Олмаотадан махсус репортаж
28-29 октябрь кунлари Олмаота шаҳрида Марказий Осиёда зўравонликка асосланган экстремизмнинг олдини олиш стратегияларига бағишланган “Марказий Осиёда ёшлар барқарор келажак учун” форуми ўтказилди.
БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) минтақавий ташаббуси ва Япония ҳукуматининг молиявий кўмагида ташкил этилган тадбирда минтақанинг беш давлатидан иштирокчилар, жумладан, давлат идоралари вакиллари, диний етакчилар, ижодкорлар ва ёшлар қатнашди.
Анжуман мақсади Марказий Осиёда зўравонликка асосланган экстремизмга қарши курашнинг самарали усули сифатида барқарор жамоаларни шакллантиришга кўмаклашишдир.
БМТнинг Олмаотадаги ваколатхонасида Салтанат Беймишева жамоасининг “Тинчликни мустаҳкамлашда ёшларнинг роли” мавзусидаги ижодий чиқиши билан бошланган форум очилишида БМТТДнинг Қозоғистондаги доимий вакили Катаржина Ваверния, Махсус топшириқлар бўйича элчи – Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Олмаота шаҳридаги ваколатхонаси раҳбари Жанибек Абдрашов, дипломатик миссия раҳбари ўринбосари, Япониянинг Қозоғистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Каната Томоҳиро ёшларга табрик йўллади.
— 2022 йил БМТТД зўравонликка асосланган экстремизмга қарши минтақавий саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида Марказий Осиёда барқарор жамоаларни ривожлантириш ва экстремизмнинг олдини олишга йўналтирилган минтақавий ташаббуснинг иккинчи босқичини ишга туширди, — деди БМТТДнинг Қозоғистондаги доимий вакили Катаржина Ваверния. — Экстремизмнинг асосий сабабларини бартараф этиш ва хавф остидаги ёш авлодга алоҳида эътибор қаратиш орқали ташаббус ҳар бир ёш инсон ўзини қадрланган ҳис қиладиган ва ўз жамиятининг барқарор ривожланишига ҳисса қўшишга имконияти бўлган инклюзив жамиятни қуришга йўналтирилган.
Дарвоқе, зўравонликка асосланган экстремизмнинг ўсиши Марказий Осиё учун жиддий хавф туғдиришда давом этмоқда ва узоқ йиллар давомида эришилган ривожланишга таҳдид солмоқда. Хусусан, камбағаллик, тенгсизлик, давлат хизматларига кириш имконияти чекланганлиги ва шахсий ривожланиш учун имкониятлар камлиги ёшларни радикаллашувга мойил қилувчи омиллар сифатида таъкидланди.
— Япония ҳукумати Марказий Осиёда зўравонликка асосланган экстремизмнинг олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатларни "Марказий Осиё ва Япония" мулоқоти доирасидаги муҳим ҳамкорлик шакли деб билади, — деди Япония элчихонасининг Қозоғистондаги миссия раҳбари ўринбосари ва маслаҳатчиси Каната Томоҳиро. — Биз учун 2018 йилда қўллаб-қувватлаган “Марказий Осиёда экстремизмнинг олдини олиш учун барқарор жамият ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш” лойиҳаси ўз натижаларига эришгани катта шарафдир. Мазкур лойиҳанинг иккинчи босқичи ҳам муваффақиятли давом этаётганидан хурсандман ва ушбу лойиҳа минтақадаги тегишли ташкилотларнинг фаол ҳамкорлиги билан максимал натижаларга эришишига умид қиламан.
Дастурга кўра, форумнинг биринчи кунида “Зўравон экстремизмнинг олдини олишнинг самарали усули сифатида ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича илғор тажриба ва долзарб ташаббуслар алмашинуви” ва “Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ёшлар ролини кучайтириш бўйича тажриба алмашиш”, “Ёшларни қўллаб-қувватлашда диний жамоаларнинг ўрни” ҳамда “Марказий Осиё ННТ ва хусусий секторнинг ёшларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш бўйича тажрибаси” каби тўрт муҳим мавзуда сессиялар бўлиб ўтди.
Муҳокама жараёнида мазкур тадбир ёшлар имкониятини кенгайтириш орқали муаммоларни ҳал этиш платформасига айлангани қайд этилди. Минтақадаги шароитлар хилма-хил бўлса-да, Марказий Осиёнинг барча давлатлари ижтимоий-иқтисодий беқарорлик ва радикал ғоялар тарқалиши каби умумий тўсиқларга дуч келмоқда.
Форумнинг асосий сессияси Марказий Осиёнинг турли давлат идоралари вакилларини бирлаштирган ва ёшлар бандлигини зўравонликка асосланган экстремизмнинг олдини олиш учун муҳим стратегия сифатида кўриб чиқди.
Шунингдек, тадбир зали файесида ташкил этилган ўйин кўргазмаси, ёшлар томонидан қўлда тайёрланган маданий ашёлар намойишида ҳар бир давлат вакиллари ўз тарихи, анъанасини акс эттирган жиҳатлари билан ажралиб турди. Жумладан, Ўзбекистон креатив иқтисодиёт йўналишида стартап-лойиҳаларни, рақамли платформалар яратишга қаратилган кўргазма павильони билан иштирокчиларни ҳайратга солди.
Тадбирнинг иккинчи куни ҳам ёшларнинг очиқ мулоқоти, нетворкинг сессиялар ва маданий объектларга саёҳат билан қизғин давом этди.
Беҳруз Худойбердиев,
Улуғбек Тўхтаев (видео),
ЎзА
- Қўшилди: 31.10.2024
- Кўришлар: 975
- Чоп этиш