Парваришга муҳтож шахсларга кўмак бериш энг олижаноб фазилат

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 27 декабрдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни жамиятга интеграция қилиш ва мустақил ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратиш, ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш режалаштирилган.

80 ёшдан ошган кексалар, I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ўзгалар парваришига муҳтож ҳисобланади. Мавжуд қонунчиликда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга қараб турувчи фуқароларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилаб берилган, уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш тартиби такомиллаштирилган.

Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Рўзметова соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида қуйидагиларни маълум қилди.

– Ўзаро меҳр-оқибат, саховат, мурувватлилик хислатлари, азалий қадриятларни эъзозлаш каби халқимизга хос эзгу фазилатлар ҳар доим қадрланган, – дейди Дилфуза Рўзметова. – Дунёда савобга, яхшиликка олиб борадиган ишлар жуда кўп. Парваришга муҳтож шахсларга кўмак бериш эса энг олижаноб вазифалардан биридир.

Бугун ижтимоий ҳимоя тизимида бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, эҳтиёжмандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёши улуғ инсонларга ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилган. 

Шунингдек, “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестри юритилиши белгиланган. 

2025 йил I чораги якунига кўра, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар сони 1 миллион 31 минг 609 нафарни ёки Ўзбекистон аҳолисининг 2,7 фоизини ташкил этади. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг 173 минг 285 нафари 18 ёшгача бўлган болалар, 94 минг 722 нафари – I гуруҳ, 695 минг 372 нафари – II гуруҳ, 67 минг нафари – III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ташкил қилади.

Парваришга муҳтож шахсларга хизмат кўрсатиш давомида  шахсга қараб туриш (йиқилиш ва жароҳатланишнинг олдини олиш), шахсни парваришлаш (овқатлантириш, гигиеник тадбирларни амалга ошириш),  шахс билан мулоқот қилиш, шахсни ўз-ўзига хизмат қилишга ўргатиш каби тадбирлар амалга оширилади. Хизматдан фойдаланувчи билан келишувга мувофиқ бошқа хизматлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Меҳр-саховатнинг катта-кичиги бўлмайди. Бу борада ҳар бир мурожаат эътибордан четда қолмайди. Жорий йил 1 апрель ҳолатига жами келиб тушган аризалар сони — 45 минг 531 тани ташкил этган. Шундан 43 минг 632 та ариза ижобий ҳал этилган, 1 минг 105 та ариза кўриб чиқиш жараёнида. “Инсон” марказлари томонидан ҳам жами 1 миллион 238 мингта ариза қабул қилинган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech