2025 йилнинг 11-12 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари Болалар омбудсманларининг биринчи халқаро форуми бўлиб ўтади.
Бирлашган Миллатлар ташкилоти (БМТ)нинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳамда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда ташкил этилаётган халқаро анжуман “Марказий Осиё давлатларида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари: Болалар омбудсманлари минтақавий ҳамкорлиги истиқболлари” мавзусига бағишланади.
Ўзбекистон Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова мазкур халқаро форум ҳақида сўзлаб берди:
– Кейинги йилларда мамлакатимизда болалар манфаатларини ишончли таъминлаш йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Болалар меҳнатига барҳам бериш, уларни турли зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган амалий ишлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётир.
Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган очиқ, прагматик ва кўп қиррали ташқи сиёсат бола ҳуқуқлари соҳасида ҳам ўзининг самарали ифодасини топмоқда. Болалар манфаати йўлида халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари кенгаймоқда.
Халқаро даражадаги йирик ташкилот – ЮНИСЕФ билан Ўзбекистоннинг ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бормоқда. Ўзаро ҳамкорликда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди.
Болалар дуч келаётган мураккаб ҳолатларни давлатлараро ҳамкорлик асосида ҳал этиш бўйича қўшма ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Болалар омбудсмани бошқа давлатлар Болалар омбудсманлари билан самарали алоқаларни изчил йўлга қўйган.
Жумладан, Марказий Осиё давлатлари Болалар омбудсманларининг яқиндан алоқалари ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида ижтимоий оғир аҳволда бўлган болаларни хориждан ўз Ватанига қайтариш чоралари кўрилмоқда. Бундай болаларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш ҳамда зарур ҳужжатлар расмийлаштириш, васийликка бериш каби амалий ишлар бажарилмоқда.
Айтиш жоизки, бола ҳуқуқларини ҳимоялаш соҳасида минтақада илғор давлатлардан бўлган Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари Болалар омбудсманлари мулоқоти минтақавий платформасини яратиш ташаббусини илгари сурди.
Бунинг амалий натижаси сифатида пойтахтимизда бўлиб ўтадиган биринчи халқаро форумдан кўзланган асосий мақсад – болаларни ҳимоя қилиш соҳасида конструктив тажриба алмашиш, умумий муаммоларни оптимал ҳал этишга қаратилган чора-тадбирларни белгилашдир.
Минтақавий ва трансмиллий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича ягона ёндашувларни ишлаб чиқиш учун Марказий Осиё давлатларининг Болалар омбудсманлари ўртасидаги мулоқот ўзаро ҳамкорликнинг самарали минтақавий платформасига айланади.
Мамлакатимиз мезбонлик қилаётган халқаро анжуманда Марказий Осиё давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Болалар омбудсманлари билан бир қаторда Финляндия, Норвегия, Хорватия каби Европа мамлакатлари Болалар омбудсманлари ва Европа Болалар омбудсманлари тармоғи (ENOC) вакиллари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Форумда мамлакатимиз парламенти вакиллари, мутасадди давлат идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда ОАВ вакиллари қатнашади.
Икки кунлик халқаро форум доирасида бола ҳуқуқларини таъминлашнинг долзарб масалаларига бағишланган пленар сессиялар ўтказилади.
Марказий Осиё давлатларининг бола ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатлар нормаларини миллий қонунчиликка жорий этиш тажрибаси, минтақада болалар вазиятининг миллий мониторинги, Болалар омбудсманларининг минтақалараро ва халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари, Интернет маконида болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларининг олдини олишнинг самарали механизми, болаларнинг одил судловдан самарали фойдаланиш имкониятларини таъминлаш каби долзарб масалалар эътибор марказида бўлади.
Кенг муҳокамалар ва ўзаро фикр алмашинув натижасида Марказий Осиё давлатлари Болалар омбудсманларининг мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик минтақавий платформасини йўлга қўйиш, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий стратегия ва режалардаги саъй-ҳаракатлар ҳамда халқаро ташаббусларни интеграция қилиш, шунингдек, минтақа мамлакатлари Болалар омбудсманларининг салоҳиятини ошириш вазифалари кўриб чиқилади.
Анжуман якунида бола ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида Марказий Осиёда минтақалараро ҳамда халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Марказий Осиё давлатлари Болалар омбудсманлари форуми Декларацияси қабул қилинади.
Ўзбекистон ташаббуси билан илк бор Тошкентда ташкил этилган Марказий Осиё давлатлари Болалар омбудсманлари форуми келгусида ҳар йили ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Умуман, доимий асосдаги минтақавий платформанинг йўлга қўйилиши болалар манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида Марказий Осиё давлатлари ўртасида ягона мулоқот майдонининг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 09.09.2025
- Кўришлар: 6
- Чоп этиш