Мамлакатимизда 17-26 октябрь кунлари Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.
Анжуман доирасида “Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва ОАВ, ижтимоий тармоқларнинг кенг ривожланиши – демократик қадриятларни кенгайтириш йўлида” мавзусидаги халқаро конференция ташкил этилди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев кириш сўзи билан очди. Кейинги йилларда мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантириш, халқимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди.
Конституцияда оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритишини таъминлаш бўйича муҳим қоида ва тамойиллар мустаҳкамлангани қайд этилди. Соҳага оид қонунларни бирлаштирувчи Ўзбекистон Республикаси Ахборот кодекси лойиҳаси тайёрланган. Кодекс лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, ҳозирги кунда унинг тўртинчи таҳрири устида иш олиб борилмоқда.
– Медиа саводхонликка жиддий қараш керак, – дейди Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси Бошқаруви раиси, профессор Шерзодхон Қудратхўжа. – Бугун телеканал, радио, тармоқлар ва босма нашрлар аҳолига янгиликларни тезкор етказмоқда. Масалан, экологияни олсак, дарахт кесилиши, Тошкент ҳавоси нечи балл, уй қурилса, аҳолининг фикрини очиқ эълон қиляпти. Биз энди миллий контентлар устида ишлашга ҳам жиддий киришганмиз. Умуман, бизнинг аудиториямиз фақат Ўзбекистон эмас, Марказий Осиё ва бошқа давлатларда истиқомат қилаётган юртдошларимиз.
ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси таълим бўйича бош мутахассиси Сара эл-Аттар мамлакатимизда сўз эркинлиги борасида қилинаётган лойиҳалар, ҳукуматнинг қабул қилинаётган қарорларни юқори баҳолади. Бугунги рақамли дунёда ёлғон хабарларга қарши кураш жуда муҳимлигини қайд этди.
Маълумотларга кўра, ЮНЕСКО республикамизда медиа саводхонлик йўналишларида лойиҳаларда иштирок этмоқда. Хусусан, медиа саводхонликни дарсликларга киритиш устида ишланяпти. Журналистика тарихи хусусида керакли ишлар бошланган.
– Тадбирдаги тақдимотимда оммавий ахборот воситалари ва сўз эркинлиги доирасида дезинформация тушунчасини қисқача ёритиб беришга ҳаракат қилдим, – деди Туркиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси коммуникациялар бўйича маслаҳатчиси Ҳамди Туршужу. – Сўнгги пайтларда дезинформация муаммоси янада жиддий тус олмоқда. Бу рақамли асримизда жамоатчилик фикри, сиёсий барқарорлик ва ижтимоий ҳамжиҳатликка таъсир қилувчи жиддий таҳдидлардан бири бўлиб қолмоқда.
Тадбирнинг иккинчи қисмида хорижий ва маҳаллий экспертлар сўзга чиқди. Оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кадрлар салоҳияти ва рақобатбардошлигини янада ошириш, журналистика соҳасини ривожлантириш бўйича фикр ва мулоҳазалар билдирилда.
Беҳруз Худойбердиев,
Аслиддин Алижонов (фото),
ЎзА
- Қўшилди: 21.10.2024
- Кўришлар: 886
- Чоп этиш