минтақасида қўлланиладиган халқаро нормалардан келиб чиқади. Ҳар бир принцип қисқа баён этилган ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти учун асосий омиллар ва тавсиялар кўрсатилган. Иккинчи қисмда ушбу дастуруламал принциплар учун асос бўлган халқаро-ҳуқуқий нормалар ҳақида атрофлича тушунча берилган.
Қўлланма одам савдоси жабрдийдаларини ҳимоя қилишни яхшилашга кўмаклашишга даъват этилган. Шу боис ушбу нашр давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари учун зарур манба ҳисобланади. Тўплам жабрдийдаларни қайтариш масаласига қонунчилик ёки дастурий сиёсий ёндашувларни ишлаб чиқиш билан шуғулланаётган давлат тузилмалари учун ҳам фойдали бўлиши мумкин.
Тақдимот доирасида Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш кунига бағишланган брифинг ўтказилди. Брифинг модераторлари Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига эътибор қаратдилар.
Қонунга мувофиқ, одам савдосига қарши курашиш – одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятни ўз ичига олади. Президентимиз Фармонида ушбу Қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш вазифаси кун тартибига қўйилди.
Мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Кейинги йилларда ушбу соҳада жиноятларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу, ўз навбатида, одам савдоси жардийдаларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, мамлакатда криминоген вазиятни сезиларли даражада яхшилаш имконини берди.
Таҳлиллар ушбу жиноят юзасидан судланган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш борасидаги кўрсаткичларда пасайиш тенденцияси кузатилаётганини кўрсатмоқда. Бу ижобий омил, албатта, амалга оширилаётган таъсирчан чора-тадбирлар ўз самараларини бераётгани билан боғлиқдир.
Хусусан, ўтган йили одам савдосига қарши курашиш йўналишида 123 та жиноий иш қўзғатилган. 2017 йилда бу кўрсаткич 305 тани ташкил этганди. Яъни, одам савдосига қарши курашиш йўналишида қўзғатилган жиноий ишлар сони бир йилда 60 фоиз камайган.
Бу борада жиноий жавобгарликка тортилган шахслар сони ҳам камаймоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди маълумотларига қараганда, одам савдоси билан боғлиқ жиноятни содир этганлик айби билан 2017 йилда – 401, 2018 йилда – 234, 2019 йилнинг 6 ойида эса 70 нафар шахс судланган. Уларнинг 55 нафари, яъни 71 фоизи аёллардир. Шунингдек, одам савдосидан жабрланганларнинг 70 фоизини ҳам хотин-қизлар ташкил этади.
Эътибор беринг: 2018 йилда 249 нафар киши одам савдосига доир жиноятлар қурбони сифатида эътироф этилган. 2017 йилда ушбу кўрсаткич 501 кишини ташкил этганди. Яъни, бу борада бир йилда икки баробар пасайиш кузатилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 5 ноябрдаги 240-сон қарорига мувофиқ, Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича республика реабилитация маркази тузилган. Ўтган даврда Марказ томонидан одам савдоси жабрдийдаларининг 3 минг нафардан ортиғига ҳуқуқий, ижтимоий, тиббий ва бошқа хил ёрдамлар кўрсатилган.
Шу ўринда Ўзбекистон 2013 йилдан буён Халқаро меҳнат ташкилоти методологияси бўйича ва ушбу халқаро ташкилот экспертларининг бевосита иштирокида қишлоқ хўжалиги соҳасида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолати юзасидан мунтазам мониторинг олиб браётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Натижада Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банкининг 2013-2018 йиллардаги мониторинги якунлари Ўзбекистонда пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан ялпи фойдаланиш ҳолатлари кузатилмаганини кўрсатди.
Бу йўналишдаги ишларни янада яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкмаси томонидан 2018 йил 10 майда “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Қарор ижроси доирасидаги изчил ишлар натижасида бугунги кунда мамлакатда фуқароларни мажбурий меҳнатга ялпи жалб этиш ҳолатлари барҳам топди.
Хорижий ва халқаро ҳамкорларимиз Ўзбекистоннинг бу борадаги сезиларли саъй-ҳаракатларини эътироф этмоқдалар. Хусусан, кечаги ҳафта мамлакатимизда бўлган АҚШ Савдо вакили офиси делегацияси Ўзбекистонда сўнгги икки йил ичида амалга оширилаётган ислоҳотлар мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклига йўл қўймаслик борасида жиддий юксалишлар кетаётганидан дарак беришини қайд этди.
Айниқса, юртимизда мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари бўйича бевосита мурожаат этиш учун имкониятларининг кенгайтирилгани катта аҳамиятга эга бўлди. Натижада кейинги даврда, бир томондан, мажбурий меҳнатга жалб этиш масалалари бўйича мурожаатлар миқдори сезиларли даражада ортган бўлса, иккинчи томондан, бу борада ҳуқуқбузарлик қилганларга нисбатан чора кўриш ҳолатлари ҳам кўпайди.
Кейинги даврда меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солишни янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Мамлакат ташқарисида ишлайдиган Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий ва меҳнатга доир ҳуқуқларига риоя этилишини кўзда тутадиган давлатлараро даражадаги бир қатор ҳужжатлар имзолангани шулар жумласидандир.
Ўзбекистон томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг болалар меҳнати ва мажбурий менат бўйича конвенциялари ратификация қилинган. Мазкур халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини амалга ошириш бўйича айни пайтда Миллий ҳаракат режалари ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик учун назоратни кучайтиришда, албатта, қабул қилинаётган ҳуқуқий ва ташкилий-амалий чоралар катта аҳамият касб этмоқда. Айни вақтда бу борадаги миллий қонунчиликни халқаро стандартларга уйғунлаштириш ишлари жадал бормоқда.
Жумладан, 2018 йил 16 октябрда “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Шунингдек, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги ҳамда бир қанча янги қонун лойиҳалари устида изчил ишлар давом этмоқда.
Ғулом Мирзо,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
- Қўшилди: 10.08.2019
- Кўришлар: 8262
- Чоп этиш