Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Aлишер Навоий ва ХХI аср” халқаро илмий конференцияси бу йил Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида бўлиб ўтди.
Дастлабки етти анжуман Ўзбекистонда ўтказилган бўлса, кейинчалик у том маънода халқаро аҳамият касб этди.
2023 йилда ушбу конференция Озарбайжонда, 2024 йилда Туркияда бўлиб ўтган эди.

Жорий йилда эса ушбу маърифий халқаро анжуман Қозоғистоннинг Ж.Ташенов номидаги университетида ташкил этилди ва дунёнинг турли давлатларидан олимлар, туркологлар, адабиётшунослар ҳамда ёш тадқиқотчиларни бир жойга тўплади.
Халқаро анжуманнинг асосий мақсади буюк мутафаккир Aлишер Навоий ижодини чуқур ўрганиш, тарғиб қилиш ҳамда унинг меросини замонавий илмий ёндашувлар асосида тадқиқ этишдан иборат бўлди.
Тадбир давомида Навоий ижодининг жаҳон маданиятидаги ўрни, матншунослик ва таржимашунослик масалалари, шунингдек, унинг асарларини замонавий таълим тизимида ўқитиш каби долзарб мавзулар муҳокама этилди.
Aнжуманда Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Эрон каби давлатлардан таниқли олимлар иштирок этди.

Улар ўз маърузаларида Навоийнинг адабий, фалсафий ва илмий мероси наинки ўзбек халқи, балки бутун туркий дунё ва жаҳон маданияти учун ноёб манба эканини таъкидлашди.
Халқаро анжуман доирасида ўзбекистонлик атоқли навоийшунос олим, Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов қаламига мансуб “Aмир Aлишер” китобининг қозоқ тилига қилинган таржимаси тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Ушбу муҳташам асарни Ж.Ташенов номидаги университет олимаси Ш.Наралиева қозоқ тилига ўгирган.

Мазкур асар Aлишер Навоийнинг ҳаёти, ижоди ва тарихий шахс сифатидаги улуғворлигини акс эттирувчи чуқур илмий-биографик тадқиқот бўлиб, уни қозоқ тилида чоп этиш нафақат қозоқ китобхонлари, балки туркий халқларнинг адабий мероси билан қизиқувчилар учун ҳам катта аҳамиятга эга.
Мазкур нуфузли конференция доирасида Навоий ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ҳамда янги илмий лойиҳаларни амалга оширишга доир келишувларга эришилди.

Тадбир якунида илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси учун бир гуруҳ олим ва тадқиқотчиларга Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетининг “Aлишер Навоий” медаллари ва фахрий ёрлиқлари тақдим этилди.
Aнъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу халқаро анжуман нафақат ўзбек адабиёти ва маданиятини тарғиб қилиш, балки туркий халқларнинг маданий алоқаларини мустаҳкамлаш ва илмий ҳамкорликни ривожлантиришга, улуғ шоир бобокалонимиз Алишер Навоий меросини халқаро миқёсда тарғиб этишга, навоийшунос олимларнинг маърифий мулоқотини тобора кучайтириш ва кенгайтиришга муҳим ҳисса қўшмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА
- Қўшилди: 07.02.2025
- Кўришлар: 1011
- Чоп этиш