Жаҳон банки томонидан Европа ва Марказий Осиё минтақаси иқтисодиёти бўйича ҳисобот эълон қилинди. Ҳисоботда таъкидланишича, бир қатор инқирозлардан сўнг ушбу минтақадаги ривожланаётган мамлакатларда иқтисодий ўсиш барқарорлашмоқда, аммо кўрсаткичлар 2000 йиллар бошига нисбатан анча паст даражада қолмоқда.
Прогнозларга кўра, жорий йилда Европа ва Марказий Осиё минтақасида иқтисодий ўсиш 2023 йилдаги 3,5 фоиздан 3,3 фоизгача, 2025 йилда эса 2,6 фоизгача секинлашиши мумкин. Бу 5,1 фоизни ташкил этган 2000-2009 йиллардаги ўртача йиллик кўрсаткичдан анча паст кўрсаткич.
Минтақа мамлакатлари юқори даражадаги инфляция, Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатлари ва Европа Иттифоқида, минтақанинг асосий экспорт бозорида иқтисодий фаоллик даражасининг секин ўсиши ортидан юзага келган сўнгги шокларни муваффақиятли енгиб ўтдилар.
Ҳозирги вақтда Европа ва Марказий Осиёнинг ривожланаётган мамлакатларида иқтисодий ўсиш асосида иш ҳақининг ошиши, аҳолига давлат тўловлари ва инфляциянинг секинлашувига таянувчи хусусий истеъмол турибди.
2024 йилда минтақанинг 20 дан ортиқ мамлакатлари орасида ЯИМнинг энг юқори ўсиши Грузия (7,5%), Тожикистон (7,2%), Ўзбекистон (6%), Қирғиз Республикаси (5,8%) ва Арманистонда (5,5%) кузатилмоқда.
2025 йил бўйича прогнозлар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотнинг 5,8 фоизга ўсиши билан минтақада иқтисодий ўсиш бўйича етакчи ўринга чиқиб олиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Маърузанинг махсус бўлими Европа ва Марказий Осиё минтақаси мамлакатларида иқтисодий ўсиш омилларидан бири бўлган инсон капиталининг ролига бағишланган. Узоқ муддатли истиқболда меҳнат унумдорлигининг ўсишини жадаллаштириш учун мамлакатлар ўрта ва олий таълим сифатини сезиларли даражада оширишлари кераклиги таъкидланган.
Минтақадаги таълим тизимининг барча бўғинларида аҳоли таълим билан кенг қамраб олинган. Муаммо сўнгги пайтларда пасайиб бораётган таълим сифати билан боғлиқ. Хусусан, сўнгги 10 йил ичида минтақа мамлакатларида ўқувчиларнинг таълимдаги кўрсаткичларини баҳолаш бўйича халқаро дастур (ПИСА) тестларида тўплаётган баллар сони кескин пасайди. Ушбу дастур 15 ёшли ўқувчиларнинг билим кўникмаларини баҳолайди.
Ҳисоботда олий таълим тизимларининг камчиликлари қаторида минтақадаги олий таълим муассасаларидаги ўқув дастурларининг эскирганлиги, уларнинг ускуналари ва инфратузилмасига инвестицияларнинг етишмаслиги, шунингдек, ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларининг меҳнат бозори эҳтиёжларига мос келмаслиги қайд этилган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА
- Қўшилди: 18.10.2024
- Кўришлар: 1016
- Чоп этиш