Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида кўп томонлама ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ҳамда мамлакатлар иқтисодиёти барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор амалий таклифлар билан чиқди.
Жумладан:
– глобал беқарорлик шароитида МДҲ формати барқарор ва зарур тузилма сифатида ўзини намоён этаётганини таъкидлаб, эътиборни ҳамкорликнинг амалий йўналишларига қаратишни таклиф қилди;
– барча транспорт турлари билан интеграциялашган ахборот-логистика марказларини яратиш ҳамда транспорт соҳасида давлат-хусусий шериклик масалалари бўйича МДҲ мамлакатлари конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини илгари сурди;
– махсус иқтисодий зоналарни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” тайёрлашни, шунингдек, МДҲ Венчур платформасини яратиш орқали стартаплар ва инновацияларни илгари суришни таклиф қилди;
– Ўзбекистон Тошкент шаҳрида «ИННОПРОМ» кўргазмаси доирасида МДҲ инновацион саноат форумини ўтказишга тайёрлигини маълум қилди;
– МДҲ энергетика секторини инновацион ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва анъанавий ҳамда “яшил” энергетика бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклифини билдирди;
– Рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳасида кўп томонлама амалий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш, шунингдек, фан, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилди;
– Дипломларни ўзаро тан олиш бўйича янги давлатлараро келишувни тайёрлаш, шунингдек, Хива шаҳрида МДҲ Ёшлар форумини ўтказиб, Ёшлар инновация лабораториясини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди;
– хавфсизлик масалаларига тўхталиб, МДҲ мамлакатлари ташқи сиёсат идоралари ва махсус хизматлар ўртасида мувофиқлаштирувни кучайтириш, шунингдек, Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратиб, ушбу мамлакатдаги инфратузилма лойиҳаларида биргаликда иштирок этишни таклиф қилди.
- Қўшилди: 10.10.2025
- Кўришлар: 183
- Чоп этиш