Ислом дини ўз моҳиятига кўра азалдан тинчлик, эзгулик, поклик, ҳидоят, маърифат дини саналган. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизда ташкил этилган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 19 сентябрда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида: “Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланамиз. Шундай буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурамиз”, – деган эди.
Давлатимиз раҳбарининг эзгу ташаббуси халқаро ҳамжамият томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Бу эзгу таклиф натижаси ўлароқ 2024 йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида нуфузли халқаро конференция ўтказилмоқда.
Ушбу нуфузли анжуманга Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Иордания, Ўмон, Россия, АҚШ, Франция, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ҳиндистон ва Покистон каби 22 мамлакатдан 70 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар таклиф этилди.
Халқаро анжуман иши муқаддас Қуръон тиловати билан бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро конференция иштирокчиларига табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Унда таъкидланганидек, диёримиздан етишиб чиққан буюк алломалар ислом дини ривожига катта ҳисса қўшгани, ушбу мерос бугунги кунда ҳам башариятни эзгуликка, тинчлик ва ҳамжиҳатликка, илм-маърифатга ундаб келаётгани билан беқиёс аҳамият касб этмоқда.
Мазкур конференциядан кўзланган асосий мақсад ҳам шиддатли глобаллашув шароитида ислом дини қадриятлари, унинг тинчликпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ёшларни диний бағрикенглик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда ислом динига ёт радикал қарашларга қарши муросасизлик туйғусини шакллантириш ва бунда Ўзбекистон тажрибасини, динийлик ва дунёвийлик мувозанатини сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини халқаро жамоатчиликка етказишдан иборатдир.
Халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Ҳолиқназар ва бошқалар ушбу анжуман Ислом динининг асл моҳиятини очиб беришдек улуғвор мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятли эканини таъкидлади.
Конференцияда Ислом олами уюшмаси Бош котиби ўринбосари Шайх Абдулраҳмон Абдуллоҳ ал-Зайд (Саудия Арабистони), Кавказ мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайхул-Ислом Аллоҳшукур Пошшозода (Озарбайжон), Миср Араб Республикаси муфтийси, профессор Назир Муҳаммад Айёд ва бошқалар алломалар диёри бўлган Ўзбекистон “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғоясининг дунё узра ёйилишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётганини эътироф этди.
Қатнашчилар томонидан таъкидланганидек, бу диёрда азалдан турли дин ва миллат вакиллари аҳилликда яшаб келган. Бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлар бугун ҳам изчил давом эттирилмоқда. Жаҳоннинг барча давлатлари билан дўстона, самимиятга, ўзаро ишончга асосланган алоқаларни йўлга қўйиш Ўзбекистоннинг тинчликпарвар сиёсати йўлидаги амалий ва устувор қадам саналади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан мамлакатимизда сўнгги 7 йил мобайнида диний-маърифий соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Термизий номидаги ислом институти ташкил қилинди.
Бу маърифий муассасаларнинг барчаси нафақат диний, балки дунёвий илмларда улкан ютуқларни қўлга киритган буюк алломаларимизнинг меросини асраб-авайлаш, бугунги кун воқелиги нуқтаи назаридан чуқур тадқиқ этиш, ёйиш ва тарғиб қилиш, наинки мусулмон олами, балки бутун жаҳон жамоатчилигига танитишга хизмат қилади.
Айни пайтда Ўзбекистоннинг “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиорига мувофиқ равишда ислом динининг тинчликпарварлик, бағрикенглик ва маърифатпарварлик ғояларини тарқатишга, шу тариқа мамлакат, минтақа ва дунё миқёсида радикализм ва экстремизмга қарши курашни кучайтириш, бу иллатларни таг-томири билан йўқ қилишга ўз ҳиссасини қўшади.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат қурилишида шундай улуғвор меросга, бой маънавий манбага ва чуқур мазмунли асосга таянадики, бу ютуқлар ўз номини тарихга зарҳал ҳарфлар билан ёздириб, Ўзбекистон давлатининг асрлар давомида чўққида бўлишига мустаҳкам кафолат беради, – деди Кавказ мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайхул-Ислом Аллоҳшукур Пошозода. – Ўзбекистон Ибн Сино, Фаробий, Беруний, Улуғбек каби жаҳоншумул олимлари, Имом Бухорий, Термизий, Мотуридий каби улуғ дин пешволари, Амир Темур ва Заҳириддин Бобур каби буюк саркардалари, Алишер Навоий каби шеърият усталари ва бошқа кўзга кўринган тарихий шахслар башарият тарихига беқиёс ҳисса қўшиб, Исломнинг улуғ маданий-маънавий меросини бойитганлар, шунингдек, Европа уйғониш даврига туртки берганлар.
– Мовароуннаҳр буюк уламоларидан Ислом илмларининг барча соҳа ва йўналишлари бўйича катта илмий мерос қолдирди, – деди Ислом олами уюшмаси Бош котиби ўринбосари, Ислом фиқҳи уюшмаси бош котиби, доктор Абдураҳмон бин Абдуллоҳ ал-Зайд. – Хусусан, Қуръони каримдан кейин энг ишончли манба бўлган “Саҳиҳи Бухорий“ асари муаллифи, Ҳадис илмининг амири Имом Бухорий, “Шамоилул Муҳаммадия“ асарини таълиф этган Имом Термизийнинг меросидан бутун Ислом олами фойдаланишини алоҳида эътироф этиш даркор. Ушбу конференцияга танланган мавзу муқаддас динимиз асл мақсад ва ғояларини акс эттиради. Аслида ҳам Ислом дини тинчлик ва яхшиликлар, эзгуликлар динидир.
Конференция ўз ишини 3 та шўъбада давом эттирди. Жумладан, иштирокчилар “ Ислом қадриятларини асраб-авайлашда ҳанафий-мотуридий таълимотининг ўрни”, “Глобаллашув шароитида ислом: мўътадиллик ва бағрикенглик”, “Замонавий жамиятда ғоявий таҳдидларнинг олдини олиш омиллари ва амалий ечимлар” мавзусидаги шўъбалар бўйича халқаро конференция иштирокчилари ўзаро фикр алмашиш, долзарб масалаларни муҳокама этиш имконига эга бўлди.
Конференция эртага Хива шаҳрида давом этади. Унда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро конференциясининг якуний декларацияси қабул қилинади.
Анжуман дунё халқларининг бирдамлиги ва муштарак тараққиётини таъминлашда ислом таълимотининг, буюк аждодлар меросининг ўрни ва аҳамиятини кўрсатиб бериш билан бирга, ислом динини ниқоб қилиб, манфур мақсадларни амалга оширишга интилаётган бузғунчи тоифаларга қарши курашда уламоларнинг якдил фикрини қўллаб-қувватлаши билан ҳам ғоят аҳамиятлидир.
Назокат Усмонова, Аслиддин Алижонов, Дониёр Ёқубов, ЎзА
- Қўшилди: 16.10.2024
- Кўришлар: 953
- Чоп этиш