Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтаётган МДҲ давлатлари Парламентлараро Ассамблеяси (ПА) кенгашининг мажлисида Ўзбекистон парламенти делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Ташрифнинг биринчи кунида делегациямиз вакиллари кенгашнинг ташкилий масалаларга қаратилган мажлисида иштирок этди.
Мажлисда МДҲ давлатлари ПА кенгаши аъзолари томонидан Ўзбекистонда парламент сайловининг демократик тамойилларга мос равишда шаффоф ва адолатли ўтгани эътироф этилди. Сиёсий тадбирда сайловчиларнинг 75 фоизи фаол иштирок этгани, шунингдек, депутатларнинг 38 фоизини аёллар ташкил этгани – минтақадаги энг юқори кўрсаткич экани алоҳида қайд этилди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева сайлов жараёнлари кузатувчилар гуруҳи вакилларига билдирилган холис фикрлари ва тавсиялари учун миннатдорчилик билдирди. Улар берган тавсияларнинг чуқур ўрганилиши, амалиётга татбиқ этилиши таъкидлаб ўтилди.
***
Сенат Раиси Т.Норбоева ташриф давомида Беларусь Миллий мажлиси Республика Кенгаши раиси Н.Кочанова билан учрашди.
Н.Кочанова Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент сайлови жараёнлари муваффақиятли якунлангани ҳамда Т.Норбоеванинг Сенат Раиси лавозимига қайта сайлангани билан самимий табриклади.
Учрашувда Ўзбекистон ва Беларусь давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларни, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, томонлар келаси йил Ўзбекистон делегациясининг Беларусь Республикасига амалий ташрифи давомида ўтказилиши режалаштирилган икки мамлакат халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари вакиллари иштирокидаги ҳудудлараро форум, шунингдек, Ўзбекистон-Беларусь аёллар III бизнес-форуми ҳамда Ёшлар парламенти қўшма йиғилишининг ташкилий масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 22.11.2024
- Кўришлар: 376
- Чоп этиш