Жаҳон миқёсида мамлакат имижи қандай эканини билиш ҳамда давлатнинг ривожланиш тенденцияларини дунё мамлакатлари билан солиштириш ва объектив баҳолашнинг энг самарали воситаларидан бири – халқаро ташкилотлар, хорижий ноҳукумат ва айрим тижорат ташкилотлари томонидан тузиладиган халқаро рейтинг ва индексларни ўрганишдир.
Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева республиканинг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичлари, уларнинг жамият ҳаётидаги тутган ўрни ҳақида маълумот берди:
– Сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичларга эътибор қаратсак. Жаҳон банкининг Бошқарув сифати индикаторлари – 30 дан opтиқ мустақил манба асосида 213 мамлакатда давлат бошқаруви сифати ва самарадорлигини глобал даражада ўрганишга доир 6 та мустақил индикатордан ташкил топган.
2023 йил сентябрда эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистон мустақил индикаторларнинг 3 таси яъни, Зўравонлик ва терроризмнинг мавжуд эмаслиги ва сиёсий барқарорлик, Коррупцияни тийиб туриш ҳамда Ҳуқуқ устуворлиги индикаторлари бўйича кўрсаткичларни яхшилашга эришди.
“Жаҳон одил судлов лойиҳаси” (World Justice Project) халқаро ноҳукумат ташкилотининг Ҳуқуқ устуворлиги индекси – ҳуқуқ устуворлиги соҳасидаги маълумотларни экспертлар ва аҳоли ўртасида ўтказиладиган сўровлар орқали тадқиқ этиб, 8 индикатор ва 44 субиндикатор бўйича долзарб маълумотларни акс эттиради.
2023 йил октябрда эълон қилинган Ҳуқуқ устуворлиги индексида дунёнинг 142 та давлати орасида Ўзбекистон 78-ўринни эгаллади.
Таъкидлаш лозимки, 2016 йилдан 2023 йилга қадар мамлакатимиз ҳуқуқ устуворлиги энг тез яхшиланган давлатлар орасида 8,9 фоиз ўсиш кўрсаткичи билан биринчи ўринни эгаллагани эътироф этилди.
“Transparency International” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан эълон қилинган Коррупцияни қабул қилиш индексида давлатимизда коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ижобий баҳоланмоқда.
Индекснинг 2023 йилги нашрида Ўзбекистон 180 та мамлакат орасида 121-ўринни эгаллаб, ўз кўрсаткичларини 2022 йилга нисбатан 5 поғонага яхшилади.
Шунингдек, мамлакатимиз “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузиладиган Матбуот эркинлиги индексининг 2023 йил якунлари бўйича эълон қилинган ҳисоботида 180 та давлат ичида 148-ўринни эгаллади.
Ўтказилган таҳлилларга кўра, Ўзбекистоннинг сиёсий – ҳуқуқий соҳадаги рейтинглардаги ўрнини яхшилаш учун парламент назоратини янада кучайтириш, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги фаоллигини ошириш, қонун ҳужжатлари нормаларининг аниқ ва бир хилда амалга оширилишини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, журналистларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда шаффофлик механизмларини янада самарали йўлга қўйиш талаб этилади.
Халқаро рейтинглар ва индексларда мамлакатимиз ўрнини мустаҳкамлашга давлат даражасида эътибор қаратилиб, бу борада ҳуқуқий ва институционал асослар такомиллаштирилмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини мониторинг қилиш ва баҳолаш миллий тизими жорий қилинди. Ўзини ўзи баҳолаш учун устувор халқаро рейтингларнинг мезонлари ва индикаторлари асосида миллий индекслар ишлаб чиқилмоқда.
Мамлакат ҳудудларида ҳуқуқ устуворлиги ҳолатини баҳолаш ва яхшилашнинг самарали механизми сифатида Бутунжаҳон одил судлов лойиҳаси методологияси асосида “Ҳуқуқ устуворлиги” автоматлаштирилган ахборот тизими ишга туширилган. Бу тизим орқали ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индекси аниқланади.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 29.07.2024
- Кўришлар: 2870
- Чоп этиш