Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё ва Тинч океани минтақаси учун Аксилкоррупция ташаббусининг 12-минтақавий конференцияси доирасида Ўзбекистон мазкур тузилма аъзолигига қабул қилинди.
Бошқарув гуруҳи қарори билан Ўзбекистон ушбу тузилманинг 35-аъзо мамлакатига айланди.
Аксилкоррупция ташаббуси 1999 йилда Осиё тараққиёт банки ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган. Унинг асосий мақсади — БМТнинг коррупцияга қарши конвенциясини самарали амалга ошириш орқали минтақадаги давлатларнинг коррупцияга қарши курашиш салоҳиятини ошириш, ҳалоллик, шаффофлик ва ҳисобдорликни мустаҳкамлаш.
Бугунги кунда ташаббусга 34 давлат аъзо бўлиб, улар орасида Сингапур, Гуржистон, Индонезия, Малайзия, Япония, Корея Республикаси, Австралия, Ветнам, Озарбойжон ва бошқа Осиё–Тинч океани мамлакатлари бор.
Унинг доирасида минтақавий конференциялар, семинарлар, эксперт учрашувлари ҳамда давлатлараро тажриба алмашувлари ўтказиб келинади.
Ўзбекистон делегацияси вакиллари Индонезия коррупцияни бартараф этиш комиссияси билан учрашув ўтказиб, икки мамлакат давлат органларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган чораларни мувофиқлаштириш, ёшларни ҳалоллик руҳида ўқитиш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш юзасидан идоралараро қўшма ҳужжат ишлаб чиқиш ва имзолашга келишиб олди.
Kun.uz
- Қўшилди: 30.09.2025
- Кўришлар: 248
- Чоп этиш