Пойтахтимизда «Одам савдоси жабрланувчиларини қайта йўналтиришнинг миллий механизмлари. Одам савдоси жабрланувчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш: муаммолар, илғор тажриба ва келажак истиқболлари» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда одам савдосига қарши курашиш бўйича қилинган амалий ишлар ҳақида сўз юритилди. Жумладан, юртимизда одам савдосига оид жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилди. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун жиноий жавобгарлик белгиланди. «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Одам савдосидан жабрланган ёки жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни идентификация қилиш ва қайта йўналтириш тартиби белгиланди. Қатор халқаро конвенциялар ратификация қилинди.
Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия томонидан ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори офиси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда одам савдосига қарши курашишда ўзаро ҳамкорлик самарали бўлаётгани қайд этилди.
Одам савдосидан жабрланганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда мазкур жараёнда халқаро ва минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Иштирокчилар Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро ва минтақавий ҳамкорлик йўлга қўйилгани, миллий қонунчилик такомиллаштирилгани, давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг биргаликда амалга ошираётган тизимли ишларининг натижадорлиги юқори баҳоланди.
Бу борада Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия ҳамда ушбу масала бўйича Миллий маърузачи институти томонидан амалга оширилаётган ишлар иштирокчилар томонидан алоҳида қайд этилди.
Муҳими, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар камайиб бормоқда. Бу аҳолининг ушбу жиноят кўринишлари ва оқибатларидан хабардорлиги ошаётгани натижаси ҳамдир.
Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия, вазирлик ва идоралар, БМТнинг ихтисослашган тузилмалари, Марказий Осиё мамлакатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамда қатор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этган тадбирда ЕХҲТ билан ҳамкорликда одам савдосига қарши курашишда ҳамкорликни янада ривожлантириш, минтақавий аҳамиятга эга лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 27.05.2024
- Кўришлар: 1529
- Чоп этиш