Уларнинг 2 минг 344 нафарига жарима жазоси, 2 мингга яқинига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.
Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини мустаҳкамлаш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар алоҳида эътиборга лойиқ.
Бу борада Президентимиз томонидан 2023 йил 11 апрелда имзоланган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳим аҳамият касб этди.
Қонунга мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 41-1-модда (шаҳвоний шилқимлик қилиш), 59-2-модда (оилавий (маиший) зўравонлик) ва Жиноят кодекси 126-1-модда (оилавий (маиший) зўравонлик), 141-3-модда (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) билан тўлдирилди.
Олий суд ахборот хизматидан маълум қилишларича, жорий йил биринчи чорагида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан 318 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 97 нафарига жарима жазоси, 221 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 4 минг 343 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 2 минг 344 нафарига жарима жазоси, 2 мингга яқинига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.
Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 134 нафар шахс судланиб, уларнинг 51 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 83 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.
Жиноят кодексининг 141-3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) билан 40 нафар шахс судланиб, уларнинг 13 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 27 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 22.05.2024
- Кўришлар: 1525
- Чоп этиш