Қонун ижодкорлиги Олий Мажлис фаолиятининг энг муҳим, асосий йўналишларидан ҳисобланади. Албатта, қонунлар инсон ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади. Шу маънода, Олий Мажлиснинг бу борадаги фаолият сифатини ошириб бориш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан 2018 йил 8 августда “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжат норма ижодкорлиги фаолиятига замонавий ёндашув ва янгича мазмун олиб кирди. Шу асосда изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, янги тартиб-қоидалар жорий этилди.
Жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилишнинг демократик шаклларини жорий этиш, қонун лойиҳаларини кенг жамоатчилик вакиллари муҳокамаларидан ўтказиш, шунингдек, халқаро шартнома ва рейтингларга мослигини ўрганишга устувор аҳамият берилди. Бу ўз навбатида натижасини кўрсатиб охирги 6 йил ичида Ўзбекистон “Қонун устуворлиги” (Rule of Law) индекси бўйича 5 поғонага ҳамда “Бутунжаҳон бошқарув кўрсаткичлари” (WGI) индексида 24 поғонага юқорилади.
Мазкур соҳани ривожлантиришга оид “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги ҳамда янги таҳрирдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги каби муҳим қонунлар қабул қилинди.
Шу ўринда, қонун ижодкорлигининг ҳаётга жорий этилган айрим жиҳатларига тўхталиб ўтсак мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.
Янги таҳрирдаги қонун ҳужжатини қабул қилиш ўрнига янги қонун ҳужжатини қабул қилиш ва бир вақтнинг ўзида амалдаги қонун ҳужжатини ўз кучини йўқотган деб топиш амалиёти жорий этилди. Бу ўз навбатида турли чалкашликлар ва тушунмовчиликларнинг бартараф этилишига олиб келди.
Шунингдек, қонун лойиҳаларининг халқаро шартномаларга, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш бўйича тавсияларга мослигини ўрганиш амалиёти йўлга қўйилди. Бу эса, давлатимизнинг халқаро майдондаги халқаро ҳуқуқлар ва мажбуриятларининг тўлақонли бажарилишига, юртимизнинг инвестициявий жозибадорлиги оширилишига, умуман мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи янада ошишига хизмат қилмоқда.
Муҳим жиҳати “қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт”, деган устувор тамойил асосида қонун ижодкорлиги жараёнига жамоатчилик жалб қилинмоқда. Қонун лойиҳалари кенг муҳокамага қўйилиб, фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини ўрганган ҳолда тайёрлаш, аҳоли ўртасида очиқ муҳокамалар ўтказишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Таъкидлаш керакки, қонун лойиҳаларини сиёсий партияларнинг ҳудудий органлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳам муҳокама қилиниб, уларнинг таклифлари олиниши бу йўналишдаги фаолият самарадорлигини оширмоқда.
Шу билан бирга, тўғридан-тўғри амал қиладиган, яъни ижро этилиши учун яна бир ҳужжат ишлаб чиқилиши талаб этмайдиган қонунларни қабул қилишга эътибор кучайди. Қонун ижодкорлиги жараёнига бу каби янги ёндашувларнинг татбиқ этилиши натижасида қонун ҳужжатларининг натижадорлиги ва ҳаётийлиги ошмоқда.
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги масъулиятини янада ошириш учун қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилаётганда ташаббускор субъект ёки унинг вакили маъруза билан чиқиши ва ҳимоя қилиши белгиланди. Бу қонун лойиҳаси сифатини яхшилашга, субъектларнинг ушбу жараёндаги фаоллигини янада кучайтиришга ва лойиҳа муҳокамасининг янада жонланишига хизмат қилмоқда.
Яна бир масала. Сир эмас, жамиятдаги ўзгаришлар, ислоҳотлар шиддат билан олиб борилаётганини ўз ҳаётимизда гувоҳи бўляпмиз. Ушбу ислоҳотларнинг қонуний базасини ўз вақтида мустаҳкамлаш эса янада муҳим. Бунинг натижасида қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаларининг шакли ҳамда расмийлаштириш тартиби такомиллаштирилди. Яъни, уларда ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга тушунарли тарзда, содда, халқчил ва равон тилда тушунтиришга қаратилган муқаддима жорий этилди. Муқаддимада эса киритилаётган янгиликнинг сабаби, мақсади, зарурати ва натижаси очиб берилади.
Шу ўринда айтиш керакки, қонун ижодкорлиги соҳасида айрим камчиликлар ҳам йўқ эмас. Жумладан, қонун лойиҳаларидаги ҳаволаки нормалар ёки ижтимоий муносабатларнинг аниқ механизмлари кўрсатилмасдан асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга соладиган нормалар ҳам қўлланилмоқдаки, амалиётда бу ҳуқуқни қўллашда турлича талқин қилинишига олиб келиши мумкин.
Ҳаволаки норма деганда у ёки бу қоидани қонун ҳужжатларидаги бошқа моддаларга ёки илгари қабул қилинган қонун ҳужжатларига ҳавола қилиш ёхуд нормаларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиш, яъни агар норманинг ўзида қоидалар белгиланган бўлмаса, шу қоидаларни ўзида мужассам этган бошқа нормага ҳавола этиш тушунилади.
Қонун ҳужжатларида ҳаволаки нормалар бир неча мақсадда фойдаланилади. Жумладан, норматив кўрсатмаларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиш зарурати бўлган ҳолларда ёхуд тартибга солинган муносабатни қайта такроран тартибга солишни олдини олиш учун қўлланилади. Бундан кўринадики, ҳаволаки нормалар керак. Фақат қонун даражасида белгиланиши лозим бўлган қоидаларни қонуности ҳужжатига ҳавола этмаслик даркор.
Сабаби, ҳаволаки нормаларнинг хавфли тарафи ҳам борки, у ёки бу масалани тартибга солишни бошқа мансабдор шахснинг ихтиёрида қолдиришдан келиб чиқади.
Шунинг учун ҳам юқорида таъкид этганимиздек, миллий парламентимиз сўнгги йилларда тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунларни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Қолаверса, қонун ижодкорлигини янада ривожлантириш бўйича аниқ истиқболли режалар мавжуд. Хусусан, “Ўзбекистон – 2030" стратегиясида 2030 йилга қадар тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни қабул қилиш амалиётини кенгайтириш, уларнинг мониторинги ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳажмини ошириш, барча учун қулай, содда ва ихчам қонунчилик тизимини яратиш мақсадида бир қатор самарадорлик кўрсаткичлари белгиланган.
Президентимиз томонидан жорий йилнинг 19 февраль куни имзоланган “Қонунларнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ролини ҳамда норма ижодкорлиги жараёни сифатини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор билан соҳадаги бир қатор масалалар ўз ечимини топмоқда.
Аввало, давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалардаги қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, 2 та кодекс ва 21 та қонундаги 41 та ҳаволаки нормани амалга ошириш бўйича масъул ижрочилар ва аниқ муддатлар белгиланган.
Иккинчидан, 2024 йил 1 мартдан бошлаб агар қонун лойиҳасида ҳаволаки норма қўлланилса, уни амалга оширишнинг аниқ муддати ва масъул ижрочи лойиҳанинг ўзида мажбурий тартибда белгиланади. Яъни, энди умумийлик, мавҳумликдан аниқликка ўтилади.
Учинчидан, қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган муносабатларни қонун даражасига кўтариш имкониятини муҳокама қилиш шартлиги белгиланиб, бу ҳақда қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида баён этилади.
Тўртинчидан, қонуннинг самарадорлигини, мақсади ва кутилган натижаларига эришилганлигини аниқлаш учун қонун кучга кирган кундан бошлаб беш йил ўтиб, масъул давлат органи ва Олий Мажлис палаталарининг қўмиталари томонидан унинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш амалиёти жорий этилади.
Бешинчидан, биламизки, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ишлаб чиқиш жараёнида лойиҳани тайёрлашдан олдин халқнинг фикри олиниб ундан сўнг лойиҳа умумхалқ муҳокамасига қуйилган эди. Мазкур тўпланган ижобий тажрибадан келиб чиқиб, энг муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар энди худди шу тартиб асосида ишлаб чиқилиши белгиланмоқда. Бу орқали жамоатчиликнинг кенг иштироки таъминланади ҳамда ҳужжатнинг халқчил бўлишига хизмат қилади.
Умуман олганда, қонунлар халқ манфаати учун, фуқаролар учун яратилади. Шундай экан, уни ҳамма тушунадиган шаклда ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва уни амалда қўллай олиш имкониятини оширишимиз асосий вазифа ҳисобланади.
Фирдавс Шарипов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
қўмита раиси ўринбосари.
ЎзА
- Қўшилди: 14.03.2024
- Кўришлар: 2238
- Чоп этиш