Таҳлилларга кўра, 2024 йилда Омбудсманга ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тезкор-қидирув фаолияти ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича 1 минг 131 мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг энг кўпи ички ишлар (74,3 фоизи) ҳамда прокуратура (16,4 фоизи) органлари ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норозилиги юзасидан бўлган.
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлардаги шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани ҳақида 191 шикоят қайд этилган. Мазкур шикоятларнинг 16 таси бўйича жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги қарорлар тегишли прокурорлар томонидан бекор қилинган. Ўтказилган хизмат текширувлари натижасида 13 шикоят юзасидан 15 нафар ходимга интизомий жазо чоралари қўлланилган. 3 та шикоят юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Бу эса, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тарзидаги чора қўлланилган шахсларнинг қийноққа солиниши ҳолатларини аниқлаш ва унинг олдини олиш мақсадида ушбу эҳтиёт чорасини қўллаш чоғида гумон қилинувчи ва айбланувчи тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин уларни тергов ҳибсхоналарининг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартиб-таомилини жорий этиш зарурати юзага келганини кўрсатган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, шу билан бирга, Президентимизнинг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш мақсадида “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қамоққа олинганларга нисбатан қийноққа солиш ҳолларининг олдини олишга қаратилган қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун ишлаб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари 2025 йил 26 июнда имзолаган мазкур қонуннинг аҳамияти ҳақида Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов ўз фикрларини билдирди:
– Мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Конституцияга кўра, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас.
Қонун билан “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонун қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин улар тергов ҳибсхонасининг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилишини назарда тутувчи янги 271-модда билан тўлдирилди.
Унга кўра, қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин тергов ҳибсхонасининг ўзида мажбурий тиббий кўрик улар тергов ҳибсхонасига олиб келинган пайтдан эътиборан икки соат ичида тиббий ходим томонидан ўтказилади. Мажбурий тиббий кўрикни ўтказишда қамоққа олинганнинг розилиги билан унинг адвокати ҳам иштирок этиши мумкин. Мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича белгиланган намунадаги тиббий маълумотнома расмийлаштирилади. Тиббий маълумотноманинг нусхаларини бериш тартиблари ҳам қонунда кўрсатиб ўтилди.
Мажбурий тиббий кўрик чоғида қамоққа олинганнинг танасида жароҳатлар, шикастланишлар ва яралар аниқланган тақдирда, улар тегишли тартибда қайд этилиб, бу ҳақда қамоққа олинганга маълум қилинади ва зудлик билан прокурорга хабар берилади.
Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган қамоққа олинганлар бошқа жойга ўтказилганда ёки процессуал ҳаракатлар ўтказиш учун олиб чиқилиб, тергов ҳибсхонасига қайтарилганда улар ушбу моддада назарда тутилган тартибда мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилади.
Қонунни ишлаб чиқишда бир қатор хорижий давлатларнинг қонунчилиги ва халқаро тажриба, жумладан, АҚШ, Канада, Буюк Британия, Сингапур ҳамда Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг илғор тажрибалари ўрганилган.
Қонун инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатлари янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, қонун 2025 йил 28 сентябрда кучга киради.
Норгул Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 11.07.2025
- Кўришлар: 256
- Чоп этиш