Пахта теримига чиқмаганларга бола пули берилмаслигини айтган маҳалла раиси жаримага тортилди

Давлат меҳнат инспекцияси Қашқадарё вилоятидаги маҳалла раисининг пахта теримига чиқмаганларга бола пули берилмаслиги бўйича тарқалган овозли хабари юзасидан ўрганиш ўтказганини маълум қилди.

Аниқланишича, Шаҳрисабз туманидаги “Пахтакор” МФЙ раиси Л.Ўроқов 2024 йил 9 октябрь куни Нушкент қишлоғининг “Нушкент бирлашайлик” телеграм каналига ушбу овозли хабарни юбориб, ишсиз фуқароларни пахта йиғим-теримига чақирган, шундан сўнг улар теримга келган.

Ҳолат юзасидан Л.Ўроқовга нисбатан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (18 750 000 сўм) миқдорида жарима қўлланилди.

 

Эслатма:

 

Меҳнат кодексининг 5-моддасига асосан мажбурий меҳнат тақиқланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига мувофиқ, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шу ҳаракат такроран ёки вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилса, Жиноят кодексининг 148²-моддасига асосан жавобгарликка тортилади.

Мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига дуч келсангиз Бандликка кўмаклашиш бўлимлари ёки 1282 - қисқа рақами ҳамда @munosibmehnat_bot телеграм боти орқали Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилишларингиз мумкин!

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти» ДМ

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech