Ўзбекистондаги хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишлари юқори баҳоланди

Ўзбекистон Сенати аъзолари БМТ Тараққиёт дастурининг Озарбайжон Республикасидаги ваколатхонаси делегацияси билан учрашди.

Учрашувда сенаторлар гендер тенглик ва гендерга асосланган зўравонликка қарши курашиш соҳаларида тегишли вазирлик ҳамда идоралар томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги маълумотлар билан ўртоқлашди.  

Мулоқот давомида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш соҳасида эришилган ютуқлар ва ташаббусларни ўрганиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида давлатларнинг илғор тажрибаси ҳақида сўз борди.  

Бу борадаги амалиёт ва инновацион ёндашувлар билан танишиш ҳамда ундан кенг фойдаланиш, иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.  

Мазкур соҳада ишлаб чиқилаётган ва қайта кўриб чиқилаётган бир қатор Ўзбекистон Республикаси қонунларининг мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритилди.  

Ўз навбатида, делегация аъзолари Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.  

Ўзбекистон Республикасида фаолият юритувчи вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотларининг гендер тенглик ва гендерга асосланган зўравонликка қарши кураш соҳасидаги тажрибаси билан танишиб чиқиш ва шу соҳаларда кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган тадбирда биргаликда амалга ошириладиган режалар муҳокама қилиниб, ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.  

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech