Жорий йилнинг 6 ноябрида Бишкек шаҳрида ТДТ Давлат раҳбарлари кенгашининг 11 саммити бўлиб ўтди. Унда ташкилотга аъзо мамлакатлар етакчилари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Давлат Раҳбари ТДТ мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестицион ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш борасида бир қанча амалий таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Биринчидан, тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, савдо-божхона тартиб-қоидаларини енгиллаштириш, электрон тижорат платформаларини ривожлантириш бўйича аниқ битим ва келишувлар ишлаб чиқиш лозимлиги қайд этилди.
Бу соҳадаги умумий салоҳиятимизни янада юксалтиришга қаратилган тадқиқотлар олиб бориш учун яқин истиқболда Тошкентда ТДТ мамлакатларининг етакчи миллий таҳлил марказларимизнинг анжуманини ўтказиш таклифи илгари сурилди.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси томонидан савдо-иқтисодий шерикчилигимизни янада ривожлантириш учун келгуси йил учун иқтисодий форум, савдо ва саноат кўргазмалари, минтақа ва вилоятларимизнинг ўзаро ташриф режаларини, давлат харидларида иштирок этиш, кооперация ва локализация қўшма дастурини қабул қилиш зарурлиги эътироф этилди.
Шу билан бирга, бугунги кунда ТДТ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо кўлами мавжуд салоҳиятимизга нисбатан етарли даражада эмас. Ҳозирда туркий мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажми 40 миллиард долларга етган ва ушбу кўрсаткич туркий давлатлар умумий ташқи савдо айланмасида атиги 6%ни ташкил этади. Шу билан бирга, ташқи савдонинг катта қисми учинчи мамлакатлардан қилинадиган импортга тўғри келади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Раҳбарининг ташаббуслари ўзаро савдони ошириш борасида юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш, экспорт ва импорт ҳажмларини оширишнинг янги механизмларини кенг жорий этиш ва бу жараёнларга илғор технологик платформаларни кенгроқ жалб қилиш имконини беради. Шу ўринда, экспертларнинг фикрича, мавжуд салоҳият ва имкониятлар ишга солинганда ташкилот аъзолари ўртасида ички савдони яқин истиқболда 100 миллиард долларга кўтариш мумкин бўлади.
Иккинчидан, Ўзбекистон етакчиси жаҳон молия бозорида капиталга бўлган талаб ва унинг нархи тобора ошиб бораётгани, шунингдек ривожланаётган давлатлар учун узоқ муддатли ва «яшил» кредитлар ажратиш шартлари қийинлашуви шароитида ТДТ доирасида молиявий инструментларни жорий этишга жиддий эътибор қаратиш кераклигига алоҳида урғу берди.
Юртбошимиз томонидан Туркий инвестиция жамғармаси ишини фаоллаштириш, шунингдек Туркий ривожланиш банкини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Бу йўналишдаги алоқаларни янада чуқурлаштириш борасида Туркий инвестиция форумини ташкил этиш ва унинг илк тадбирини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси билан чиқди.
Таъкидлаш жоизки, Туркий инвестиция жамғармаси яқинда ташкил этилди ва унинг фаолиятини ТДТ аъзолари билан биргаликда қўллаб-қувватлаш ўта долзарбдир. Бу ўринда Жамғарма фонди маблағлари ҳисобидан ТДТ мамлакатларида лойиҳаларни мақсадли ва тизимли аниқлаш механизмини ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари билан қўшма инвестицион лойиҳаларни рўёбга чиқариш борасида яхши натижаларга эришди. Мисол учун Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон билан биргаликда Қамбарота ГЭС қурилиши ва эксплуатацияси лойиҳасини амалга оширмоқдалар, шунингдек ушбу мамлакатлар билан ҳамкорликда қўшма автомобиль заводлари ишга тушди. Ушбу амалий тажрибани ТДТ доирасида қўллаш хорижий инвестиция хажмини оширишга имкон яратади.
Ўзбекистон Раҳбарининг бу йўналишдаги ташаббусларининг амалий ижроси Ташкилотнинг барқарор инвестицион макон сифатидаги нуфузининг юксалтиради, ўзаро сармоявий ҳамкорликнинг реал механизмларини яратади, шунингдек бугунги глобал инвестицион занжирларнинг узилиши фонида қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги салоҳиятни кенгайтиради.
Учинчидан, Президент Шавкат Мирзиёев ТДТ маконида транспорт-транзит салоҳиятидан унумли фойдаланиш борасида ҳам қатор таклифларни билдириб ўтди. Жумладан, Ўрта коридор бўйлаб транзит тарифларини мақбуллаштириш, чегаралардан ўтиш жараёнларини соддалаштириш, замонавий логистика тизимлари ва қўшма операторларни яратиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
ТДТ доирасидаги ташувларда электрон ҳужжатлар айланмасига ўтиш ва уларни ўзаро тан олиш бўйича кўп томонлама битимни имзолаш зарурлиги айтиб ўтилди. Бундай долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун Туркий давлатлар логистика марказлари ва юк ташувчилари альянси билан ҳамкорликда Халқаро логистика конференциясини ўтказиш таклиф қилинди.
Қайд этиш керакки, бугунги кунда Ўрта коридор бўйлаб ташилаётган юк ҳажми 3 миллион тоннага яқин бўлиб, келажакда бу кўрсаткични 10 миллион тоннагача ошириш кутилмоқда.
Бироқ инфратузилманинг ҳали тўлиқ ривожланмаганлиги сабабли Ўрта коридорни минтақавий йўналишдан қитъалараро транзит артериясига айлантириш жараёни бироз суст кечмоқда. Жумладан, ҳозиргача мазкур лойиҳада иштирок этувчи давлатлар ҳудудидан ўтувчи юк ташишнинг атиги 4-5% қитъалараро савдога тўғри келади.
Бу ўринда Ўзбекистоннинг ташаббуслари Осиё ва Европа ўртасида стратегик кўприк сифатида эътибор қозонаётган ушбу муҳим транспорт йўлагини ривожлантиришга қаратилган. Ушбу транспорт йўлагининг самарадорлигини ошириш орқали ТДТ мамлакатлари нафақат халқаро транзит, балки минтақавий иқтисодий интеграциянинг муҳим иштирокчилари сифатида ҳам ўз мавқеларини мустаҳкамлашлари мумкин бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Раҳбари томонидан Бишкек саммитида билдирилган таклиф ва ташаббусларнинг амалий ижроси ТДТ мамлакатлари ўртасидаги кўп томонлама муносабатларни сифат жиҳатдан янги даражага кўтаради, Ташкилот доирасида устувор йўналишларда самарали ҳамкорликни янада жадаллаштиришга ва мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сарвар Камолов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги СМТИ бош илмий ходими
- Қўшилди: 08.11.2024
- Кўришлар: 905
- Чоп этиш