Японияда қотиллиги туфайли олий жазо олган ва ҳукм ижро этилишини энг кўп – 55 йил кутган одам сифатида Гиннес рекордлари китобига киритилган эркак оқланди.
88 ёшли Ивао Хакамата 1964 йил бутун бир оилани йўқ қилишда айбланган. Собиқ профессионал боксчи йирик фирма раҳбари, унинг рафиқаси ва икки фарзанди ўлимида гумонланиб, ҳибсга олинганда компания ҳудудида яшовчи оддий ходим эди. Марҳумлар Сизуока префектурасидаги ёниб кетган уйида пичоқдан олинган жароҳат излари балан жонсиз ҳолда топилган.
Жиноий ишига қотиллик, талончилик ва ўт қўйиш бандлари тиркалиб, Иваога нисбатан 1980 йил ўлим ҳукми чиқарилган. 20 кунлик сўроқ-савол давомида у айбини тан олган, суд эса бунга қийноқ сабаб, дея хулоса қилган. Барибир, айбдорга расман ўлим жазоси ўқилган. Шундан сўнг ҳимоячилар йиллар давомида судга эътироз шикояти киритиб келди. 2014 йилгача Хакамата ўлим жазосига маҳкумлар камерасида сақланган. Шундан сўнг озод этилган ва суд жараёни қайта тикланган. 2024 йил май ойида бўлиб ўтган сўнгги мажлисда прокурорлар ўлим жазосини талаб қилишда давом этди. Суд эса Ҳакаматанинг қотилликка иқрор бўлиши каби айбловчи далиллар ҳам сохталаштирилган, деб топди.
“Kyodo news” хабар беришича, чоршанба куни эрталаб журналистларга Сизуока префектураси полицияси бошлиғи Такаёси Цуда “Жаноб Хакамата узоқ вақт давомида беқарор ҳуқуқий мақомга эга бўлганидан афсусдамиз” деди. Унинг сўзлари бир кун аввал Бош прокурор Наоми Унемото Иваодан кечирим сўраган баёнотидан кейин пайдо бўлди. Олий прокуратура ишни қайта кўриб чиқиш тартиби ва бошқа масалалар кўриб чиқилишини режалаштирмоқда.
Дарвоқе, турмада ўтган йиллар асорати боис Ивао Хакаматанинг руҳий ҳолати ёмонлашиб, унинг 91 ёшли опаси Хидэко 2023 йил октябрь ойида бошланган қайта суд жараёнида укаси номидан қатнашган.
М.Пирматова, ЎзА
- Қўшилди: 10.10.2024
- Кўришлар: 997
- Чоп этиш