2025 йил 1 мартдан бошлаб пенсия тайинлашда фуқаронинг шахсига оид барча маълумотлар вазирлик ва идораларнинг электрон базаларидан олинади.
Ёшга доир пенсияларни фуқароларнинг мурожаатисиз тайинлаш тартиби жорий қилинади. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, пенсия таъминоти тизимига ахборот технологияларини фаол жорий қилиш орқали фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар босқичма-босқич интерактив ва проактив шаклга ўтказилмоқда.
Шунингдек, 2025 йил 1 мартдан бошлаб пенсия ёшига етган фуқароларга пенсиялар “автоматик” тарзда, яъни ҳеч қандай ҳужжат талаб этмаган ҳолда ҳамда фуқаронинг мурожаатисиз тайинланади. Бунда фуқаронинг шахсига оид барча маълумотлар (ёши, жинси, иш стажи, иш ҳақи, тўланган ижтимоий солиқ суммаси ва оила таркиби кабилар) вазирлик ва идораларнинг электрон базаларидан олинади.
Олдинроқ Ўзбекистонда пенсиянинг энг кам миқдори энг кам истеъмол харажатлари даражасидан оз бўлмаслиги белгилангани хабар қилинганди.
Kun.uz
- Қўшилди: 15.02.2024
- Кўришлар: 2289
- Чоп этиш