Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ушбу йўналишда зарур ишлар амалга оширилмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) қийноқларнинг олдини олиш мақсадида Жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифларини амалга оширмоқда.
Омбудсман ахборот хизматидан маълум қилишларича, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ва унинг ҳузуридаги Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида фаолият юритувчи жамоатчилик гуруҳлари Қашқадарёдаги қатор пенитенциар муассасаларга мониторинг ташрифини амалга оширди.
Тадбирда сенатор ва депутатлар, Омбудсман ходимлари ҳамда “Мадад” ННТ ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
3-сон жазони ижро этиш колониясида ўтказилган мониторинг ташрифи давомида муассасанинг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, даволаш бўлими, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудидаги шароитлар ўрганилди. Шунингдек, колониядаги "Омбудсман қути"лари кўздан кечирилди.
Ўғлини кўриш учун узоқ муддатли учрашувга келган она бугун набиралари билан келганини айтди. “Муассасадаги шароитлар яхши экани сабабли кўнглим хотиржам. Ҳозир набираларим отаси билан ўйнаяпти, уларга овқат пишириб бермоқчиман”, деди маҳкумнинг онаси.
Колониядаги ишлаш қобилиятига эга бўлган маҳкумлар ғишт заводи, тикувчилик, мебель ва қоғоз ишлаб чиқариш цехларида ишга жалб этилган. Ногиронлиги бор шахслар, бетоблар ва кекса маҳкумлар ишга жалб этилмайди.
Ойлик масаласида тикувчилик цехида ишловчи маҳкумлардан бири билан суҳбатлашилганда, у колонияга келгандан кейин шу касбни ўргангани ва унга ишбай асосида иш ҳақи тўланаётганини маълум қилди.
Шу билан бир қаторда, колонияда сақланаётган шахслар билан жамоавий тартибда суҳбатлашилди. Омбудсманга якка тартибда мурожаат қилиш истагида бўлган маҳкумлар мурожаати ҳоли тарзда қабул қилинди.
Шу куни вилоят асаб-руҳий касалликлар шифохонаси ҳамда Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази филиалига ҳам мониторинг ташрифлари амалга оширилди.
Омбудсман ушбу муассасаларда ўтказилган аввалги ўрганишларда аниқланган камчиликларнинг бартараф этилганига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, бир йил аввал вилоят асаб-руҳий касалликлар шифохонасида бинонинг таъмирталаблиги ҳамда санитария-гигиена талабларига зид бўлган канализация билан боғлиқ муаммолар ҳамда ювиниш хоналарида иссиқ сув йўқлиги каби камчиликлар аниқланган эди.
Мониторингда шифохона бошқа бинога кўчирилгани ва унинг ҳудудида беморларнинг сайр қилиши ҳамда тоза ҳаводан баҳраманд бўлишлари учун кенг ҳудуд ажратилиб, ободонлаштирилгани маълум бўлди. Бино ичкариси яхши таъмирланган, керакли мебеллар ва тиббиёт жиҳозлари билан таъминланган.
Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё вилоят филиали эса Омбудсман тавсиясига кўра қайта реконструкция қилиниб, аввал билдирилган камчиликлар бартараф этилгани маълум бўлди.
Тўрт кунлик ташриф давомида Қашқадарё вилоятидаги 2- ва 10-сон жазони ижро этиш колониялари, 5-сон тергов ҳибсхонаси, 35- ва 33 сон манзил-колониялари, Қашқадарё вилояти ИИБ махсус қабулхонаси ҳамда реабилитация қилиш маркази, Қарши шаҳри, Косон ва Китоб туманларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, Шаҳрисабз аёллар мурувват уйи ва қатор бошқа ёпиқ муассасалардаги шароитлар ҳам ўрганилди.
Мониторинг ташрифлари якунларига кўра аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилади.
Омбудсман томонидан қийноқларнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан, мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар тегишли давлат органлари билан бир қаторда Олий Мажлис палаталарига ҳам тақдим этилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 20.03.2024
- Кўришлар: 2285
- Чоп этиш