Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурган миллий, минтақавий ва халқаро ташаббуслар кенг жамоатчилигимиз ҳамда жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Бундай ижобий муносабат, бир томондан, Ўзбекистоннинг давлатимиз раҳбари белгилаб берган миллий тараққиёт йўлидан оғишмай, дадил одимлаётганини тасдиқласа, иккинчи томондан, мамлакатимизнинг халқаро майдонда ўрни ва нуфузи тобора мустаҳкамланиб бораётганига яна бир ёрқин далилдир.
Миллий қонундан – халқаро конвенция сари
Биринчидан, 2021 йил 18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти таклифига биноан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Дунёнинг турли минтақаларидаги 60 га яқин давлат мазкур резолюцияга ҳаммуаллиф сифатида иштирок этгани эътирофга сазовор.
Иккинчидан, 29 май куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ишлаб чиқилган “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ратификация қилиш ҳақида (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси муҳокама этилди ва тасдиқланди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида бу ҳақда тўхталганди. Юртбошимиз юксак минбардан туриб, имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузиш таклифини халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола этар экан, Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлагани бежиз эмас.
Президентнинг қонунчилик ташаббуси: изчиллик ва самара
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини 2009 йил 27 февралда имзолаган. Ўшанда мамлакатимиз Конвенцияни келгусида ратификация қилишга ишонч билдирган. Аммо, афсуски, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни муваффақиятли амалга ошириш учун зарур бўлган айнан ратификация масаласи чўзилиб кетди.
Шу маънода, кейинги йилларда бу борадаги амалий ишлар шиддатли тус олгани диққатга лойиқ. Ўзбекистон Республикасининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилишига оид масала давлат бошлиғининг қуйидаги дастурий ҳужжатларида:
биринчидан, “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида (2017 йил 1 декабрда қабул қилинган);
иккинчидан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган Тадбирлар дастурида (2018 йил 5 майдаги Фармон билан тасдиқланган);
учинчидан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида (2020 йил 22 июндаги Фармон билан тасдиқланган);
тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2021 йил 22 февралда бўлиб ўтган 46-сессиясидаги нутқида назарда тутилган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва БМТ халқаро шартномавий органлари – Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар қўмитасининг, Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг якуний тавсия ва мулоҳазаларида Ўзбекистон томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш бўйича чора-тадбирларни такомиллаштириш ва тарғибот-ташвиқот фаолиятини амалга ошириш бир неча марта тавсия этилган.
Бу орада 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган ва 2008 йилда янги таҳрири тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш бўйича иш олиб борилди. Ўзбекистон Президентининг ташаббуси асосида 2017 йилда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа 2018 йил 20 июль куни умумхалқ муҳокамаси учун ягона интерактив давлат хизматлари порталида жойлаштирилди.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасида, жумладан, БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг халқаро стандартлари ва талаблари, энг муҳими, асосий фалсафасини ҳисобга олиш, шунингдек “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” атамасидан фойдаланишга эътибор қаратилди.
Сўнгра 2020 йил 22 июль куни “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 2020 йил 11 сентябрь куни Сенат томонидан маъқулланди. Қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 15 октябрь куни имзолангач, Қонуннинг 49-моддасига мувофиқ, расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, яъни 2021 йил 15 январь куни кучга кирди.
Шу тариқа Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан, даставвал, бу борада алоҳида қонун қабул қилинишига муваффақ бўлинди. Ўз навбатида, Юртбошимизнинг халқаро ташаббуси доирасида, эндиликда Ўзбекистон Парламенти Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилди.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда ижтимоий адолат принципига амал қилиш, ёрдам ва қўллаб-қувватлашга муҳтож, биринчи навбатда, жисмоний имконияти чекланган одамларга тўлақонли ҳаёт кечириш учун шароит яратиш масаласи давлат раҳбарининг доимий диққат марказида турибди.
Конвенция – дунёдаги ногиронлиги бўлган шахслар Конституцияси
Маълумки, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрда қабул қилинган ва 2008 йил 3 майда кучга кирган. БМТнинг 192 аъзо-давлатидан, 2021 йил февраль ҳолатига кўра, 182 таси ушбу Конвенцияни ратификация қилган.
Эътибор беринг: БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ХХI асрда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги биринчи шартномадир.
Конвенцияда ногиронларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, хусусан, уларнинг яшаш, фуқаролик, ҳуқуқий ҳимояланиш, таълим олиш, саломатликларини сақлаш, бошқалар билан тенг равишда меҳнат қилиш, сиёсий, ижтимоий, маданий ҳаётда, бўш вақтни ўтказиш, дам олиш ва спорт билан шуғулланишда иштирок этиш, ўзлари ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлиш ва ижтимоий ёрдам ҳуқуқлари эътироф этилган. Ушбу ҳуқуқларни амалга оширишнинг кафолатлари белгиланган.
Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция 50 та моддадан иборат бўлиб, дунёдаги ногиронлиги бўлган шахслар ҳолатини таҳлил қилиш асосида қабул қилинган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, дунё аҳолисининг 15 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил қилади, бугунги кунда уларнинг сони 1 миллиардга етган.
Энг муҳими, Конвенция дунёдаги ногиронлиги бўлган шахслар ҳолатини атрофлича таҳлил қилиш асосида қабул қилинган. Мазкур халқаро-ҳуқуқий ҳужжат инсонларнинг турли-туманлиги ва қадр-қиммати принципларини ўзида мужассамлаштиргани жуда муҳимдир.
Конвенциянинг асосий ғояси шундан иборатки, ногиронлиги бўлган шахслар барча инсон ҳуқуқлари ва эркинликларидан камситишларсиз фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак.
Конвенциянинг мақсади 1-моддада баён этилган ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглик асосида барча инсон ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширишларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва таъминлашдан иборатдир. У фойдаланиш имконияти, шахсий ҳаракатланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, абилитация ва реабилитация, сиёсий ҳаётда иштирок этиш, шунингдек тенглик ва камситмаслик каби бир қатор муҳим масалаларни қамраб олади.
Конвенциянинг 4-моддасида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш, рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича умумий мажбуриятлар белгиланган. Хусусан, Конвенцияда иштирок этувчи давлатлар қуйидаги мажбуриятларни олади:
- ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини амалга ошириш учун барча зарур қонуний, маъмурий-ташкилий ва бошқа чораларни кўриш;
- ногиронларга нисбатан камситиш хусусиятига эга мавжуд қонунлар, қарорлар, урф-одатларни ўзгартириш ёки бекор қилиш;
- барча стратегиялар ва дастурларда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришни ҳисобга олиш, Конвенцияга тўғри келмайдиган ҳар қандай ҳаракатлар ёки усуллардан тийилиш;
- ҳар қандай шахс, ташкилот ёки хусусий корхона томонидан ногиронлик белгиси бўйича камситишни бартараф этиш учун зарур чораларни кўриш;
- ногиронлиги бўлган шасхларнинг аниқ эҳтиёжлари учун мослаштириш, товарлар, хизматлар, жиҳозлар ва универсал дизайн объектларининг илмий-тадқиқот ва конструкторлик ишланмаларини олиб бориш ёки рағбатлантириш;
- Конвенцияда кафолатланган ёрдам ва хизматларни тақдим этишни такомиллаштириш учун мутахассислар ва ногиронлиги бўлган шахслар билан иш олиб борадиган персонални ушбу эътироф этилган ҳуқуқларга ўқитишни рағбатлантириш.
Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда устувор субъектлар сифатида ногиронлиги бўлган аёллар (6-модда) ва ногиронлиги бўлган болалар (7-модда) ажратиб кўрсатилган.
Конвенция қоидалари бажарилишини мониторинг қилувчи, иштирок этувчи давлатларнинг маърузаларини кўриб чиқишга ваколатли ҳамда ушбу маърузалар бўйича таклифлар ва умумий тавсиялар берувчи орган – БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси (18 кишидан иборат) ташкил этилган.
Аъзо давлатлар дастлабки миллий маърузани Конвенция ратификация қилинганидан сўнг 2 йил ичида, кейинчалик ҳар 4 йилда бир марта тақдим этишлари белгиланган.
Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг юридик асослари
Мамлакатимизнинг ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – ногиронлиги бўлган шахсларга Конституциямизда назарда тутилган фуқаролик, иқтисодий, сиёсий ва бошқа ҳуқуқ ва эркинликларни амалга оширишда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ҳамда принциплари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа фуқаролар билан тенг имкониятларни таъминлаш ҳисобланади.
Ўзбекистонда 760 минг нафардан зиёд ногиронлиги бўлган шахс истиқомат қилади. Улар ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари билан қамраб олинган.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги қарори билан “Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланди. Ушбу ҳужжатга асосан, ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари 2021 йил 1 августдан бошлаб кўрсатилади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги қарори билан Ҳукумат ҳузурида доимий фаолият юритувчи Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш ташкил қилинди. Идоралараро кенгашнинг асосий вазифалари:
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг соғлиғини тиклаш, уларни реабилитация қилиш, ижтимоий ҳимоя қилиш ва ҳуқуқларини таъминлашга доир давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этиш;
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, меҳнат қилиши ва бандлигига кўмаклашиш;
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўла ҳуқуқли тарзда иштирок этиши учун қулай шарт-шароитлар яратишда иштирок этишдан иборат.
Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини жамият ҳаётининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларида ҳимоя қилиш асосида қандай вазият бўлишидан қатъи назар инсонни, шу жумладан ногиронлиги борлиги туфайли камситмаслик принципи ётади. Бу борада нафақат давлат тузилмалари, балки фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаоллик кўрсатаётгани жуда муҳим.
Бугунги кунда мамлакатимизда ногиронлик соҳасида 600 га яқин нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритмоқда. Улар орасида Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон ногиронлар жамоат фонди, Ўзбекистон Ногирон ишбилармон аёллар миллий ассоциацияси, Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази, Ўзбекистондаги фалаж ногирон болалар ва ўсмирларга ёрдам бериш “Умр” жамоатчилик маркази, “Инклюзив ҳаёт” ногиронлар жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти каби ННТлар бор. Ушбу нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари Конвенцияни ратификация қилишда фаол иштирок этди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш масалалари бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжалари билан тартибга солинмоқда. Бу ўринда Конституция, 40 дан ортиқ қонун ва 160 дан ортиқ қонуности ҳужжати кўзда тутилган.
Жумладан, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси билан тартибга солинади.
Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини тартибга солувчи миллий қонунчилик:
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги барча ҳуқуқларини тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги конунини, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишга қаратилган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;
- соғлиқни сақлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш;
- бандлик масалалари;
- жисмоний тарбия, спорт ва дам олиш; ижтимоий объектлар ва хизматлар, транспорт, алоқа ва ахборот воситаларидан фойдаланиш;
- одил судлов;
- давлат ва жамоат ишларида иштирок этиш;
- ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик каби нормалардан ташкил топган.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ратификация қилган БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглиги, ҳуқуқлари, айниқса, аёллар ва болаларнинг таълим олиши, саломатлигини сақлаши, меҳнат қилиши, ўзи ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлишининг ҳуқуқий кафолатларини белгиловчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатдир.
Конвенцияни ратификация қилишда 3 та манба: миллий қонунчилик, хорижий юридик амалиёт ва ушбу Конвенциянинг ўзига таянилди. АҚШ, Буюк Британия, Германия, Швейцария, Россия, Беларусь, Украина, Озарбайжон каби давлатлар тажрибаси чуқур ўрганилди.
Хусусан, АҚШ, Буюк, Британия, Германия, Швейцария каби етакчи хорижий давлатлар Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилган ҳолда, тегишли миллий қонунларини ҳам қабул қилган. Бу қонунларнинг барчаси мазмунан ўхшаш бўлиб, Конвенция талаблари негизида ишлаб чиқилган.
Эътиборли томони шундаки, ГФРда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган бир қанча қонунлар мавжуд. Жумладан, “Жамиятда, ишда ва касбий соҳада ногиронларнинг ҳуқуқларини таъминлаш тўғрисида”ги қонун шулар сирасига киради.
Ўзбекистоннинг бу борадаги ҳуқуқий амалиётига келсак, қонун ижодкорлигида илк бор ноёб тажриба қўлланилди. Яъни, халқаро-ҳуқуқий ҳужжат дастлаб миллий қонунчиликка имплементация қилиниб, шундан кейин ратификация қилинди.
Энг асосийси, Конвенцияни ратификация қилиш натижасида:
биринчидан, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими халқаро норма ва стандартларга мувофиқлашади;
иккинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича халқаро ташкилотларнинг мақсадли ресурсларини жалб қилиш имкони кенгаяди;
учинчидан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишдаги мамлакатимизнинг ижобий халқаро имиджи янада яхшиланади.
Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
- Қўшилди: 01.06.2021
- Кўришлар: 4330
- Чоп этиш