Жорий йилнинг биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 37 минг 179 нафар шахсга нисбатан 29 минг 86 жиноят иши кўриб чиқилди. 465 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинди.
– Судланган шахслар сони 29 минг 382 нафарни ташкил этиб, шундан 10 минг 287 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 18 579 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, – деди Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов. – 516 нафар шахс шартли ҳукм қилинди. Судланган шахсларнинг 26 минг 28 нафари эркак, 3 минг 354 нафари аёл, 11 минг 145 нафари ёшлар (шу жумладан, 1 минг 68 нафари вояга етмаган) ва 1 минг 105 нафари 60 ёшдан ошган шахслардир.
3 минг 432 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди.
16 минг 624 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. 5 минг 620 нафарига тайинланган жазо енгили билан алмаштирилди. 7 минг нафарга яқин шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.
71 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
Ҳисобот даврида кўрилган жиноят ишларининг аксарияти фирибгарлик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўғрилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш билан боғлиқ бўлди.
Бундан ташқари, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, қасддан баданга енгил шикаст етказиш, безорилик, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш ҳамда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар билан боғлиқ жиноятлар ташкил этди.
Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 6 минг 337 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Апелляция тартибида 6 минг 395 нафар шахсга нисбатан 4 минг 798 жиноят иши кўриб чиқилди. 307 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1 минг 311 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Кассация тартибида 1 минг 636 нафар шахсга нисбатан 1 минг 493 та жиноят иши кўриб чиқилди. 106 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 369 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Тафтиш тартибида 2 минг 560 нафар шахсга нисбатан 2 минг 188 жиноят иши кўриб чиқилди. 45 нафар шахсга нисбатан қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 337 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 590 нафар шахсга нисбатан 504 жиноят иши кўриб чиқилди. 49 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 121 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 23.07.2024
- Кўришлар: 1237
- Чоп этиш