Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида Германиянинг Падерборн шаҳрида SBH West таълим маркази ва Kreishandwerkerschaft Paderborn-Lippe ҳунармандлар уюшмаси томонидан Ўзбекистондан малакали ишчиларни жалб қилиш мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда аҳолисининг 60 фоизи 30 ёшгача бўлган Ўзбекистон меҳнат оқимини диверсификация қилиш зарурлиги таъкидланди, бу эса ўз навбатида немис томонига Германия иқтисодиётидаги тажрибали малакали ишчи кучи етишмовчилиги ўрнини тўлдириш имконини беради.
Ўзбекистон Миграция агентлиги Халқаро алоқалар бошқармаси бош мутахассиси Бунёд Йўлдошев ўз маърузасида, немис тилини ўрганиш ва касб-ҳунарга ўқитиш бўйича республикада ўқув марказларини ташкил этиш тўғрисида тақдимот қилди. Хорижий ҳамкорларга яқин келажакда Германияда меҳнат миграцияси бўйича ваколатхона очилиши ҳақида маълум қилинди.
"Ватанпарвар" марказий кенгашининг кадрлар тайёрлаш ва ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари Низомжон Парманов ўз навбатида, иштирокчиларга автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини, шунингдек, мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.
Падерборн бандлик агентлиги вакили Клаус Хансманн ўз нутқида, Германия бозорида ҳам минтақавий, ҳам федерал даражада малакали кадрларнинг кескин танқислиги кузатилаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, агентлик 100 дан ортиқ йўналишда 1600 га яқин ҳунармандчилик корхоналарини ўз ичига олади. Германия томони Ўзбекистоннинг ишчи кучи жуда катта эканлигини қайд этиш баробарида, яқин бизнес алоқаларини ўрнатишдан манфаатдорлигини билдирди.
SBH West немис таълим маркази бошқарувчи директори Петер Ниеманн ушбу тадбир Германияда Ўзбекистондан автобус ва юк автомобиль ҳайдовчилари, тепловоз машинистлари, шунингдек, омбор логистикаси бўйича мутахассис кадрлар тайёрлаш ва ишга жойлаштириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун мустаҳкам пойдевор бўлишига ишонч билдирди.
Давра суҳбати доирасида салоҳиятли иш берувчилар билан учрашувлар ўтказилиб, корхона ва таълим муассасаларига ташрифлар ташкил этилди. Музокаралар чоғида Ўзбекистон фуқароларини Германияда қурилиш ва пардозлаш ишлари, электротехника ва металлургия, ёғочни қайта ишлаш саноати ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги мавжуд касблар бўйича малакасини ошириш ва ишга жалб этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Германия томони электроника ёки металл технологиялари соҳасида икки йиллик ўқув дастурини тамомлаган ўзбекистонлик ёшларни стажёр ва малакали ишчи сифатида жалб этиш бўйича ҳамкорлик қилишни таклиф қилди.
Тадбир якунида 2025 йилда Германиянинг бошқа федерал ўлкаларида ҳам ана шундай давра суҳбатларини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Kun.uz
- Қўшилди: 05.12.2024
- Кўришлар: 550
- Чоп этиш