Шавкат Мирзиёев айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётганини таъкидлади. Шунингдек, давлат раҳбари адвокатлар ишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга доир қонун лойиҳасини 3 ой ичида киритишни топширди.
5 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш фаолияти юзасидан кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда давлат раҳбари суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилганига қарамай, судяларни мажлисга чақириш, уларга ваколатига кирмайдиган вазифаларни юклаш ҳолатлари ҳам учраб тургани қайд этилди. Шунингдек, айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётгани кўрсатиб ўтилди.
«Барча раҳбарларни қатъий огоҳлантираман. Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш деб баҳоланади. Бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Шу билан бирга одил судловни амалга оширишда адвокатлар ўрни жуда муҳимлиги, бу борада адвокатларга ҳимоясидаги фуқарога ўз вақтида ҳуқуқий ёрдам кўрсата олишлари учун имконият яратиш кераклиги қайд этилди.
«Мутасаддиларга уч ой ичида сифатли юридик ёрдам кўрсатилишида адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш бўйича қонун лойиҳасини киритиш топширилди», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Kun.uz
- Қўшилди: 07.03.2025
- Кўришлар: 173
- Чоп этиш