Пойтахтимизда Жаҳон Банки, Олий Мажлис Сенати, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Буюк Британиянинг Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва Тараққиёт вазирлиги (ФCДО) ҳамкорлигида «Ўзбекистон: мамлакатдаги гендер ҳолатни баҳолаш» ҳисоботининг тақдимоти бўлиб ўтди.
«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков модераторлигида олиб борилган тадбирда мамлакатда аёл ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш йўлидаги мавжуд муаммолар ва имкониятлар муҳокама қилинди.
Хусусан, Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вакиллари мамлакат ҳаётининг турли соҳаларида гендер тенглигига эришиш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий ва институционал чора-тадбирлар ҳақида гапирди. Ютуқлар қаторида мамлакат сўнгги бир неча йил ичида аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида эришган натижалар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, тенг қийматдаги иш учун аёлларга эркаклар билан тенг ҳақ тўлашни кафолатловчи низомлар қабул қилинди. Айрим соҳаларда аёллар меҳнатидан фойдаланишга қўйилган чекловлар ҳам бекор қилинди. Ушбу низомларни ўз ичига олган янги Меҳнат кодекси қабул қилинди.
Бундан ташқари, аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, ушбу турдаги жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Мамлакатимизнинг юқорида таъкидланган соҳалардаги муваффақиятлари Жаҳон банкининг «Аёллар, бизнес ва қонун» йиллик ҳисоботида қайд этилган. Ҳисоботда 190 мамлакатдаги гендер тенглиги билан боғлиқ вазият баҳоланади.
Ўзбекистон бошқа 18 та давлат қаторида юқорида қайд этилган аёллар ҳуқуқларини кенгайтирувчи ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширди. Ушбу чора-тадбирлар натижасида мамлакатимиз гендер тенглиги бўйича қонунчиликни такомиллаштиришда энг юқори натижаларга эришган бешта давлатдан бирига айланди.
Тадбир давомида Жаҳон банки экспертлари томонидан тайёрланган «Ўзбекистон: мамлакатдаги гендер ҳолатини баҳолаш» янги ҳисоботининг асосий хулоса ва тавсиялари тақдим этилди. Бундай тадқиқотлар Жаҳон банки томонидан маълум бир мамлакатда гендер тенглиги ҳолатини баҳолаш учун ишлатиладиган ўзига хос диагностика воситаси бўлиб хизмат қилади. Улар маълумотларни таҳлил қилади ва гендер тенглиги муаммолари билан боғлиқ асосий муаммолар ва имкониятларни аниқлайди.
«Ўзбекистон: мамлакатдаги гендер ҳолатини баҳолаш» ҳисоботида гендер тенглигининг асосий йўналишлари, жумладан, аёлларнинг иқтисодий фаолият ва имкониятлар, таълим тизими ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имкониятларига эътибор қаратилган.
Шунингдек, унда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, никоҳ ва ажрашиш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштироки билан боғлиқ вазият ўрганилади. Бундан ташқари, ҳисоботда Ўзбекистонда аёлларнинг ҳуқуқлари ва уларнинг жамиятдаги ўрни ҳақидаги тасаввурга таъсир кўрсатадиган хатти-ҳаракатларига оид ижтимоий меъёрлар ва кутилмалар (эҳтимолий натижалар) таҳлил қилинади.
Хусусан, мамлакатдаги гендер ҳолатининг баҳосида, агар аёллар мамлакат иқтисодий ҳаётида эркаклар билан тенг иштирок эта олса, Ўзбекистон ялпи миллий даромади тахминан 29 фоизга ошиши мумкинлиги қайд этилган. Ушбу фойдаланилмаган иқтисодий салоҳият 700 мингдан ортиқ одамни камбағалликдан олиб чиқиши мумкин.
Жаҳон банки экспертлари мамлакатда гендер тенглигига эришиш учун муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётганини қайд этишди. Бироқ, тегишли чора-тадбирларнинг самарали ижроси ҳозирча етарлича таъминланмаган.
Тадқиқот шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда гендер тенгсизлиги турли соҳаларда, жумладан, меҳнат бозорига кириш, аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳақидаги тасаввурлар ва уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларида намоён бўлмоқда. Ушбу муаммоларга ечим топиш давлат ва жамият иштирокида комплекс ва мувофиқлаштирилган ёндашувни, жумладан, қонунчиликни янада такомиллаштириш, тегишли давлат ва жамоат институтларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг хабардорлигини ошириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.
Тадбир сўнгида иштирокчилар Ўзбекистонда аёллар ўртасидаги ишсизлик даражасини қисқартириш, уларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш ва таълим олиш имкониятларини кенгайтириш борасидаги вазифаларни муҳокама қилдилар. Турли соҳа вакиллари, жумладан, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, Тошкент шаҳридаги ТEАМ университети вакиллари бу борадаги тажрибалари билан ўртоқлашишди. Иштирокчилар юқорида қайд этилган муаммоларни ҳал этишда давлат ва фуқаролик жамияти ҳамкорлиги масалаларига тўхталди.
Гулноза Бобоева, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 28.03.2024
- Кўришлар: 1978
- Чоп этиш